Линклар

Ўшда ўзбек деҳқонлари ерлари босиб олинмоқда

  • Сарвар Усмон

Ер босқинчилари мувофиқлашган тарзда ҳаракат қилишган.

Ер босқинчилари мувофиқлашган тарзда ҳаракат қилишган.

“Ерни босиб олаётганлар баҳорги буғдойни пайҳон қилди, пишиб қолган сабзини йиғиштириб олиб, қоплаб, машиналарга солиб, олиб кетди”. Бу гапни Ўш атрофидаги далалардаги ерлари босиб олинаётган ўзбек деҳқонларидан бири айтди. 7 ноябр куни бошланган босқинчилик 8 ноябр куни эрталабдан яна давом этди.


Биринчи суҳбатдошимизнинг ерлари Ўш аэропорти билан шаҳарни боғлайдиган йўлга туташ далаларда.

Босқинчилар қоққан қозиқ.
- Аукционда беш йилга бир гектар ер сотиб олганман. Кузги буғдой экиб қўйдим. Шунга ҳам қозиқ қоқиб кетишди, дейди биринчи суҳбатдошимиз.

Қозиқ қоққанлар – қирғиз миллатига мансуб мингга яқин оломон.

Улар эгаллаб олаётгани ерлардаги ҳосилниям йиғиштириб олиб кетишаётганини ҳам исмини айтмаслигимизни сўраган ҳозирги суҳбатдошимиз айтди.

- Сабзи экишган эди. Қозиқ қоққанлар сабзиларигача кавлаб, машиналарига юклаб кетишибди, дейди суҳбатдошимиз.

Қирғизистонлик эмас ўқувчи гап нимадалигини тушуниши учун маълумот: президент Акаев даврида колхозлар тугатилиб, мулки ва ери колхозчиларга бўлиб берилган эди.

“Улуш ер”, деб аталади колхозларнинг бўлинган ерлари ва ўша улушлар “1996 йилларда 99 йилга берилган нарса”.

Яна бир маълумот: исмини айтмаслигимизни сўраган бошқа бир ўшликнинг айтишича,

- Ўш атрофида, Ўшда қадимдан ўтроқ ўзбек халқи яшаган. Қирғизларнинг уруғларини жойлаштириш карталарида ҳам Ўш ва Ўш атрофлари 100 йил бурун тузилган карталарда ҳам ўзбеклар¸ деб ëзиб қўйган. Ўш ва Ўш атрофида қирғизлар деган ëзув йўқ, дейди исмини айтмаслигимизни сўраган бошқа бир ўшлик.

Ўшлик таҳлилчининг бу гапини ўшлик бўлмаган ўқувчимиз масала моҳиятини тушунсин учунгина келтирдик.

Мана энди, босқиннинг 8 ноябр кунги манзараси.

Исмини айтмаслигимизни сўраган яна бир ўшликдан эшитамиз.

- Аэропорт томондан келаëтган эдик. Аэропортнинг круги бор. Кругдан западнийнинг перекрëсткасигача буғдой экилган, кўчат экканлар бор экан. Шуларнинг ҳаммаси тўғри келган йўлдан юришиб, байроқ осиб, ўзларига бўлишиб, ўлчаганми ўлчамаганми қозиққа ўхшатиб байроқ осиб қўйишибди. Бутун ер эгалланган.

Босқинчи оломон.
Озодлик: Ерларни эгаллаб олганлар қаерда турибди?

- Бир хиллари ичида юришибди, бир хиллари йўлнинг бўйида туришибди. Асосан западний томонга келган охирги ерида одам жуда кўп. Бизда тўхташга имконият бўлмади. У ерда ўзбек миллатидан ҳеч ким йўқ. Биз тўғри ўтиб кетавердик.

Озодлик: “Солдатлар турибди, милициялар турибди” дедингиз. Улар нима иш қилишаяпти?

- Туришибди, ҳамма турибди. Турган ерида туришибди. Бундан ташқари биз ўтиб кетаëтганимиз йўлнинг бўйида иккита аëл турган экан. Биз энди секинлаб қараб кетдик. Аëллардан биттаси 60дан юқорироқ хотин экан. Бизга қараб сўкинишни бошлади. Биз индамай машинада ўтиб кетавердик, дейди исмини айтмаслигимизни сўраган яна бир ўшлик.

Бу аёл шаҳарлик. Босиб олинаётган далаларда ери йўқ.

Ери бор ўзбеклар ҳам босқинчиларга қаршилик кўрсата олмаяпти.

Нима учун ерларингизни ҳимоя қилмаяпсизлар, деб сўрадик биринчи суҳбатдошимиздан.

- Ўзбеклар чиқа олмайди. Ўзи машинада йўлдан зўрға ўтамиз. У ерда тўхтаб “Нимага бизнинг ерни бунақа қилаяпти” десангиз, бир нарса қилиб қўядида. Улар энди тайëрланган одамларда, дейди суҳбатдошимиз.

Суҳбатдошимизнинг “чиқсак бир нарса қилиб қўяди-да”, деганини эшитиб, унинг устидан кулишга шошилманг.

У июн воқеаларидан кейин ўтказилган зачистка пайтида милиция ходимлари бир неча ўзбекни куппа-кундуз куни отиб кетган Наримон қишлоғида яшайди.

Масаланинг яна бир характерли жиҳати. Босқинчилардан бири 7 ноябр куни Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири саволларига жавоб берар экан, “уйи куйган ўзбекларга икки хонали уй қуриб беришаяпти, нима учун биз ер ололмаймиз экан”, деб иддао қилди.

Ўш вилоят губернатори ўринбосари Қушбақ Тезакбоев деҳқонлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун чоралар кўрилаётганини айтмоқда.

- Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари воқеа содир бўлган ерда турибди. Ўша ердаги одамларнинг хавфсизлигини таъминлашимиз керак. Иккинчидан, ҳосил йиғиштириб олинмаган участкалар бор. Ҳосилни йиғиштириб олишлари учун ҳаммамиз ўша ердамиз. Бу воқеа ортида турганларни топиш устида ҳуқуқ-тартибот органлари ишламоқда, деди Ўш вилоят губернатори ўринбосари Қушбақ Тезакбоев.

Жаноб Тезакбоев навбатдаги босқинчилик ортида кимлар турганини топиш устида ҳуқуқ-тартибот органлари ишлаётганини айтаяпти.

Лекин оддий ўшликларнинг бу масалада ўз тахмини бор.

- Энди шаҳарликларга чек берамиз деб, менинг ўйимча, одамларнинг айтишича, шаҳар мэри қилаяпти дейди, деди ери босиб олинаётган ўзбек деҳқонларидан бири.

Босқинчилик Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматовнинг икки ярим ойлик таътилдан қайтганидан кейин бир неча кун ўтгач юз берганини эслатиб қўймоқчимиз.

Ўш вилоят губернатори ўринбосари Қушбақ Тезакбоевнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига хабар қилишича, 8 ноябр куни босқинчи аёллардан 36 нафари милиция ходимлари томонидан қўлга олинган ва огоҳлантирилиб қўйиб юборилган.

Сўнгги хабарларга қараганда, 8 ноябр куни кечга яқин ҳам Ўш атрофидаги Ишкавон ва Қизил қишлоқ қишлоқ ҳукуматларига қарашли далаларда 500 га яқин босқинчи тарқамаган эди.

Шуни қўшимча қилмоқчимизки Ўш атрофида 7, 8 ноябр кунлари юз берган ер босқинчилиги Қирғизистонда илк бор кузатилаётган ҳодиса эмас.

2005 йил, март воқеаларидан кейин бундай босқинчилик мамлакатнинг турли ҳудудларида бир неча бор юз берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG