Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:56

Бангладеш ўзбек пахтасини воситачиларсиз олмоқчи


Бангладеш Савдо вазири Форуқ Хон етакчилигидаги ҳукумат делегацияси ўзбек пахтасини тўғридан-тўғри олиш таклифи билан Ўзбекистонга борди.

“The Financial Express” нашри берган хабарга кўра, Ҳиндистон томонидан пахта экспортига қўйилган тақиқ ва халқаро бозордаги нархлар нобақарорлиги боис катта зарар кўраётган Бангладеш ширкатлари пахтани тўғридан-тўғри Ўзбекистондан арзон нархга сотиб олиш йўлларини қидирмоқда.

Ҳозир ўзбек пахтаси Бангладешга Женевада жойлашган воситачи компаниялар орқали етказилади ва кейинги бир ой ичида бир килограм калава ип нархи 1 долларга, сўнгги икки йил ичида эса 2 долларга ошиб, 5 – 5 ярим долларга қимматлади.

Бангладеш Текстил ширкатлари ассоциацияси президенти Абдул Ҳай Саркордан “The Financial Express” нашри келтирган иқтибосда: “Биз учинчи қўлдан олаётганимиз нархдан арзон нархга кўпроқ хомашё олиш мақсадида Тошкентдан тўғридан-тўғри сифатли пахта олиш ва тўғридан-тўғри савдо қилиш имконларини қидираяпмиз”, дейилади.

Бангладеш мамлакат эҳтиёжи учун зарур йиллик 4 миллион той пахтанинг 40 фоизини воситачи компаниялар орқали Ўзбекистондан олади.

Бангладеш Савдо вазирлиги расмийлари агар пахтани тўғридан-тўғри Ўзбекистоннинг ўзидан олиш имкони туғилса, бу Бангладешга анча арзон тушишига умид қилмоқда.

Буни кўзлаган Савдо вазири Ўзбекистонга сафари чоғида ўзбекистонлик ҳамкасби, пахта савдоси ва саноати соҳаси раҳбарлари ҳамда бошқа расмийлари билан учрашишни режалаштирган.

Бангладеш Экспортни тарғиб қилиш бюроси раҳбари Жалол Аҳмад айни пайтда бундай келишув Ўзбекистон томони учун ҳам жуда самарали бўлишини таъкидлар экан, Тошкентдан тўғридан-тўғри Дакка фонд биржаси билан иш қилишга чақиришни сўраш ниятида эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG