Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:56

Россия Черномырдин билан видолашди


Ўлимига қадар Виктор Черномырдин президент Медведевнинг маслаҳатчиси бўлиб ишлади.
Ўлимига қадар Виктор Черномырдин президент Медведевнинг маслаҳатчиси бўлиб ишлади.

Россия катта сиëсатидаги катта ўйинчилардан бири¸ дунëдаги энг улкан ëнилғи ширкати “Газпром” асосчиси¸ Россия иқтисодини СССР қулашидан сўнг юзага чиққан хаосдан омон олиб чиқа олган собиқ Бош вазир Виктор Черномырдин 73 ëшида оламдан ўтди.


Россия собиқ Бош вазири Виктор Черномырдин 3 ноябр саҳарда узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этди.

СССР қулаганидан бери ўтган қарийб 20 йиллик Россия тарихида энг узоқ муддат Бош вазир лавозимида ўтирган шахс ҳисобланган Черномырдин¸ унинг бугунги ҳамкасби Владимир Путиннинг таъкидича¸ Россияни иқтисодий бўҳронга ем бўлишдан сақлаб қолган катта сиëсатчилардан биридир.

- Виктор Степанович¸ шубҳасиз жуда йирик сиëсий арбоб ва Россиянинг ҳақиқий ватанпарвари эди. У Россия давлатчилиги¸ Россиянинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиëти ва унинг дунëдаги ролини кучайтириш учун жуда кўп иш қилди¸ деди Черномырдин ўлими муносабати билан гапирган Владимир Путин.

Виктор Черномырдиннинг оламдан ўтгани хабари пайдо бўлиши билан¸ собиқ Бош вазирнинг дўст ва мухолифлари бирдек унинг хизматлари¸ хусусан Россияда бозор муносабатларига асосланган иқтисод заминини яратиш ҳаракатларига юқори баҳо беришга киришдилар.

Черномырдинга ўринбосарлик қилган Анатолий Чубайс ҳам уни нафақат Россия давлатчилиги¸ балки халқи учун ҳам катта ишлар қилган сиëсатчи дея атади.

- У халқ сиëсатчиси эди. Агар Черномырдин бўлмаганида¸ бугун мамлакатимиздаги ҳаëт бутунлай бошқача бўлган бўларди¸ деди собиқ Бош вазирнинг собиқ 1-ўринбосари Чубайс.

Россиялик сиëсатчилардан бири Владимир Рыжков 90-йиллар ўрталарида “Россия бизнинг уйимиз” партияси сафида Черномырдин билан ишлаган йилларини “ажойиб давр” дея атайди.

У фавқулодда ҳалол одам эди. Фавқулодда маъсулиятли¸ ниҳоятда меҳрибон одам эди. Ëнида шунча юриб¸ унинг бировга овозини кўтариб гапирганини эшитмадим¸ дейди Рыжков.

Кўпинча¸ совет услубидаги зерикарли сиëсатчи сифатида кўрилган Виктор Черномырдин¸ россияликлар орасида маталга айланган гаплари билан шуҳрат топган эди.

Черномырдиннинг “Яхшироқ бўлсин деган эдик¸ аммо ҳар доимгидек чиқди”¸ “Тахминан¸ иккита ўғлим бор”¸ “Бутун умрим нефт ва газда ўтди” каби гаплари бугун россияликлар орасида кулгу билан айтиладиган афоризмга айланиб кетган.

Черномырдин собиқ президент Борис Ельцин даврида - 1992 – 1998 йилларда Россия Бош вазири бўлиб ишлаган.

Ундан аввал эса Черномырдин ўзи асос солган "Газпром" ширкатининг раҳбари бўлган.

2001 йилда Россиянинг Украинадаги элчиси этиб тайинланган Черномырдин¸ 2009 йилда президент Дмитрий Медведевнинг МДҲ давлатлари билан иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи этиб тайинланган.

Виктор Черномырдин вафоти муносабати билан Беларус, Қозоғистон, Озарбайжон, Украина президентлари, шунингдек, Россия вилоятлари раҳбарлари, депутатлар, таниқли сиёсатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари таъзия изҳор қилдилар.

Черномырдин жума куни Москвадаги Новодевичье қабристонига дафн қилинади.

Россия президенти Дмитрий Медведевнинг фармонига кўра, Виктор Черномырдинни дафн этиш маросимини ташкиллаштириш учун давлат комиссияси тузилди.

Дафн маросими телевидение орқали бевосита кўрсатилади.
XS
SM
MD
LG