Линклар

logo-print
Ҳиндистонга сафар қилаётган президент Барак Обама мамлакат парламентида қилган чиқишида бу давлатнинг БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо бўлиш ниятини олқишлашини айтди.

Барак Обама БМТ Хавфсизлик кенгаши таркибининг ислоҳ қилинишини тўла қувватлаши, аммо, бу маълум бир вақт талаб қилишини урғулади.

Бундан аввал Обама АҚШ ҳукумати Кашмир можароси ва Ҳиндистон ҳамда Покистон ўртасидаги бошқа муаммоларга ечим топишни томонларнинг ўзига қолдиришини айтган эди.

- Ҳам Покистон, ҳам Ҳиндистон ўзаро тарангликнинг юмшашидан манфаатдор. АҚШ бу муаммоларга ўз ечимини тиқиштирмайди. Аммо, мен Бош вазир Сингҳга томонлар маъқул кўрган даражада бу кескинликни камайтиришда иштирок этишга бажонидил рози эканимизни билдирдим, деди АҚШ президенти Обама.

Ҳиндистон ва Покистон Кашмир минтақаси устида 1947 йилдан буён уч бора уруш қилган.

Осиё давлатларига 10 кунлик сафари доирасида Ҳиндистонга борган АҚШ президенти икки давлатни муросага чорлар экан, айни пайтда, Покистон ҳукуматини жанггари гуруҳларга қарши курашдаги сусткашлик учун танқид қилди.
XS
SM
MD
LG