Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:27

Бухоро яҳудийлари ҳақида ҳикоялар


Бухоро яҳудийларининг ўзбек маданиятига қўшган ҳиссаси санъатшунослар томонидан юксак баҳоланади.
Бухоро яҳудийларининг ўзбек маданиятига қўшган ҳиссаси санъатшунослар томонидан юксак баҳоланади.

Туркистон ҳудудида яҳудийларнинг қандай ерлашгани ҳақида турли тахмин ва афсоналар бор.Бу тахминлар ичида тарихчилар тарафидан эътироф қилинадиганига кўра¸ Ассуриядаги қирғинлар боис яҳудийларнинг бир қисми Эрон орали қочиб ўтиб бугунги Ўзбекистон ҳудудларига келиб ерлашган.


Яҳудийларнинг нажот қалъаси

Яҳудийлар Буxорога Ассуриядаги қатағонлардан Эрон орқали қочиб келиб нажот излагани айтилади.

Буxоро яҳудийлари атамаси биринчи бўлиб 16-асрда пайдо бўлгани айтилади.

Инглиз миссионери Вольф амир Насруллахон ҳукмронлиги даври (1826—60)да Бухорода 10 минг яҳудий яшаганлигини кўрсатиб ўтган.
Аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, 1926 йилда Ўзбекистонда 18 172, 1989 йилда эса 28 369, шу жумладан Бухорода 4200 Буxоро яҳудийлари яшаган..

Бугунга келиб Бухоро яҳудийлари деб ном олган бу жамоа илк даврларда Самарқандда яшагани айтилади.

Миллати яҳудий бўлган испаниялик саёҳатчи Бениамин де Туделнинг маълумотига кўра, 1165 йилда Самарқандда 30 мингга яқин яҳудий истиқомат қилган.

XVIII асрнинг ўрталарида Нодиршоҳ (1736-1747) Самарқандни босиб олганда унинг лашкарлари орасида, яҳудийлар бўлгани айтилади.

Кейинчалик улар Самарқанднинг Шоҳ-Каш, Чор-Рага, Новадон, Қўшҳовуз каби гузарларида яшаб қолганлар. Бухоро ҳукумати Нодиршоҳ даврида яҳудийларга нисбатан юмшоқ муомалада бўлгани ҳам айтилади.

Туркистон Россия тарафидан ишғол қилинганидан кейин рус шарқшунос олимлари аҳоли таркибидаги яҳудийларнинг ҳам турмуш тарзларини ўрганишган. Уларга кўра яҳудийлар барчалари бир мавзега жам бўлиб яшашни хоҳлаганлар.Бухорода ҳам, Шаҳрисабз, Каттақўрғон, Кармана каби вилоятларида ҳам яҳудийлар мусулмонлардан ажралган ҳолда яшар эдилар.

"Бизгача етиб келган мана бу маълумот эса яҳудийлар маҳаллалари қандай ташкил бўлганига мисол бўлади"¸ дейди Бухоро яҳудийлари тарихи бўйича америкалик тадқиқодчи Иммануел Рибаков Озодлик билан суҳбатда.

- 1843 йилнинг баҳорида маҳаллий яҳудийларга Самарқанднинг шарқий қисмидан 2,5 гектар жойни 10 минг кумуш тангага сотиш ҳақидаги шартнома тузилди. Бу шартномани яҳудийлардан 32 киши имзолади, давлат унинг ҳақиқийлигини тўрт муҳр билан тасдиқлади. Шундай қилиб, яҳудийлар ўзларининг биринчи маҳаллаларига эга бўлдилар.

Паст назарга нойил бўлганлар

Айни пайтда Бухоро яҳудийлари Бухоро амирлигида камситилган эдилар¸ дейди Рибаков "Улар жузя солиғига тортилганлар¸чопонлари устидан арқон боғлаб юришган. Мусулмон кишини кўрганда¸ уларга от ë эшакдан тушиб яëв юриш мажбурияти юкланган."

Рибаковга кўра¸ совет даврига келиб бу камситишлар бошқа бир тарзда намоëн бўлган.

- 1937 йилдаги сталинча қатағон даврида 1000 га яқин Бухоро яҳудийси ҳибсга олинган, синагогалар, яҳудий мактаблари, театр, музей ва газеталар ёпилган.Қатағондан олмон қолган Бухоро яҳудийлари этикдўзлик¸сурат олиш¸кинометография каби соҳаларнинг етук мутахассислари сифатида танилди.

Шунингдек улар савдо, мусиқашунослик, артистлик, ҳунармандчилик бўлиб, кейинчалик маиший хизмат, педагоглик соҳалари, муҳандис, врачлик касбларини эгаллашган. Бухоро яҳудийлари орасидан фан ва маданиятнинг йирик арбоблари етишиб чиққан: фан докторлари — профессор Исҳоқов, Калантаров, Пинхасов, Маллаев; композиторлар — Левиев, Юдаков; рассомлар — Елизаров; Ўзбекистон халқ артистлари — Бобохонов, Давидова, Оқилов, Ёқубова, Шамаева шулар жумласидандир.

Сусамбил истаги

Ўтган асрнинг 70- йилларидан бошлаб Ўзбекистондаги Бухоро яҳудийлари Исроилдаги тарихий ватанларига кета бошлашди.
Ўтган асрнинг 90-йилларига келиб бу жараëн оммавий тус олди. Қадим яҳудий маҳаллалари бўшаб қолди.

АҚШда чоп қилинадиган "The Bukharian times" газетасининг муҳаррири асли самарқандлик Рафаел Некталов Озодлик билан суҳбатда яҳудийларни колибри қушларига менгзайди. Қаерда яхши ҳаëт бўлса¸ ўша ерда яшашади¸ деб айтди.

Бухоро яҳудийлари ўзлари билан бирга тор ва рубобларини¸ошпазлик ва тужжорлик маҳоратларини Исроил ва Америкага олиб кетишди. Биргина Ню -Йорк шахрининг ўзида иккита Бухоро яҳудийларининг театри ишлаб турибди.

Бу театрларнинг бирида Бухоро амирининг саройдаги қўшиқчиси Левича Бобохоновга бағишланган спектакл қўйилмоқда.

Яҳудийларсиз Бухоро

Амир саройининг севимли хонандаси¸бухоролик Шаляпин номи билан машхур бўлган Левича Бобохоновнинг невараси 75 яшар Мира Бойбачаева Бухорода қолаëтган саноқли яҳудийлардан биридир. Мира Бойбачаева Бухородаги Яҳудий марказида Иврит тилидан дарс беради.

- Мени ота боболаримни ота боболари ҳам Бухорода яшашган¸ мен она томондан Левича Бобохоновга невара бўламан. Уйда қадимги грампластинкалар бор. Ўша грамластинклар орқали Левича Бобохонов ашулалари билан қулоғим қонган. Афсус¸ аксарият яҳудийлар Бухородан Америка ва Исроилга кетиб қолишди. Яқиндагина Бухорода 15 минг яҳудий бор эди. Ҳозир озгина қолди. Ашкенази (2-жаҳон уруши даврида Европадан Бухорога кўчиб келган яҳудийлар) яҳудийларини ҳам қўшганда 500 кишидан ҳам оз одам қолди.

Мира Бойбачаева ҳам Бухорода қолмоқчи эмасдай туюлди бизга. Умрининг 75 йили ўтган Бухорони ташлаб кетиш ë кетмаслик танлови Мира опанинг ҳам олдида турибди.

- Энди болаларим қандай қарор қилса¸ шу. Ë Исроилга ëки Америкага кўчиб кетаман. Ўзи қариндошларимни ҳаммаси ана шу икки ўлкада яшайди. Мен ўтирибман бу ерда шўппайиб¸ дейди Мира опа.

Айни пайтда Мира Бойбечаеванинг бобоси Левича Бобохонов номига Бухорода кўча қўйилган¸ Бухородаги яҳудий қабристонида эса "Бухоро Шаляпини" деб донг чиқарган ҳофиз қабри бор.

Левича Бобохонованинг набираси Мира опа Бухорода "Жугуд маҳалла" деб аталадиган қадимий масканда яшайди. Сал нарида канисо. Яҳудийларнинг ибодатгоҳи. Довуднинг олти қирали юлдузи Бухоро зардўсида тўқилган бу канисо ичида Исроил байроғи ҳам осиғлик. Бу ибодатгоҳ Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган 8та синагогадан бири.

- Совет пайтида бизга ибодат учун изн йўқ эди¸ аммо доимо ибодатда бўлганмиз¸ ҳозир мана канисо бор ўша ерда яҳудийлар ибодат қилади¸ дейди Мира опа.

Бухороликлар океан ортига кетган яҳудий қўшниларини соғинмоқда¸ дейди Мира опа.

- Улар биз пиширадиган балиқни¸ қоп ичида пиширадиганимиз паловни соғинмоқда. Уста ошпазлар¸ қандолатфуруш¸ этикдўзу¸сартарошларни соғинишмоқда.

Физикада бордан йўқ бўлмайди¸ деган гап бор¸ Мира Бойбачаева айтган ошпазлару¸қандолатфуруш¸ этикдўзу¸сартарошлар бугун ўз касбларини Америкада давом эттиришмоқда. Грин карта ютган ўзбеклар ҳам улар очган этикдўзлик устахоналари ва кабобхоналарига дастëрликка ишга киришмоқда.

Бу энди кейинги ҳикоямиз мавзуи.
XS
SM
MD
LG