Линклар

logo-print

Европа ҳуқуқ фаоллари ўзбек пахтаси харидорларини айбламоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Европалик фаолларга кўра¸ болалар меҳнати эвазига терилган пахтани сотиб олаëтган Ғарб ширкатлари бундай ҳақсизликни рағбатлантирмоқдалар.

Европалик фаолларга кўра¸ болалар меҳнати эвазига терилган пахтани сотиб олаëтган Ғарб ширкатлари бундай ҳақсизликни рағбатлантирмоқдалар.

Германиядаги инсон ҳуқуқлари учун курашувчи ноҳукумат ташкилоти ўз ҳамкорлари билан биргаликда Ўзбекистондан пахта сотиб олаётган Европадаги еттита ширкат устидан Европа Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига шикоят қилди.



Берлинда жойлашган Конституциявий ҳуқуқ ва инсон ҳақлари учун Европа марказининг даъво қилишича, Британия, Франция, Швейцария ва Германиядаги айрим ширкатлар Ўзбекистон пахтасини сотиб олиш орқали бу мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланишни рағбатлантирмоқда.

- Ўзбекистон пахтасини сотиб олган ширкатлар нафақат арзон болалар меҳнатидан наф кўради, балки Ўзбекистон ҳукуматини болалар меҳнатидан фойдаланишни рағбатланирадилар, дейди ташкилот фаоли Мериам Сааж-Маас.

Европа Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти корпоратив ахлоқ меъёрларини ишлаб чиққан ва ана шу меъёрлар доирасида ширкатлар инсон ҳуқуқларига риоя қилишлари лозим.

Конституциявий ҳуқуқ ва инсон ҳақлари учун Европа марказининг даъво қилишича, Европадаги еттита ширкат, жумладан Швейцариядаги Paul Reinhart AG, ECOM Agroindustrial Ltd., Франциядаги Devot SA, Германиядаги Otto Stadtlander GmbH ҳамда Буюк Британияда рўйхатдан ўтган яна учта ширкат Европа Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти меъёрларини бузаяпти.

- Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатидан фойдаланишини тўхтатиш учун, энг аввало бу мамлакат пахтасини сотиб олаётган ширкатлар болалар меҳнати қабул қилиб бўлмас ҳол дея, уни сотиб олишдан бош тортишлари керак, дейди Британиядаги қулликка қарши курашувчи Anti-Slavery International ташкилоти фаоли Жоанна Эварт-Жеймс.

Шу пайтгача, “Wal-Mart”, “Marks & Spencer”, “TESCO”, "H&M" каби кийим-кечак савдоси билан шуғулланадиган йирик ширкатлар мажбурий болалар меҳнати воситасида териладиган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган. Бу ширкатлар ўзлари ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга ўзбек пахтаси аралашиб қолмаслигини таъминловчи тизимни ҳам йўлга қўйган.

Айни пайтда Европа Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида бу каби шикоятларни кўриб чиқиш узоқ жараён ҳисобланади. Ширкатлар бунинг учун ҳеч қандай юридик жавобгарликка ҳам тортилмайдилар. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари бу ишни охиригача олиб бориш аҳдидалар.

- Биз шикоят аризаларимиз билан охиригача борамиз, орқага чекиниш йўқ, дейди Мериам Сааж-Маас.

Швейцариядаги Paul Reinhart AG, ECOM Agroindustrial Ltd. ҳамда Германиядаги Otto Stadtlander GmbH ширкатларидан ҳуқуқ ҳимоячиларининг шикоятлари юзасидан бирон изоҳ ололмадик.

Ўзбек пахтасига бойкот қилиш бўйича чақириқларнинг жаҳон бозорида пахта толасининг нархи рекорд даражада кўтарилган бир пайтда самарали бўлиши савол остида.

Шу йил октябр Тошкентда ўтган пахта ярмаркасида қатнашган 300дан зиёд ширкат 500 миллион долларга шартномалар имзолангани ҳақида хабар қилинди. Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирлиги бугунги кунда ўзбек пахтасининг асосий харидорлари ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG