Линклар

logo-print

Қайси халқда эртак йўқ дейсиз? Эртаксиз миллат, элат ёки халқни тассавур қилиб бўлмайди. Эътибор беринг, эртакларда ёмонлик яхшилик олдида енгилади, довюрак ва очиқкўнгил қаҳрамонлар ёвуз ва қора кучлар устидан¸ албатта¸ ғалаба қозонади.


Бу эртаклар ёрдамида инсоният ўз авлодини тарбиялайди, яхшилик ва ёмонликни осон ажратишга ўргатади. Яхшиликка интилган, қаҳрамонлик қилганлар бой-бадавлат бўлади, уларни энг чиройли аёллар севиб қолади, улар обрў-эътиборга сазовор бўлади... Хуллас бахтли ҳаёт кечиради.

Одам “эртак ёшидан” чиққани билан, эртакларга ишонмасдан қолмайди. Фақат энди унинг қаҳрамонлари ўз қиёфаси ва мақсадларини ўзгартиради. Кимдир подшоҳлардек бой-бадавлат бўлишга интилади, яна биров маликалар ҳуснию қоматига эга бўлишга ошиқади, яна кимдир ботир бўлиб барча душманларини бир зарба билан енгишга интилса, бошқаси тошни олтинга айлантирувчи афсунгар ва сеҳргар бўлиб қолишни истайди. “Эээҳ, қани эди....”, деб сўз бошлайди у. Шунинг учун бўлса керак, эртакка ўхшаш ҳинд филмларини, афсонавий корейс сериалларию ғайритабиий Ҳолливуд асарларини мириқиб томоша қиламиз.

Эртанги кунимиз, сўзсиз, бугунги кундан ва айниқса¸ ўтган кунлардан яхшироқ бўлишига ишонамиз. Эртанги кунга ишонмасдан яшашдан на ҳожат! Ҳар биримиз ўзимиз яратган эртакда яшаймиз ва уни янада ғаройиб тафсилотлар билан тўлдириб борамиз.

Ана энди ҳаётимизни мана шу эртакларсиз тасаввур қилинг...

Ҳар бир эртак қаҳрамонлар атрофида айланади, уларнинг саргузаштларию ботирлигини тасвирлайди. Қайси халқ ўз Алпомиши ёки Барчинойига эга эмас?!

Бу сўзларни тинглаб “Нима бизга эртак айтяптими?”, дейишингиз мумкин...

Мени бир савол қийнаяпти. Шу билан дардлашмоқчиман... Қадимги қаҳрамонларга жуда бой халқмиз. Шу даражада боймизки, қўшниларга улашиб ҳам камайиб қолмаймиз (қизиғи, Шимолий Кавказдаги кўплаб халқларда Амир Темур миллий қаҳрамон ҳисобланар экан!).

Мен замонавий қаҳрамонлар ҳақида гапирмоқчиман. Куни кеча “Собир Раҳимов” метро бекати “Олмазорга” айланганини эшитиб, ўзбеклар яна бир улкан ботиридан айрилди, деган фикр пайдо бўлди. Менга “Собир Раҳимов қозоқ-ку?!”, дейдиганлардан қўшни эшикка таққилатишни илтимос қиламан. Собир Раҳимов буюк Ўзбек генерали! Гап тамом!

Гуглда “Собир Раҳимов метро станцияси”ни тердим. “Википедия”да чиқарган саҳифада аллақачон “Олмазор (станция метро)”си турганини кўриб ёқамни ушлаб қолдим. Қойил э! “Жа, эпчилсиз де, келин!”, дейди машҳур ҳаётдан олинган эртакдаги машҳур қаҳрамон ундан-да машҳур, лекин қаҳрамон бўла олмаган темир хотинига. Бундай оперативлик кимга керак экан? Совет Иттифоқи қаҳрамони, 37 гвардия ўқчи дивизияси генерал-майори, Белорус фронтининг энг кўзга кўринган саркардаларидан бирининг қаҳрамонлиги 60 йилдан кейин кимнинг тинчлигини бузиб қўйди?

Фарзандим савол бериб қолса: ”Дада, замонавий ўзбек қаҳрамонлари борми?” Нима деб жавоб беришим керак?

Шомаҳмудовлар оиласи Совет тузумига хизмат қилган, шунинг учун тўғри келмайди...

Ҳамза “Яша, Шўъро!”, деб ёзган, миллий ғоямизга зид, хотиниям ўрис бўлган...

Қўрбоши Шермуҳаммадбек бир кўзи қийшиқ бўлган, қаҳрамонга ўхшамайди...

Мадаминбек қизиллар билан сулҳ тузмоқчи бўлган, эркка даъват этган, демак сотқин...

Шерали билмадим нимага, лекин барибир “юқоридагиларга” ёқмайди, шу сабабли қаҳрамонликка тортмайди...

Анвар пошшо турк бўлган, мухолифатга аралашган, қолаверса Туркия билан муносабатимиз чатоқ...

Дукчи эшон ҳақида камроқ гапирайлик, минг қилса қирғиз, қолаверса эшонлардан, тинчгина юрайлик, қўйларинг...

Файзулла Хўжа, Қайғусиз Отабоев, Мустафо Чўқой, Усмон Хўжа ва бошқалар миллий давлатчиликка даъват этган; минг қилса даъват, одамларни ҳар хил хаёлларга чорлаган, хавфли шахслар...

Рауф Парфилар энди ғирт бузғунчи, одамларни равон фикрлашдан чалғитади, ҳар бир буйруққа “Нега?” деган савол беришга ундайди..
.
Жадидлар ҳақида сўз оча кўрма: улар Ўзбекистонда Турк лицейларини очган, Европача таълим, халқ бошқарувини жорий қилишни илгари сурган; нима қилади қора халқ бошқарувни- бошига урадими…

Саид Олимхонни қаҳрамон қилишни ўйлаб кўриш мумкиндиров, фақат олдин олтинларни қаерга кўмганини айтсин...

Абдурашид Дўстум афғон ўзбекларидан, билиб бўлмайди, америкаликларга сотилган бўлиши мумкин...

Солижон Шарипов ва Владимир Жонибековлар Россия ракеталарида учган, ўзимизникида учса кейин қаҳрамон қиламиз, ҳозирча кечирасиз...

Вали Қаюмхон, Боймирза Ҳайитлар, биродари азиз, фашистларга хизмат қилган...

Алишер Усмонов, Искандар Маҳмудов, Фаттоҳ Шодиевларга- Саид Олимхон ҳазратларига айтилган гап...

Машраб ҳам бўлмайди, фалсафаси кўп, тушунарсиз шеърларни ёзган, раҳбариятга ҳурматсиз бўлган, қолаверса хотинсиз ўтган, шубҳали шахс...

Демак, хулоса қилиб айтиш мумкинки, Амир Темурдан кейингилари қаҳрамонликка арзимайди!

Эътирозлар қабул қилинмайди! Имзо, сана, муҳр...

Бизларда замонавий қаҳрамонлардан ким қолди ўзи?

Агар бундай одамлар қаҳрамонликка ярашмаса, унда ким қаҳрамон? деб эътироз билдиришингиз мумкин...

Нима қилибди¸ ҳаммамиз Ватанни севамиз! Лекин Сиз, дўстим, мана бу 20 йилдан берисидаги Ватанни севинг, ундан олдингисида нуқсонлари бор, қисқаси “сиёсатга” тўғри келмайди...

Менда ажойиб фикр туғилди... “Собир Раҳимов”... йэ, узр...”Олмазор” метро бекатига тушсангиз генерал Раҳимов горельефлари тасвирланган. Бу одамни номини тўлиқ хотирадан ўчириш учун ўзбек генералининг горельефини олмалар тасвирланган барельефга алмаштиришни таклиф этаман!

Шунингдек, пойтахтнинг барча метро бекатлари номларини мева-чева, турли ўсимликлар номига аташни тавсия қиламан! Чунки мева-чевалар ўта нейтрал, сиёсий ва ғоявий жиҳатдан ўта бефарқ, ҳар қандай аналогиялардан йироқ. (Банандан ташқари: Африкани эслатяпти, “Мен қорами?!” аналогияси).

Тасаввур қилинг, қандай гўзал ҳаёт бошланади! “Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади! Кейинги бекат Олмазор( Узумзор, Гулзор, Бедапоя, Тутзор, Қовоқзор)...” Мана Минг Ўрик, Чилонзор, Бодомзор, Миллий Боғимиз аллақачон бор...

Кейин, “Олмазор” бўлгани маъқул “Себзор”га Душанбе даъвогарлик қилади.

Навбат, “Пушкин” билан “Чкаловга”...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG