Линклар

logo-print

Афғонистонда тожик қизларини ўғирлаган бангфурушлар ушланди

  • Гулнора Равшан

Кузатувчилар фикрича, тожик-афғон чегараси банг моддалари олиб ўтиш ва одам ўғирлашда "заиф ҳалқа" бўлиб қолмоқда.

Кузатувчилар фикрича, тожик-афғон чегараси банг моддалари олиб ўтиш ва одам ўғирлашда "заиф ҳалқа" бўлиб қолмоқда.

Афғонистон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Тожикистон ҳудудида одам ўғирлаганлик ва наркотик моддалар ноқонуний савдосида айбланаётган олти нафар кишидан шу кунгача уч нафари қўлга олинганини билдирдилар.

Хавфсизлик қўмитаси ходимларига кўра, ҳозирда тергов изоляторида сўроқ қилинаётган бу наркогуруҳ аъзоларининг номлари эълон қилинмайди.

Қўмита вакиллари Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда бу одамлар 7 нафар тожикистонлик қизни қора дори эвазига Тожикистон жанубидан гаровга олиб кетганликда айбланаётганини билдирганлар.

Айтилишича, айни жиноятда айбланаётган наркогуруҳ аъзоларининг номи битилган рўйхатни Имомали Раҳмон шу йил 26 октябрида Афғонистонга сафари чоғида президент Ҳамид Карзайга топширган.

Буни Афғонистоннинг Бадахшон вилояти хавфсизлик идораси расмийси генерал Оқо Нур Кинтуз ҳам тасдиқлайди.

- Ҳақиқатдан ҳам тожик президенти томонидан Карзай жанобларига топширилган рўйхатда номи келтирилмиш 6 нафар афғон фуқароси Афғонистон ва Тожикистондаги вазиятни беқарорлаштириш, 7 нафар тожикистонлик қизни ўғирлаганлик ва Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси вақтинча сақлаш ҳибсхонасига ҳужум уюштирганликда айбланади. Ҳозиргача улардан уч нафари қўлга олинди ва дастлабки терговда уларга қўйилаётган айблар тасдиғини топди, - дейди Оқо Нур Кинтуз.

Афғон генерали айни кунларда тожикистонлик қизларни ўғирлаб кетганликда айбланаётган яна уч нафар жиноятчи қидирувда эканини қўшимча қилди.

Айни пайтда Тожикистон президенти матбуот хизмати масъуллари президент Имомали Раҳмон Афғонистон давлат раҳбари Ҳамид Карзайга шундай бир рўйхатни топширганидан хабарсизликларини айтдилар.

Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитасининг исмини айтмаган масъулларидан бири ҳақиқатан бир ой илгари Афғонистон билан чегарадош Шўробод тумандаги бир гуруҳ кишилар чегара қўшинлари, миллий хавфсизлик идораси ва президент номига хат битиб, афғонлар томонидан ўғирлаб кетилган яқинларини қайтаришга кўмаклашишни сўраганларини билдирди.

“Аммо, - дейди ўзаро суҳбатда тожикистонлик чекист, - ҳозиргача афғон тупроғига олиб кетилган қизлар тақдири номаълумлигича қолмоқда”.

Шўробод туман ички ишлар бошқармаси расмийси Шариф Наимов тожикистонлик фуқароларни гаровга олиш ҳолатлари Афғонистонга чегарадош ҳудудларда кўпроқ қайдга олинаётганини маълум қилди.

Расмийнинг айтишича, яқинда афғонистонлик наркогуруҳлар томонидан олиб кетилган Кўлоб минтақаси фуқароларидан икки нафар фуқаро музокара йўли билан озод этилган.

- Улар Зайдулло Сафаров ва Исроил Розиқовлардир. Албатта гаровга олинган фуқароларимизни озод этиш жараёни жуда қийин кечади. Лекин биз барча чораларни ишга солиб, уларнинг ҳаёти учун курашамиз, - деди Шўробод туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи Наимов жаноблари.

Мустақил таҳлилчилар бугунги кун оғриқли муаммоларидан бирига айланиб қолаётган халқаро наркогуруҳларга қарши курашда Тожикистон ва Афғонистон хавфсизлик ходимлари заифлик қилаётганини урғуламоқдалар.
XS
SM
MD
LG