Линклар

Мисрдаги Ал-Азҳар олийгоҳида ўқиётган юздан ортиқ тожикистонлик талаба 8 ноябр куни Тожикистонга қайтб келдилар. Бу талабаларнинг Мисрда ўқишни тўхтатишлари билан боғлиқ сабаблар ҳозирча расмийлар томонидан изоҳланмаяпти.

Душанбе халқаро аэропортида талабаларни кутиб олаётган ота-оналар ҳам, хорижда диний таълим олишдан мосуво бўлган тожикистонлик ёшларнинг ўзлари ҳам кўп сонли журналистларнинг нима сабабдан оммавий тарзда ватанга қайтарилганликлари ҳақидаги саволларига жавоб беришдан тийилишини айтдилар.

Аммо айрим ота-оналар журналистлар билан ўзаро суҳбат чоғида фарзандларининг исломий мамлакатда билим олиши чекланганини, улар ўз ихтиёрлари билан қайтиб келмаганларини айтишди.

Уларни ташвишлантираётган яна бир муаммо бу Ал-Азҳар олийгоҳида ўқиш учун олдиндан тўлаб қўйилган маблағнинг қайтарилмагани экан.

Тожикистон Дин қўмитаси раиси Абдураҳим Холиқов эса кеча Мисрдан қайтган юздан ортиқ талаба ўз ихтиёри билан у ерда ўқишни тўхтатганини маълум қилди.

- Албатта улар бугун ватанга қайтиш заруратини ҳис қилмоқдалар. Чунки ўзимизда ҳам бугунги кун талабларига тўла жавоб бера оладиган Ислом университети бор. Биз қайтиб келган ёшлар ўз юртида билим олишлари учун барча шароитларни яратганмиз. Лекин улар биздаги олийгоҳда ўқиш учун аввал Таълим вазирлиги аттестациясидан ўтказилади, деди Абдураҳим Холиқов.

Тожик расмийсининг билдиришича, мамлакат ташқарисидаги исломий мадрасаларда таҳсилини тўхтатган ёшлар ҳукумат ҳисобидан, яъни текинга махсус учқичларда юртига қайтарилган.

Шу ўринда эслатсак, Тожикистон таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов бир матбуот анжуманида хориждаги мадрасаларда таҳсил олган ва айни пайтда ватанига қайтаётган тожикистонлик фуқаролар руҳий реабилитациядан ўтиши зарурлигини айтган эди.

Тожикистон Дин қўмитаси раиси Абдураҳим Холиқовдан реабилитациядан мақсад нима эканини сўрадик.

- Хорижий давлатлардаги айрим хусусий диний мадрасаларда ёшлардан террорист, экстремист тайёрлашаётгани ҳақида маълумотларимиз бор. Бугун ўшандай мадрасаларда таҳсил олган ёшларимиз ортга қайтар экан, юрт тинчлиги учун албатта бу ёшлар махсус курсларимиздан ўтади. Мутахассисларимиз улар билан иш олиб боради. Сиёсатимизнинг мақсади - ёшларимиз тўғри билим олиб, жамиятга, эртанги кунга хизмат қилсин, бегоналар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолмасин, деди Дин қўмитаси раиси Холиқов.

Айни пайтда бундан бир неча кун аввал Араб амирликларидан Тожикистонга қайтарилган талабаларга мамлакат ичкарисида таҳсилни давом эттириш имконияти берилмай, уларнинг ҳаммаси ҳарбий хизматга сафарбар қилингани айтилмоқда.

Мустақил кузатувчилар тожикистонлик ёшларнинг хориждаги исломий олийгоҳларда ўқишни тўхтатиб, оммавий тарзда ватанига қайтарилиш жараёни давлат раҳбари Имомали Раҳмон талаби асосида амалга оширилаётганини айтмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, шу йил август ойида Хатлон вилоятига хизмат сафари билан борган президент Имомали Раҳмон мамлакатдан ташқаридаги исломий олийгоҳларда таълим олаётган тожикистонлик талабалар ортга қайтарилиши зарурлигини айтган эди.

Тожикистон президенти иддаосига кўра, хориждаги исломий мадрасаларда ёшлар муллаликка эмас, балки террорчиликка ўқитилади.

Айрим таҳлилчилар Тожикистон давлат раҳбарининг бу иддаоси ўз давлатининг исломий мамлакатлар билан келгусидаги ҳамкорлигига соя солиши мумкинлигини урғуламоқдалар.

- Менимча, давлат раҳбарининг бу даъвоси ва фуқароларимизнинг исломий давлатларда таълим олишларини чеклаш тадбирлари, табиийки, бизнинг айрим исломий мамлакатлар билан алоқаларимизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ўйлайманки, бу жуда шошилинч ва чуқур таҳлил қилинмай қабул қилинган қарордир, дейди сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита масъулларининг билдиришича, шу кунгача қарийб беш юздан ортиқ тожикистонлик талаба хориж давлатлардаги исломий олийгоҳлардан ўз ватанига қайтарилган ва бу жараён давом этмоқда.

Дин қўмитаси маълумотларига кўра, исломий давлатларда 1400 дан ортиқ тожикистонлик фуқаро диний таълим олаяпти. Шундан 800 нафари Мисрдаги Ал-Азҳар олийгоҳида ўқиётгани айтилди.
XS
SM
MD
LG