Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:01

Озарбайжонда парламент сайловлари ўтказилди


Сайловда ҳукмрон Янги Озарбайжон партияси ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиши кутилмоқда. Айни пайтда мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Озарбайжондаги парламент сайловлари мухолифат ва мустақил ахборот воситаларига ҳукумат томонидан босим кучайтирилгани маҳаллий ва халқаро кузатувчилар томонидан танқид қилинаётган бир пайтда бўлиб ўтди.

Хусусан, Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Озарбайжон ҳукуматини кам сонли мухолифат нашрлари вакилларини таҳқирлаётганликда айблади.

Айни пайтда мухолифат вакиллари сайлов натижалари сохталаштирилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Пойтахт Бокудаги сайлов участкаларидан бирида овоз берган Озарбайжон халқ жабҳаси партияси раҳбари Али Каримли сайлов жараёнида қонун бузилаётгани кўзга ташланаётганини, хусусан, туманларда бир неча марта овоз бериш ҳоллари кузатилганини айтди.

Озодлик мухбири Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг рафиқаси Меҳрибон Алиева овоз берадиган Ҳазар сайлов округида сайловчилар автобусда битта сайлов участкасидан бошқасига олиб борилаётганини видеотасма ёзиб олди.

Мухбирга кўра, Сабайил Боку туманидаги сайлов участкаларидан бирида кузатувчилар сайлов комиссияси расмийлари ва овоз бериш хоналаридан 50 метр нарига жойлаштирилган.

Мухолифатнинг қатор кузатувчилари қўрқитилганлари ва сайлов жараёнини кузатмасликлари учун милиция уларни сайлов участкаларидан ҳайдаб чиқарганидан шикоят қилди.

Озодлик мухбири Нушаба Фатуллаева ҳам бир соат давомида ушлаб турилди ҳамда милиция ва Ясамал сайлов округидаги Сайлов комиссияси расмийлари томонидан қўрқитилди. Чунки у сайлов участкаси рўйхатида бўлмаган фуқаро айни участкада овоз берганини видеотасвирга олган эди.

Мухбирнинг: "Сиз бу ерда рўйхатдан ўтмагансиз, қандай қилиб овоз бердингиз?" деган саволига фуқаро: "Мен келдим ва ўзим танлаган номзодга овоз бердим", дея жавоб берди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўз ҳисоботида сайловолди кампанияси давомида президент Илҳом Алиев ва унинг Янги Озарбайжон партияси адолатсиз равишда оммавий ахборот воситаларини назорат қилганини билдирган.

Озарбайжон расмийлари ва Янги Озарбайжон партияси ўз шаънига айтилган айбловларни рад қилган.

Озарбайжон Марказий сайлов комиссияси котиби Нотиқ Маммадов Бокуда Озодлик мухбири билан суҳбатда комиссия эркин, адолатли ва демократик сайлов ўтказишга муваффақ бўлганини айтди.

- Овоз берувчилар ўз хоҳиш-иродасини билдириши учун сайлов округлари ичида ва ташқарисида яратилган шароитлар ўз натижаларини берди. Биз эркин, адолатли ва демократик сайловлар ўтказишга муваффақ бўлдик, - деди Озарбайжон Марказий сайлов комиссияси расмийси.

Озарбайжон парламенти, яъни Миллий Мажлис аъзолиги учун 7 ноябр кунги ўтказилган сайловда парламентдаги 125 та ўрин учун 700 га яқин номзод ўзаро кураш олиб борди. 2005 йилда ўтказилган сайловдан кейин Миллий Мажлисда Янги Озарбайжон ва унга иттифоқчи партиялар ҳукмрон бўлган. Мухолифат эса сайлов натижаларини тан олмаган.

Озарбайжонда ўтказилган парламент сайлови натижалари келаси ҳафта эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG