Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:59

Обама Ҳиндистон уринишларини қўллади


Обама оддий ҳиндистонликлар билан қўллашмоқда.
Обама оддий ҳиндистонликлар билан қўллашмоқда.

Осиë сафари доирасида Деҳлига борган президент Обама АҚШ маъмурияти Ҳиндистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлиш ниятини олқишлашини таъкидлади.


Ҳиндистонга давлат ташрифи билан борган АҚШ президенти Барак Обама бу давлатнинг БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзолик ниятини тўла қувватлашини билдирди.

Деҳли шаҳрига сафари чоғида Ҳиндистон парламенти чиқиш қилган Барак Обама бу давлатнинг Хавфсизлик кенгашига аъзо бўлиши жуда самарали натижа беришини таъкидлади.

- Мен БМТ Хавфсизлик кенгашининг ислоҳ бўлиши ва унинг таркибига Ҳиндистоннинг ҳам аъзо бўлишини кутиб қоламан, деди АҚШ президенти.

Бундан аввал Ҳиндистон Бош вазири билан ўтказган матбуот анжумани чоғида Барак Обама АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик 21-асрдаги ҳал қилувчи аҳамиятга бўлган алоқалардан бирига айланишини таъкидлаган эди.

- Бизнинг алоқаларимиз одатий алоқалардан эмас. Дуёнинг ривожланган икки демократияси, эркин бозорга асосланиб ўсаётган иқтисодиётлари, плюрализм ва толерантлик руҳидаги кўпмиллатли жамиятлари эгаси сифатида биз нафақат етакчилик қилиш имконига эгамиз, балки бу биз учун масъулият ҳамдир, деди Барак Обама.

Шунингдек, Барак Обама, АҚШ ҳукумати Кашмир можароси ва Ҳиндистон ҳамда Покистон ўртасидаги бошқа муаммоларга ечим топиш ихтиёрини икки давлат ҳукуматларига ҳавола қилишини ҳам айтди.

Ҳиндистон Бош вазири Манмоҳан Сингҳ билан учрашувлардан сўнг ўтган матбуот анжуманида сўзлаган Обама: “Ҳам Покистон, ҳам Ҳиндистон икки давлат ўртасидаги тарангликни пасайтиришдан манфаатдор. АҚШ бу муаммоларга ўз ечимини тиқиштирмайди. Аммо, мен Бош вазир Сингҳга томонлар маъқул кўрган даражада бу муаммоларни ҳал қилиш йўлида иштирок этишга бажонидил рози эканимизни билдирдим”, деди.

Маълумки, Ҳиндистон ва Покистон Кашмир минтақаси устида 1947 йилдан буён уч бора уруш қилган. Президент Барак Обама бу муаммони тилга олар экан, икки давлат ҳукуматларини ўзаро низоларни мулоқот йўли билан ечишга чақирди.

Айни пайтда Обама икки давлат ўртасидаги низолар боис минтақада юзага келиши мумкин бўлган беқарорлик иқтисодий қудрати ортиб бораётган Ҳиндистон тараққиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирди.

Бундан аввал эса Обама Покистон раҳбариятининг мамлакатнинг чегараолди минтақаларида ҳаракатланаётган жанггари гуруҳларга қарши курашига муносабат билдириб, уларни бу курашда сусткашликка йўл қўяётгани учун танқид қилди ва буни “Ривож суръати биз истаганимиз каби эмас”, деган жумла билан ифодалади.

Барак Обама шу кунларда Осиё давлатларига 10 кунлик сафарини амалга оширмоқда. Унинг бу сафари АҚШ экспорти ҳажмини ошириш ва мамлакатда янги иш ўринларини яратиш мақсадига қаратилган.
XS
SM
MD
LG