Линклар

logo-print

Кашинга ҳужум касбий фаолияти билан боғланмоқда


Журналист Олег Кашиннинг калтакланиши унинг ҳамкасблари ва жамият фаолларининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Журналист Олег Кашиннинг калтакланиши унинг ҳамкасблари ва жамият фаолларининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

5 дан 6 ноябрга ўтар кечаси Москванинг Пятницкая кўчасида “Коммерсант” газетаси таҳлилчиси Олег Кашин калтаклаб кетилди. Айни пайтда оғир аҳволда шифохонага келтирилган Кашиннинг ҳамкасблари мазкур ҳужумни бевосита журналистнинг касбий фаолияти билан боғлаяптилар.

6 ноябрга ўтар кечаси Москванинг Пятницкий кўчасида ўз уйига кетаётган “Коммерсант” газетасининг 30 ёшли мухбири Олег Кашин номаълум кимсалар томонидан калтаклаб кетилди.

Кузатув камераларидаги ёзувга кўра, икки нафар шахс қўлида таёққа ўхшаш буюм билан унга оғир тан жароҳати етказган. “Коммерсант” газетасининг бош муҳаррири Михаил Михайлин фикрича, улар оддий безорилар эмас.

- Бу безорилик ва талон-тарож эмас, чунки Олегнинг ўзи билан олиб юрган қимматбаҳо техника, ай-под, телефон, пул, хужжатларга тегилмаган. Бу мутлақо унинг касбий фаолияти билан боғлиқ. У айниқса ёшларнинг норасмий ташкилотлари, хусусан, лимоновчилар, “Ёш гвардия” ҳақида мақолалар ёзганди, - дейди “Коммерсант” бош муҳаррири Михаил Михайлин.

Дарҳақиқат, “Ёш гвардия” ҳаракатининг расмий сайтида чоп этилган, ҳозирда эса олиб ташланган мақолада Олег Кашин “сотқин-журналист”га чиқарилганди. Мазкур мақола “Улар – душман, демак, улар жазоланади!” даъвати билан якунланган.

Кашин рафиқаси Евгения Милованинг журналистларга маълум қилишича, айни пайтда Москвадаги 36-клиник шифохонасида ётган журналистнинг боши ёрилган, оёқлари синдирилган, бармоқлари мажақланган, бармоқларидан бири ампутация қилинган. Ўтказилган операциядан кейин шифокорлар Кашинни медикаментоз уйқу ҳолатига солишган.

Мухбирга ҳужум юзасидан очилган жиноий иш президент Дмитрий Медведевнинг буйруғига биноан шахсан бош прокурор Юрий Чайка ва ички ишлар вазири Рашид Нургалиевларнинг “махсус назорати остига” олинди. Бу ҳақда Россия президенти “Твиттердаги” микроблогида ҳатто ёзув ҳам қолдирди.

“Коммерсант” газетаси сиёсий таҳлилчиси Олег Кашинга уюштирилган суиқасд Россия жамоатчилигининг оммавий норозилигига сабаб бўлди.

Amnesty International Халқаро ташкилоти Кашинга қилинган ҳужум россиялик журналистлар Анна Политковская, Наталья Эстемирова, Анастасия Бабурова, Михаил Бекетовларга қилинган ҳужумлар билан бир қаторда эканлигини таъкидлади ва мазкур иш юзасидан зудлик билан тергов ўтказиш талаби билан чиқди.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси биноси олдида икки кундан бери плакат кўтарган журналистларнинг пикети бўлиб ўмоқда.

Шунингдек, россиялик ва хорижлик бир неча журналист президент Дмитрий Медведев номига махсус хат йўлладилар. Унда журналистлар сўнгги йилларда Россияда журналистика билан шуғулланиш энг хавфли фаолият турлардан бирига айланиб бораётганидан хавотирда эканларини билдирганлар. “Расмийлар оммавий ахборот воситалари фаолиятининг мамлакатдаги хавфсизлиги учун бевосита жавобгардир”, дейилади президент номига йўлланган хатда.

Россиядаги ҳуқуқ муҳофазаси ва экология ҳимояси билан шуғулланувчи қатор ташкилотлар намояндаларининг президент номига жўнатган мактубида эса журналист Олег Кашинга қилинган ҳужум унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ экани, хусусан, журналист Химки ўрмони масаласи билан шуғуллангани учун калтаклангани таъкидланади.

Олег Кашиннинг бундай намойишкорона дўппосланиши сабабларига тўхталган Химки ўрмони ҳимояси ҳаракати раҳбари Евгения Чирикова, Кашин биринчилар қаторида Химки ўрмони муаммосини кўтариб чиққан журналистлардан эканини гапирди.

- Мен буни инкор этмайман, шу сабабли яширмайманки, Химки трассаси лойиҳаси ортида коррупция турибди. Қаерда коррупция бўлса, ўша ерда жиноий манфаатлар ётади. Албатта, унинг калтаклангани биринчи навбатда бошқаларни қўрқитишга қаратилган. Эсимда, икки йил олдин “Химки ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Бекетов калтаклаб кетилганидан кейин одамларга бу жуда жиддий таъсир этган. Бекетов ногирон бўлиб қолди. Менимча, Россияда мудҳиш тенденция авж олаяпти: журналист ва жамоатчилик фаолларига ҳужумлар сони кескин ошиб кетди. Эслатиб ўтаман, 4 ноябр куни Химки ўрмонининг энг фаол ҳимоячиларидан бири Костя Фетисов ҳам калтаклаб кетилди. Бу жамиятимизда носоғ вазият вужудга келганидан даракдир, - дея хулосалади Химки ўрмони ҳимояси ҳаракати раҳбари Евгения Чирикова.

Бу мудҳиш воқеада кўпчиликнининг эътиборини яна бир нарса ўзига қаратди: жиноятчилар мухбирнинг айнан ўнг қўлидаги бармоқларини оғир таёқ билан мажақлашган. Афтидан, буюртмачиларга журналистнинг шу қўли билан ёзган мақолалари ёқмаган.

Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён Россияда 8 нафар журналист ўлдирилган, оммавий ахборот воситалари ходимларига жами 40 дан ортиқ ҳужум уюштирилган.
XS
SM
MD
LG