Линклар

Қурбон ҳайитида қора лента боғлайлик!


Сайрамлик ҳаваскор шоир бутун дунë ўзбекларини бирдамликка чақирмоқда.

Сайрамлик ҳаваскор шоир бутун дунë ўзбекларини бирдамликка чақирмоқда.

Бу ғояни илгари сураëтган сайрамлик Қайсар “Шу йўл орқали Қирғизистондаги ўзбекларни қўллашимизни билдирамиз ва халқаро ҳамжамият эътиборини тортамиз”, деган умидда.

Қаршилик аёл ўзига ўт қўйди

29 октябр куни қаршилик 43 ёшли аёл ўғлини ноҳақ қамашганига норозилик сифатида ўзига ўт қўйди. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган қашқадарёликлардан бирининг айтишича, ўзига ўт қўйган аёл оламдан ўтган. Унга кўра, Қашқадарёда диндор йигитларни қама-қамалар давом этаяпти.

- 15 октябр куни тўрт-бешта болаларни олиб киришган туҳмат билан. Қашқадарëда бўлаëтган нарсада бу. “Бировни сўкиб қўйдинг” деган нима билан 15 суткага олиб кириб қўйиб, уларнинг бўйнига ҳар хил нарсаларни қўйиб, террористик, жиҳодий нарсаларга алоқаси бор деб бўйнига қўйишган.

Озодлик: Булар кимни сўкишган?

- Улар ҳеч кимни сўкмаган. Улар тўғри ибодатини қилиб юрган, намоз ўқиб юрган одамлар.

Озодлик: Демак, диндор йигитлар.

- Ҳа. Ундан кейин масжидда юрган 30та болани 10-15 сутка қилиб олиб кирган. Уларнинг биттасини қўйиб юборган.

Озодлик: Ҳозир бу йигитларнинг тақдири нима бўлаяпти?

- Ҳибсда ҳозир 30тача одам. Бир нечтаси Ўзбекистондан қочиб чиқиб кетган. У ердан биттаси чиққан. Биттаси терговдан чиққан. Терговдан чиққани билан гаплашилганда, “Намоз ўқимайсан. Жумага чиқмайсан. Масжидга бормайсан” деган қўрқитишлар бўлаяптида.

Озодлик: У йигитни шунақа шарт билан чиқарганми?

- У болани шу шарт билан чиқарган. Хуллас, ўшаларнинг орасидаги биттасининг онаси ноҳақликка чидай олмасдан у ëққа, бу ëққа мурожаат қилган. Чора топа олмаганидан кейин Қашқадарë УВДсининг олдига бориб, бензин қуйиб ўзини ўзи ëққан. 43 ëшли аëл бўлган.

Озодлик: Аëл тирик қолганми?

- Йўқ, аëл ўлган.

Озодлик: Қачон бўлган бу?

- 29 октябр куни бўлган, дейди қашқадарëлик суҳбатдошимиз.


Қурбон ҳайитида қора лента боғлайлик!

Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам туманида яшовчи Қайсар Ўш қирғинида жабр кўрган ўзбекларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланмаётгани ва халқаро ҳамжамиятнинг Қирғизистондаги ўзбеклар тақдирига бефарқ қараётганини айтади. Сайрамлик Қайсар Қурбон ҳайити кунлари бутун дунёдаги барча ўзбекларга қора лента боғлашни тавсия қилади. “Шу йўл орқали қирғизистонлик ўзбекларни қўллашимизни билдирамиз ва халқаро ҳамжамият эътиборини тортамиз”, дейди сайрамлик Қайсар.

- “Сен етим эмассан¸ тинчлан жигарим” деб ўзбек шоири Ғафур Ғулом ватан уруши даврида Ўзбекистонга келтирилган минглаб турли миллат болаларига ëзган шеърида мурожаат қилган эди. Ўша қирғинбарот йиллари ўзи оч қолса ҳам етимлар кўнгли ўксимасин деб уларга бир бурда нонини бериб едирган, топганини кийдирган. Ўзбекнинг бошига бугун оғир синовлар тушди. Ўш ва Жалолобод фожиаси бир ўзбек ëки қирғизнинг фожиаси эмас, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг фожиаси. Бу бутун бир миллатлар, бунинг устига қардош миллатларнинг бир-бирига бўлган ишончининг йўқолиши.

Шу ҳақда ўйлай туриб мен бир нарсага ҳайрон бўламанда. Масалан¸ жиноятни кўриб туриб яшириш ëки хаспўшлаш жиноятга шериклик ҳисобланади. Ëки бирор-бир жиноятни кўра била туриб олдини олмасликка ҳаракат қилиш учун ҳам оддий фуқаролар жавобгарликка тортилади. Лекин ҳукуматнинг ўзи шу жиноятни хаспўшласа ëки яширишга уринса, нима учун улар жавоб беришмайди? Қатор нуфузли халқаро ташкилотлар, ҳатто БМТ ҳам негадир бу ҳақда шунчалик жиддий ëндашмаяпти?

Мана Қурбон ҳайити яқинлашиб келмоқда. Худди шу сабабли ўзимизнинг ўзбекларимизга, биродарларимизга бўлган ҳамдардлигимизни билдириш учун, иккинчидан ана шу халқаро ташкилотларнинг, нуфузли шахсларнинг эътиборларини тортиш учун Қурбон ҳайити кунлари барча ўзбекларга, ўзларини ўзбек деб билганларга ва уларнинг дардларига шерик бўлаëтган кишиларга қора лента тақишларини таклиф қилардим. Қора лента четдаги ўзбекларнинг Ўш ва Жалолободдаги биродарларимиз, миллатдошларимизга бўлган ҳамдардликларини ифодалаш учун, иккинчидан, халқаро ташкилотларнинг, қардош давлатларнинг ҳукуматларининг эътиборларини мана шу муаммога, мана шу фожиага жалб этиш учун, дейди Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам туманида яшовчи Қайсар.


Қирғиз армиясидаги ўзбек аҳволи қандай?

Андижоннинг Олтинкўл туманида яшовчи Ғуломжон ака Қирғизистон армиясида хизмат қилаётган ўзбек йигитлари тақдиридан хавотир билдиради. Ғуломжон ака ўзбекларга нисбатан жиддий таҳдидлар кузатилаётган шу кунларда, ҳарбий хизматни ўтаётган ўзбеклар ҳолидан ҳам хабар олиш шартлигини айтади.

- “Қирғизистондаги ўзбек йигитларининг армиядаги аҳволи қандай?” деб ҳеч ким гапирмаяптида. Улар нима қилаяпти, тинчми, соғ-саломатми, уларга қанақа ëрдам кўрсатилаяпти? Шу ҳақида гапирадиган йўқ, дейди Андижоннинг Олтинкўл туманида яшовчи Ғуломжон ака.


Бир ярим миллион ойлигимни бермаяпти

Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани “Ўзавтойўл” бирлашмаси ишчиси Сами Низомовга кўра, беш ойдан буён корхона ишчиларига ойлик берилмаяпти.

- Мен Ғиждувон туманидаги Ўзавтойўлда 1981 йилдан бери ишлайман. Мана 5 ой бўлаяпти бир ярим миллиондан ортиқ иш ҳақим турибди. Беш ойдан буëн ололмаяпман.

Озодлик: Беш ойдан бери ойликни битта сиз олмаяпсизми ëки бошқа ҳамкасбларингизга ҳам бермаяптими?

- Ҳамкасбларим ҳам 50 мингдан аванс олиб келаяпти 2 йилдан буëн. Корхонамиз банкрот бўлганда бир ярим миллиарддан ошиқ.

Озодлик: Демак, анча йиллардан бери ишчилар ойликларини ўз вақтида ололмаëтган эканда.

- Ҳа, икки йилдан буëн. Бизларнинг эски раҳбаримиз Эсонов Насриддинжон корхонамизни бир ярим миллиард қарз қилиб қочиб кетди. Қочиб кетди деб бизнинг қулоғимизга тепишаяпти. Ишчилар 50 мингдан аванс олаяпти. Корхонада на ëқилғи бор, на материалга пул бор. Ана шундай изтиробда. Мана беш ой бўлаяпти менинг иш ҳақимни бермаяптида.

Озодлик: Ëзма равишда “Нимага бермаяпсан беш ойдан бери?” деб мурожаат қилиб кўрдингизми?

- Уни бухгалтерга айтаяпман. “Собиқ раҳбаримиз ана шундай қарз қилиб кетган. Корхонада пул йўқ” деяпти. Мен энди йўл системасида ишлайман. Ҳар ой йўлни сақлаш учун давлат пул ташлайди. Шу пулни қарзга қайтараяпмиз дейди. Шуни Муродилла Абдуллаев министримизга билдирмоқчи эдим. Корхонамизни қарз қилиб кетган бошлиғимиз Эсонов Насриддинжон. Унинг жабрини одий ишчилар тортаяпти. Энди унинг қарзини оддий иошчи тўласинми, дейди Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани “Ўзавтойўл” бирлашмаси ишчиси Сами Низомов.


Тожик тилини билмайман

Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Ашт тумани, Ошоба қишлоғида яшовчи 73 ёшли Сафарали Йўлдошев тожик тилини билмаслиги ортида дуч келаётган бир муаммони тилга олади.

- Судга ариза топширганмиз. Аризанинг топширилганига декабр ойи келса 12 ой бўлади. Тожик тилини билмаймиз, қийналаяпмиз, савол-жавоб қила олмаймиз. “Давлат тили тожик тили, тожик тилида гапир” дейди. Суд ўзи ўзбекчани яхши билади, лекин сарсон қилаяпти. Чақиради, борамиз, тожикчани билмаймиз. Ҳеч иложимиз йўқ. Мана 7 декабрдан бери неча ой бўлаяпти. Мана шунчан бери чақиради, сарсон қилади.

Озодлик: Нимага судлашаëтган эдингиз ота?

- Судлашганимиз ўзаро талашиб, арзимайдиган нарса. 3 ой 12 кунда жавоб қайтариши керак. “Давлат тили тожик тили” дейди. Биз тожик тилини билмаймиз. Рус тили ҳам эсимиздан чиқиб кетган. Тоғнинг орасида яшаймиз. Рус тилида ҳам гаплаша олмаймиз. Бировнинг олдида гаплаша оламиз, лекин сиëсий гаплаша олмаймиз.

Озодлик: Таржимон беришмадими?

- Таржимон йўқ. Таржимонни қаердан топамиз? Таржимон ҳам пул олади. Камбағалчиликдан ўзимиз зўрға тирикчилик қилаяпмизку, дейди Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Ашт тумани, Ошоба қишлоғида яшовчи 73 ёшли Сафарали Йўлдошев.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG