Линклар

logo-print

Москвада яна муҳожирлар чавақланди


Чавақланганлардан иккитасининг Ўзбекистон фуқароси экани тахмин қилинмоқда.

Чавақланганлардан иккитасининг Ўзбекистон фуқароси экани тахмин қилинмоқда.

"Москва руслар учун!"¸ "Йўқолсин келгиндилар!" шиорлари кўтарилган "Рус марши"дан уч кун ўтиб¸ Россия пойтахтида ашаддий миллатчилар амалга оширгани тахмин қилинаëтган бир неча қотиллик содир бўлди. Қурбонлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.


7 ноябр куни Москвада чавақлаб кетилган икки муҳожир мурдаси топилди. Бу ҳақда Озодликка маълумот берган Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси навбатчи ходимига кўра, ўлдирилганлар ташқи кўринишидан марказий осиёлик бўлиб, ҳозирда улардан бирининг Ўзбекистон фуқароси экани аниқланган.

-Ҳа, Жанубий округга қарашли Черноморский булварида Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўлдирилганлиги ҳақида хабар келди.У 46 ёшда бўлган, фамилияси Каримов эканлиги аниқланган. Қотиллик Нагорное мавзесида содир булган. Яна бир муҳожирнинг белига пичоқ санчилган¸ жасади Москванинг шарқий қисмида, Байкалская кўчасидаги автобус бекатида топилган. Ёши 25-30 ларда бўлган. Унинг кимлиги ходимларимиз томонидан аниқланмоқда, деди Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси навбатчиси.

Бошқарма вакилига кўра, бу қотилликларнинг миллий нафрат асосида содир этилганлик тахмини тергов томонидан кўриб чиқилмоқда.

Оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотларга кўра, Нагорное мавзесида ўлдирилган А.Каримов Гилельс номидаги маҳаллий болалар мусиқа мактабида мардикорлик қилган. У бел ва кўкрак қисмига пичоқ билан берилган зарбалардан жон таслим қилган.

Аммо Гилельс номидаги мусиқа мактабининг ўзини Дмитрий деб таништирган котиби бу мактабда Каримов исмли шахс ишламаганини билдирди.

- Биласизми, бизда бундай одам ишламаган ҳеч қачон. Бу қандайдир англашилмовчилик. У балким маҳаллий уй-жой хўжалигида ишлагандир. Лекин биз ҳақиқатан Черноморский булварда жойлашганмиз, деди ўзини мусиқа мактаби котиби Дмитрий деб таништирган суҳбатдош.

Москвадаги сиёсий қочқинлар жамияти президенти Баҳром Ҳамроевнинг тахминича¸ ўлдирилган Ўзбекистон фуқароси Москвадаги мусиқа мактабида ноқонуний ишлаган бўлиши ва эндиликда милиция, прокуратура, Миграция хизмати ходимларининг ташрифи ортиқча муаммо чиқаришидан ҳадиксираган мактаб маъмурияти “ Каримов деган одам бу ерда ишламаган”, дея вазиятдан чиқишга уринаëтган бўлиши мумкин.

- Биринчидан, у балким ишлагандир, лекин ишга рухсати бўлмагани бўлиши мумкин ёки аввал ишлаб сўнг кетган бўлиши мумкин. Шунақа ҳолатлар бўлиб туради, чунки Ўзбекистон фуқароларининг доимий бир жойда ишлашлари амри маҳол. Масалан, ишхоналарда ишлаб турган пайтда биз бир неча марта мухбирлар, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан борганимизда на ўша ташкилот бошлиқлари, на ўша ердаги ишчиларнинг ўзлари биз бу ерда ишлаймиз деган. "Иш билан келган эдик бу ерга", деган баҳоналар қилишади. Лекин Россия ишхоналарининг 70-80 фоизи меҳнат иммигрантларини ноқонуний ишлатишади, дейди Баҳром Ҳамроев.

Нагорная мавзесидаги қотилликдан ташқари Москвада якшанба куни яна бир нечта меҳнат муҳожирининг ўлдириб кетилганлиги хабар қилинмоқда.

Кўплаб жароҳатлардан ўлган яна бир мурда Лужской кўчасида топилган.

- Фамилияси Раимбердиев. Қолган маълумотлар аниқланмоқда, дея хабар қилди “Новости” ахборот агентлиги Москва Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга таяниб.

Россия пойтахтининг шимол-шарқида яна уч нафар кавказликнинг бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан пичоқлаб кетилгани айтилмоқда. Ҳодиса Широкая кўчасидаги гавжум “Макдоналдс” кафеси ёнида рўй берган. Лента.Ру хабарига кўра, пичоқланган доғистонликлардан бирининг касалхонага етмасдан жони узилган.

Бу қотилликлар Россияда ҳамон оммавий равишда нишонланаётган 7 ноябр байрами куни содир этилди.

Кузатувчилар барча қотилликнинг ашаддий миллатчи гуруҳлар томонидан содир этилганини тахмин қилмоқдалар.

Муҳожирлар муаммолари билан узоқ йиллардан бери шуғулланаётган ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроевга кўра, бундай ваҳшиёна жиноятлар фақат махсус “ғоявий-мафкуравий тарбия” олган шахслар томонидангина амалга оширилиши мумкин.

- Бундай ваҳшиёна ҳатти-ҳаракатларни қилиш учун ваҳшиёна тарбияланган бўлиш керак. Мен ўйлайманки, жуда кўп ҳамюртларимиз, Ўзбекистон, умуман Ўрта Осиё фуқароларининг бу ерда калтакланиши, ўлдирилиши ҳар хил миллатчи гуруҳлар томонидан амалга оширилади. Жуда кам ҳолатларда иш берувчилар тарафидан ҳам худди шундай уларнинг ҳаётига суиқасд қилиниши кузатилган, дейди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

Москва шаҳар ИИБ сидан олинган маълумотга кўра, содир этилган қотилликлар юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси юзасидан жиноий иш очилган ва бу иш билан шаҳар прокуратураси шуғулланмоқда; жиноятчилар қидирилмоқда.

7 ноябр куни Москвада Марказий Осиë ва кавказлик муҳожирларга қарши амалга оширилган қотилликлар юзасидан қўзғатилган жиноий ишлар билан шуғулланаётган Москва шаҳар прокуратураси Тергов бошқармаси бу ҳақда Озодликка шарҳ беришдан бош тортди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG