Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:31

Майсара Ғозиева: Фоҳиша ва гиёҳвандлар қаторига муҳожирлар ҳам қўшилди


Ўзбекистонда ОИТСга чалинган кишилар сони кўпайиши баробарида бу касаллик ҳақида огоҳлантирувчи турли материаллар ҳам кўпайиб бормоқда.
Ўзбекистонда ОИТСга чалинган кишилар сони кўпайиши баробарида бу касаллик ҳақида огоҳлантирувчи турли материаллар ҳам кўпайиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг бир неча вилоятида ноябр ойи “Орттирилган Иммунитет Танқислиги Синдромига қарши кураш ойлиги” дея эълон қилинган. Бугунги кунда Ўзбекистонда ОИТС билан боғлиқ вазият қандай? Озодликнинг бу борадаги саволларига Ўзбекистон ОИТС маркази мутахассиси Майсара Ғозиева жавоб берди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2008 йил январида 10 015 нафар ОИТВ ташувчиси аниқланган. 2009 йил январ ойида эса касаллик ташувчилари сони 12 816 нафарга етган. Бу бўйича 2010 йилги маълумотлар шу пайтга қадар эълон қилинмаганига қарамасдан, мутахассислар дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ОИТСга чалинганлар сони йилдан-йилга ошиб бораётганини қайд этадилар. Айни пайтда Ўзбекистон ОИТС маркази мутахассиси Майсара Ғозиева кейинги йилларда аҳолининг бу касаллик ҳақидаги тушунчаси кенгайган, деб ҳисоблайди.

Майсара Ғозиева: “Ҳақиқатан кўпаяяпти” деб, бир томондан қарашингиз мумкин. Иккинчи томондан, биласизми, давлатимиз бизга жуда ҳам яхши, сифатли тест система олиб бераяпти. Чет элдан касалликни 99.95 фоизга аниқ аниқлайдиган система олиб бераяпти. Олдинги пайтда тест системаларимиз кўп касалликни аниқлаб бермасдан ўтказиб юборар эди. Иккинчидан, одамларнинг онги анча кўтарилди. Ўзининг соғлигидан хавотирга тушиб, шифокорга мурожаат қилиши кўпайди. Ундан кейин никоҳланувчиларимиз ҳам бориб, ўзини соғлигини текшириб, кейин никоҳдан ўтаяпти. Бу тарафларини ҳам ҳисобга олиш керак-да. "Ўзбекистонда кўпайиб кетаяпти” деган гапнинг кераги йўқ.

Озодлик: Балки шу касалланган одамлар бўлган, аммо шифокорга мурожаат қилмагани учун ОИТВ борлигини билмагандир?

Майсара Ғозиева: Йўқ, гап билишмаганида эмас. Озгина бўлса ҳам шу касаллик бўйича билимлари ошган. Тушунчаси бор.

Озодлик: Бу айнан тарғиботдан кейинги бўлаётган натижаларми?

Майсара Ғозиева: Мана шу олиб бораётган тадбирларимиздан кейин бўлаяпти.

Озодлик: Ўзбекистонликлар орасида ОИТВ юқтириб олаётганларнинг кўпаяётганига миграция ҳам сабаб бўлиши мумкинми?

Майсара Ғозиева: Энди жуда кўп ўзбекистонликларда дейиш қийин. Ҳамма жойда ҳам мигрантлар бор. Расмий чиқиб кетадиганлар бор, норасмийси бор. Расмий чиқадиганлар текширтириб, маслаҳат олади. Бизда тестдан олдинги ва кейинги маслаҳатлар бор. Лекин шулар бўйича ҳам ишлар олиб борилаяпти. Маҳаллада чет элга кетганларнинг оиласида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилади.

Озодлик: Бугунги кунда ОИТВ билан касалланганлар кўпроқ кимлар?

Майсара Ғозиева: Касалликка чалинувчи нозик гуруҳлар ёки хавфли гуруҳлар деймиз. Гиёҳвандлар, фоҳишалар. Энди хозир булар орасига баъзи бир мигрантлар ҳам кириб келаяпти. Ҳозирги кунда жинсий алоқа йўли орқали яна кўтарилаяпти.

Озодлик: Раҳмат, Майсара опа.
XS
SM
MD
LG