Линклар

Пампарайра. Ўзбек поэтик киносининг атак-чечак қилган даврларида суратга олинган “Алвидо ëшлик” филмининг қаҳрамонлари тилидан янраган хиргойи бу. Бу филм ўзбек киноси нафақат маузер тутган босмачилар ҳақида, балки ëш ўсмирнинг кўкламдаги изтироблари ҳақида ҳам асар ярата олишига мисол бўлди.


"Жаноб ҳеч ким"


Ўзбек киночиси Мирмақсуд Охунов суратга олган “Жаноб ҳеч ким” филми Россиянинг Анапа шаҳрида ўтган “Киношок” фестивалининг “томошабинлар симпатияси” деб номланган совринини қозонди.

“Киношок” фестивали ишида қатнашган таниқли киномунаққид Гулнора Абикеева Анападаги кинотеатрни лиқ тўлдирган жамоа “Жаноб ҳеч ким” филмини мароқ билан кўргани ва томоша сўнгида узоқ вақт гулдурос қарсаклар чалганини айтади.

- Мен атайлаб филм бошланадиган пайтда залга кириб бордим. Зал лиқ тўла эди. Игна ташласангиз, ерга тушмайди. Томошабинлар филмни қизиқиб томоша қилишди. Бир етим қариндошнинг бой тоға уйида тинимсиз меҳнат қилиши, раҳмат эвазига лаънат эшитиши¸ рус томошабинлари юрак торларини чертди. Бу худди “Золушка” эртагининг ўзи, аммо “Золушка” эркак киши. Яширмайман, бу филм мени ҳам мафтун қилди, дейди таниқли киномунаққид Гулнора Абикеева.

Филм кичкина одамнинг катта инсоний фазилатга эга бўлиши, камбағал одамнинг бойлардан кўра руҳий саҳийлиги ҳақида. Етим боланинг бой оилада қилган тақдирланмaган хизматлари ҳақида. "Зумрад ва Қиммат", "Золушка" ëки "Оппоқойим" эртагининг замонавий талқини. Йўқсулнинг бойга эврилиши, ҳеч кимнинг аллакимга дўниши. Меъморлар кераксиз деб топган тошнинг қаср пештоқидан ўрин олиши.....

Эски, агар таъбир жоиз бўлса, сийқа мавзу. Кино санъатининг дарғаси Чарли Чаплин “Катта шаҳар чироқлари” филмида кичкина одамнинг катта изтиробларини акс эттирган эди. Ҳинд киночиси Раж Капурнинг “Дайди”, “Менинг исмим масхарабоз” филмида ҳам айнан жамият четга сурган, йўқсиллик, иложсизлик қудуғининг энг тубигача тушган, атрофдаги тўқ кимсаларнинг такаббур нигоҳлари найзадай тешган кичкина одамнинг катта дардлари акс этади. Бу мавзуни 1957 йилда италиян киночиси Федерико Феллини ҳам “Карибия оқшомлари” филми орқали юқори чўққига чиқарди.

Хуллас, бу мавзуга қўл урган ўзбек режиссëри Мирмақсуд Охунов олдида иккита муҳим вазифа турди.

Биринчиси, ўта арзон филм қилиш. Сабаби саноғлик пул бор холос.

Иккинчиси, мавзунинг Чарли Чаплин ҳам, Капур ва Феллини ҳам топмаган қиррасини очиш.

Киномунаққид Гулнора Абикеева назарида режиссëр Мирмақсуд Охунов бу икки вазифани ҳам уддалаб, Ўзбекистондай ëпиқ давлатдаги ижтимоий тенгсизлик муаммосини шивирлаб бўлса ҳам айта олди.

Филмдаги янги замонда бойиган уй бекаси ўзини аслзода ҳис қилиб “хоним” дея чақирилишини истайди. “Хоним”нинг эри бу гапга энсаси қотиб “Қачондан бери “хоним” бўлиб қолдингиз, пистачининг қизи”, деб танбеҳ беради.

Мунаққидлар назарида, филм ўзидан бойроқнинг оëғини ялаб ва ўзидан пастни шафқатсиз таҳқирлайдиган “янги ўзбек”лар юзидаги ниқобни сидириб ташлайди.

Филмда бош ролни ўйнаган Алишер Узоқов (Ҳофиз Маъмуржон Узоқовнинг невараси) бу киноасар орқали элга танилганидан хурсандлигини айтади.

- Мени кўпроқ танитган “Телба” филми билан “Жаноб ҳеч ким” деб ўйлайман, дейди Алишер Узоқов.

“Бу кино Ўзбекистон ичида кўп ëшларнинг севимли филмига айланди, аммо мамлакат ташқарисидагилар бу филмни кўрмаган бўлиши мумкин. Шу боис филм ҳақида икки оғиз гап айтсам”¸ дейди Алишер Узоқов.

- Ўзининг номи билан “Жаноб ҳеч ким” деб қўйган. Ўша инсон ëшлигидан қанақадир ëмон атмосферада улғаяди. У бир бола ҳеч ким бўлиб туриб, бутун бир бошли оиланинг тақдирини қутқариб қолади охир-оқибат. Шундан кейин у “Жаноб ҳеч ким”га айланади, дейди Алишер Узоқов.

Алишер Узоқов бу филмни яратишда устозлар ўгити асқотганини айтади.

- Шу институтдаги домлаларим. Менга институтда устозим Маҳмуд Рашидов дарс берганлар, дейди Алишер Узоқов.

Алишер Узоқов бош ролни ўйнаган филм интернет порталларию компакт дисклар воситасида мамлакат ташқарисидаги миллионлаб ўзбеклар тарафидан ҳам томоша қилинди. Мен ана шу мухлисларимни олқишлайман, дейди “Жаноб ҳеч ким” ролининг таниқли ижрочиси.

- Тингловчиларга, чет элдаги ҳамма бизларнинг мухлислар ҳар доим соғ бўлиб юришсин. Чет элда бўлишса ҳам бизлар билан ҳар доим бирга улар. Шуни эсдан чиқаришмасин. Биз нафақат ўзимиздаги¸ балки чет элдаги юртдошларимизга ҳам яхши-яхши кинолар ишлашга ҳаракат қилаверамиз, дейди Алишер Узоқов.

“Жаноб ҳеч ким” филмида ўзбек жамиятидаги гиëҳвандлик, ижтимоий тенгсизлик, етим ҳақига хиëнат каби шу пайтгача мамлакат ичкарисида айтилмаган ҳолатлар ўз аксини топган, дейди киномунаққид Гулнора Абикеева .

- Ўзбекистонда ижтимоий муаммолар одатда кино мавзуси қилинмайди, аммо бу дегани бундай муаммоларнинг йўқ деган эмаску. Ўзбекистон жамияти кескин қутблашиб ўта камбағал ва бир ҳовуч бойлар жамиятига айланди. Кимдир қашшоқликка кўниб, кимнингдир эшигида қарол бўлмоқда. Мирмақсуд Охунов суратга олган филмда Ўзбекистондаги мана шу муаммолар ўз аксини топган. Гапимнинг охирида шуни айтмоқчиманки “Жаноб ҳеч ким” филми¸ назаримда¸ жуда жозибали. Бу филмнинг соврин олгани бежиз эмас, дейди киномунаққид.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG