Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:39

Ҳокимлар аксил-монополия қонунларини бузган эмиш


Президентнинг кўзини қувнатиш учун қишлоқларда қурилган ипотека уйларига харидор топилмагач¸ айрим ҳокимлар бу уйларни тадбиркорларга зўрлаб ўтказишга уринмоқда¸ дейди Озодлик манбаларидан бири.
Президентнинг кўзини қувнатиш учун қишлоқларда қурилган ипотека уйларига харидор топилмагач¸ айрим ҳокимлар бу уйларни тадбиркорларга зўрлаб ўтказишга уринмоқда¸ дейди Озодлик манбаларидан бири.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимият томонидан тадбиркорлик субъектлари пул маблағларининг тадбиркор розилигисиз бошқа объектларга жалб қилиниши бўйича 40 та факт ошкор қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар тарқатди.



Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасинингмонополияга қарши ҳудудий идоралари шаҳар, туман ҳокимиятлари чиқарган 44443 та қарор ва фармойишни инвентаризация қилиб чиқди. Бу Ўзбекистон республикасининг “Товар бозорларидаги монопол фаолиятнинг рақобати ва чекловлари ҳақида”ги Қонуни асосида амалга оширилди.

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси сайти берган маълумотга кўра, бирор бир тадбирни уюштириш ёки бошқа хил маросимлар учун тадбиркорлар “ҳомий” сифатида пул маблағлари ўтказишга мажбур қилинган.

Инвентаризация чоғида монополияга қарши қонун талабларига зид келадиган 40та қарор ва фармойиш ошкор қилинганлиги айтилади.

Масалан, дейилади бу хабарда, Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани ҳокими қарорига кўра, бир қанча хусусий тадбиркор ва фермерлар зиммасига “Камолот” ташкилоти туман бўлими раисининг академиядаги ўқишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Биз бу ҳақда кенгроқ маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг матбуот хизмати раҳбари Дилором Раҳимова билан боғландик. Бироқ, матбуот хизмати раҳбари ҳозир қўмита мутахассислари муҳим ишлар билан банд эканлигини айтди.

Озодлик радиоси суҳбатлашган ўзбекистонлик тадбиркорлар Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ошкор қилган бу 40та қонунбузарлик ҳолати хамир учидан патир эканлигини айтмоқдалар.

Наманган шаҳрида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган, исмини ошкор этишни истамаган тадбиркорнинг айтишича, агар Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳокимларнинг ишбилармонларга берган барча оғзаки буйруқларини инвентаризация қилиб чиққанда эди, қонунбузарликлар 40 томли китобга ҳам сиғмаган бўларди:

- Бу жуда кўп бўлади, постояннаку бунақа нарсалар. Озгина ишлаб, янгилик киритиб ишлаб чиқариш қилсангиз, дарров ҳокимиятдан буйруқлар келадики, “мактабни ремонт қилиб берасан, болницани ремонт қилиб берасан. Йўл қурилишига пул берасан”. Ўзи буларга бюджетдан пул ажратилганку. Ишлаб чиқариш, заправка, фирма борми, давлат корхонаси борми юриб турган бўлса, шап этиб бўйнига қўйилади. Қани бажармай кўрсинчи, эртага идорасини солиқчилар босади, дейди тадбиркор.

Тадбиркор куни-кеча эшитган бир воқеани бунга мисол қилиб келтиради:

- “Амир” деган пойабзал тикадиган фирма бор. Шу бугун эшитдим. Ҳозир уйлар бузилиб янги коттежлар қурилаëтган эканку. Ўша “Амир”да ишлайдиган бошлиққа Нориндан битта шундай коттежни сотиб оласан, деб ҳоким мажбурлабди. “Нимага мен оламан? Нориндан менга керак эмас. Шаҳарда яшаб қишлоққа бормайманку” деса, оласан деб мажбурлабди.Бу уйлар 100 миллион атрофида туради. Кейин қарироқ бир отасини ҳокимиятга олиб борибди. Отаси “Менга уй-жой керак эмас. Берсанг, шаҳардан бер. Менга Нориндан керак эмас. Бўлмаса мен президентга бораман” дебди. Кейин “Бўпти, сизникини тўхтатиб турамиз” деб чиқариб юборишипти, дейди наманганлик тадбиркор.

Бухоро шаҳридаги “Send-silk” фирмаси раиси Акашариф Сайфиев бу фикрларга қўшилмайди. Унинг айтишича, ҳокимлар солиқдан даромадларини яширадиган тадбиркорларгагина шундай “тарбиявий” чоралар қўллашади:

- Мана шу ҳақиқатан бу нарсалар давлатдан солиғини яшириб, тадбиркорлик қиладиганлар борку, ана шуларга яхшилик бўлсин деб, ўша қамалиб кетмасин деб, қилиняпти. Қонунбузарликку бу солиқни яшириш, ана шулар ўзига фикр қилсин, тарбия топсин деб қадимий жойларимизни тузаттиришяпти, лекин мажбурий ҳеч қаерда йўқ. Фақат ихтиëрий бўлаëтган ишларда қатнашаяпти тадбиркорлар. Ҳеч бунақа гап йўқ лекин. Хабарим йўқ лекин. Шунақа топшириқ бўладиган бўлса, бизнинг шаҳримиз жуда қадимий шаҳар, мен фахр билан бунақа ишларни қиламан,дейди Бухоро шаҳридаги “Send-silk” фирмаси раиси Акашариф Сайфиев.

Узоқ йиллар Андижон шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланган Насрулло Мақсудов фкирича, ўзбекистонлик ҳокимларнинг қонундан ташқари ишбилармонларни “хайрия” мақсадларига мажбур қилиши одатий ҳолга айланган:

- Буйруқ бераверади. Энг аввало бизнинг халқимизнинг тушунчаси ўзгариши керак. Тушунчаси ўзгармаса, халқимиздан чиққан лидерлар, ишбилармонлардан чиқиб қоладими, зиëлилардан чиқадими, инженерлардан чиқиб қоладими, раҳбарлар ўзи аслида улар халқнинг хизматчиси эканлигини тан олмаса ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Хизматчи деб олдин айтиларди, идорада ишласаки, уларни хизматчи дер эди. Чунки улар халқнинг хизматини қилувчилар бўлиши керак ўзи аслида. Тушунча бошқача бўлганлигидан ким шунақа идорага кириб ўтириб қолса, худди хўжайиндай бўлиб олаяпти. Аслида раҳбар йўлбошчи бўлиши керак. Бу балки ҳамма ерда бордир, лекин бизлар Ўзбекистонни кўпроқ билганимиз учун Ўзбекистонимизни таққос қилиш учун кўрганларимизни айта оламиз, дейди Насрулло Мақсудов
XS
SM
MD
LG