Линклар

Бир неча ойдан буён Ўзбекистонда давом этаётган бензин танқислиги самолётда учувчи йўловчиларга ҳам таъсир этмай қолмади. Аммо авиачипталар нархлари кўтарилганига қарамай, самолётда учмоқчи бўлганлар сони камайгани йўқ.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг авиачипта нархи анчагина қиммат бўлса-да, бугунги кунда нафақат тадбиркорлар, балки оддий меҳнат муҳожирлари ҳам ўз манзилига самолётда етиб олишни афзал кўради.

- Авиачипта нархи 575 минг эди. Одамлар кўп эди. Ҳаммаси гастарбайтер, четга чиқиб ишлайдиганлар эди. Масалан, Россияга, - деди айни пайтда Россия пойтахтида ишлаётган меҳнат муҳожирларидан бири Бухоро-Москва рейсига чиптани бу гал 623 минг сўмга сотиб олганини айтаркан.

У самолётда учиш қиммат бўлса-да, иш жойига етиб олиш хавфсизроқ бўлгани боис авиачиптани танлаганини қўшимча қилади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси матбуот хизмати хабар қилишича, шу йилнинг 9 ойида йўловчиларни ташиш бўйича 17 минг 808 та қатнов бажарилган. Шунингдек, бу давр ичида 1 миллион 604 йўловчи авиахизматдан фойдаланган. Бу ўтган йилгига қараганда 15 фоизга кўпдир.

- Ёқилғи нархи ошиб кетди, ҳам танқис бўлиб қолди. Озгина қийинчилик туғилгани учун бўш кетадиган самолётлар бор - ўшалар қисқартирилган. Шунинг эвазига қатнов кам бажарилди, лекин йўловчи кўп ташилди. Бўш кетадиган рейслар қайси эканини алоҳида айта олмаймиз. Кўпроқ республика ичидаги рейслар қисқарган. Хорижга бажариладиган рейсларни частотаси уч марта бўлса, икки мартага туширилган, - деди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг матбуот хизмати ходими.

Унга кўра, ҳозирда ҳар бир авиакомпания ёқилғи танқислиги боис ўз ишини қайта кўриб чиқиб, кам харажат сарфланиши учун шундай қарорни қабул қилмоқда.

Шу билан бирга, матбуот хизмати ходимининг айтишича, Ўзбекистонда юк ташиш хизмати икки баробарга ошган. Бунинг сабаби, “Ўзбекистон хаво йўллари” расмийсига кўра, Навоийда ҳалқаро юк ташиш тизими ишга туширилганидадир.

- Олдинги йилнинг тўққиз ойига нисбатан икки баробарга кўпайган, - деди авиакомпаниянинг матбуот хизмати вакили учоқ орқали ташилаётган юк ҳажмини назарда тутаркан.

Ўзбекистонда ёқилғи танқислиги боис самолётлар келгуси йилнинг 1 мартига қадар кам қатнаши маълум бўлди.

Шу йилнинг 31 октябридан эътиборан “Ўзбекистон хаво йўллари” қишки жадвалга ўтган.

Самолёт қатновини камайтириб, авиайўловчилар сонини кўпайтириш эвазига ёқилғи қимматлигини қоплашга ҳаракат қилаётган миллий авиакомпания мутасаддилар йўловчилар учун чипта муаммоси пайдо бўлмаслигига ваъда бермоқдалар.
XS
SM
MD
LG