Линклар

logo-print

Душанбе ва Тошкент ўртасидаги даҳанаки жанг ўйингоҳга кўчдими?


Ўзбекистон Футбол федерацияси Тожикистон ёш футболчилар терма командасининг собиқ мураббийси Зоир Бобоевдан ўринсиз айбловлар учун кечирим сўрашни талаб қилмоқда.

Ўзбекистон томонининг бу эътирозли баёноти Тожикистон Футбол федерацияси ва УЕФАга жўнатилган.

Тожикистон ва Ўзбекистон терма командаларининг Осиё чемпионати саралаш ўйинлари доирасидаги учрашуви жорий йил 28 октябр куни Тошкент шаҳрида ўтказилган эди. Мазкур учрашув ёш тожик футболчиларининг 8:1 ҳисобида йирик мағлубияти билан тугади.

Ўзбекистон пойтахтида мезбонлардан ташқари Тожикистон, Индонезия ва Урдун терма командалари иккита йўлланма учун мусобақалашдилар.

Тожикистон терма командаси уч учрашувда атиги бир очко олишга эришди ва финал ўйинларида иштирок этишдан маҳрум бўлди.

Тожикистон терма командаси мураббийси Зоир Бобоев Душанбега келганидан уч кун кейин команда мағлубиятига оид фикрларини билдирди.

- Мусобақалардаги учрашув натижалари адолатсиз, деб ҳисоблайман. Тошкентда командамиз учун биринчи кунданоқ муаммолар бошланди. Биринчидан, команда аъзоларининг ёши махсус текширувдан ўтказилди. Бошқа командалар аъзолари бундай текширишдан ўтказилмаган. Мазкур мусобақаларда умуман шароит яратилмади. Ўзбекистон томони ҳакамлар билан тил бириктирган. Буни учрашувларга ҳакамлик қилган судялар ҳам тожик футболчиларига қарши бўлганидан сезиш мумкин эди, деди Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида Зоир Бобоев.

Унинг сўзларига кўра, ёш тожик футболчиларига учрашувларга тайёргарлик кўриш ва Тошкент футбол майдонларию об-ҳавосига кўникиш учун вақт берилмаган. Бироқ тренернинг Ўзбекистонга нисбатан билдирган жиддий айбловлари ҳам унга ёрдам бермади. Республика Футбол федерацияси Зоир Бобоевни вазифасидан озод қилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Футбол федерацияси Зоир Бобоевнинг иддаоларини асоссиз ва туҳмат, дея баҳолади. Бу борада Ўзбекистон Футбол федерацияси Тожикистон Футбол федерацияси раҳбарларига эътироз баёнотини жўнатиб, Зоир Бобоев иддаолари юзасидан расмий изоҳ беришни талаб қилган. Тожикистон футболчиларининг мағлубиятини эса Ўзбекистон Футбол федерацияси уларнинг мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўрмаганлиги билан изоҳлаган.

Тожикистонда ёш футболчиларнинг мағлубияти турлича шарҳланмоқда. Жумладан, айрим таҳлилчилар фикрича, команда таркибида асосан ўзбеклар бўлгани учун ҳам ёш футболчилар мағлубиятга учраган.

- Команда таркибига бир назар ташланг - аксарияти ўзбеклар. Мураббий ҳам ўзбек ва у Тошкентда катта пул эвазига тренерлар билан тил бириктирган бўлишлари мумкин. Спортда бундай ҳолатлар кўп бўлади. Мана, УЕФА федерациясида ҳам порахўрлар аниқланди-ку. Шу боис бу иш билан республика прокуратураси машғул бўлиши керак, деган фикрдаман, дейди таҳлилчи Аҳмад Қодиров.

Лекин спорт мутахассислари ва таҳлилчиларнинг бошқа бир қисми ёш тожик футболчиларининг омадсизлигини олдиндан башорат қилишган эди. Уларнинг фикрича, футболчилар мусобақаларга яхши тайёргарлик кўришмаган.

- Олдиндан шуни айтиш керакки, тожик футболчилари бутун мавсум давомида республика худудидан чиқмаган, яъни барча ўйинлар мамлакатда ўтказилган. Осиё чемпионатидек йирик мусобақаларда иштирок этиш учун бу камлик қилади. Зеро, команда аъзолари халқаро ўртоқлик учрашувлари ёки бошқа мусобақаларда иштирок этиб, тажриба орттиришлари лозим эди. Афсуски, тренерларимиз ҳам, республика футбол федерацияси ҳам бунга аҳамият бермади. Мана сизга натижаси, дейди таҳлилчи Қосим Барот.

Таҳлилчиларнинг аксарияти спортни сиёсатга аралаштирмасликка чақирмоқда. Уларнинг айтишларича, спорт бу мусобақалар ва беллашувлар майдони. Шундай экан, бу беллашувларда фақат жиддий тайёргарлик кўрган тажрибали, иқтидорли ва чиниққан спортчиларгина ғолиб чиқадилар.
XS
SM
MD
LG