Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:00

Ўшликлар бу йил ҳажга деярли бормади


Июн қирғинидан сўнгги Ўш ўзбекларининг кўпчилиги бугун қишдан қандай омон чиқиш ташвиши билан банд.
Июн қирғинидан сўнгги Ўш ўзбекларининг кўпчилиги бугун қишдан қандай омон чиқиш ташвиши билан банд.

Бу гапни июн қирғинини бошидан ўтказган, шу кунда ҳам кўнгилларига хотиржамлик қайтмаган ўшликлардан бир неча нафари айтди. Айни пайтда Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасидан олинган маълумотга қараганда, республика учун Саудия Арабистони ажратган квотадан тўла фойдаланилди.


Ўшда ким кўп – ҳожи кўп. Шу қадар кўпки, кейинги йилларда бир ўшлик бошқа бир нотаниш ҳамшаҳрига, ҳар эҳтимолга қарши, “Ҳожи ака”, деб мурожаат қиладиган бўлиб қолган.

Бироқ июн қирғини туфайли ҳажга бориш бу йил ўшликнинг кўнглига сиғмади.

Ўзини Шокир ҳожи, деб таништирган ҳожи ака шаҳар четидаги Увомбўйи гузари билан Мирзаолим гузари ўртасида маҳаллада яшайди. Шокир ҳожидан, “Сиз яшайдиган маҳалладан ўтган йили неча киши ҳаж қилган эди?”, деб, сўрадик:

- Ўтган йил тахминан 15-20та одам борган эди. Бу йил бирорта одам ҳажга бораëтгани йўқ.

Озодлик: Пул йўқлигиданми, кўнглига сиғмаганиданми ëки пули ҳам бор, кўнглига ҳам сиғиши мумкину, лекин “Шундай шароитда мен ҳаж қиламанми?” деб ҳижолат бўлганиданми – нима учун бўлиши мумкин? Энди ҳар бир одам учун жавоб бера олмайсизу.

- Пули бор, ëзилиб қўйганлар уйи куйиб кетди, унинг орасида пули ҳам куйди, сотаман деган молини ўғирлаб кетди, сотаман деган машинасини олиб кетди, бирорта одам қидиргани йўқ. Шу бўйича биринчидан, моли йўқ, пули йўқда энди, эплаб пулини сақлаб қолган бўлса, у ҳажга борганни кузатиш бор, келиш бор, кетиш бор. Вайронанинг ичида уни ким кузатади, ким кутиб олади? Ҳам моддий, ҳам маънавий шароит тўғри келмаяпти, дейди Шокир ҳожи.

Солижон ҳожи ака шаҳарнинг Шаҳидтепа масжиди яқинидаги маҳаллада яшайди.

Озодлик: Маҳаллангиздан бу йил ҳажга кетганлар борми йўқми?

- Шаҳидтепанинг бу ëғида мен ҳаммани биламан, битта ҳам одам бормади.

Озодлик: Бултур қанча одам борган эди?

- Бултур 20-30та одам борган. Маҳалламиздан ҳар куни ҳаждан келганларнинг уйига қуллуқ бўлсинга борганмизда. Ўтган йил жуда кўп одам борган, дейди шаҳидтепалик Солижон ҳожи ака.

Солижон ҳожи ака бир неча йиллардан бери ҳаж сафарини уюштириб келаётган ҳожибошилардан бирининг яқини.

Қариндошингиз бу йил ҳожибошилик қилдими, деб сўрадик.

- Йўқ, унақа ишга яқинлаштирмади. Битта ҳам ўзбекни олмади.

Озодлик: Ким яқинлаштирмади?

- Диний назоратдан, дейди Солижон ҳожи ака.

Солижон аканинг айтишича, бу йил Раҳматулло ҳожи, Халил ҳожи, Содиқжон ҳожи, Аҳмаджон ҳожи ва бошқа миллати ўзбек ҳожибошилар ҳажни уюштириш ишларига “яқинлаштирилмади”. Тилга олинган ҳожибошилар шу кунда республикадан ташқарида яшамоқда.

Черёмушкалик Манзурахон опадан ҳам сўрадик.

Озодлик: Маҳаллангиздан нечта ўзбек ҳажга кетди?

- Бизнинг Черëмушкадан бирортаси ҳам кетгани йўқ, деди Манзурахон опа.

Лекин баъзи маҳаллаларда ҳажга кетганлар ҳам борлигини билдик.

Мажримтоллик Исмоилжон ҳожи ака.

Озодлик: Мажримтолдан бу йил неча киши кетди?

- Менинг ҳозирча билишим бўйича тўрт киши кетган. Улардан иккитаси она-болалар, Мамажоновлар оиласи. Бир синглимиз онасини олиб кетган.

Озодлик: Яна иккитасичи?

- Яна иккитаси бизнинг маҳалланинг ичкарироғидан экан, Оқгўр томон деб қўямиз. Уларнинг исмларини билолмадим кимлигини, дейди мажримтоллик Исмоилжон ҳожи ака.

Ўшликлар билан қилганимиз савол-жавоблардан пайдо бўлган саволларимизни Қирғизистон муфтийси Чубақ ҳожи Жалиловга бермоқчи бўлдик. Лекин ҳамма саволларимизни ҳам беролмадик.

Мана эшитинг.

Озодлик: Бу йилги ҳаж мавсуми қандай кетаяпти? Шулар ҳақида информация олмоқчи эдик.

- Бу ҳақида информацияни госкомиссиядан олсангиз яхши бўлар эди. Чунки масъулият ҳаммаси госкомиссияда по делам религии.

Озодлик: Сизлар шуғулланмаяпсизларми?

- Йўқ, муфтият шуғуллангани йўқ. Биз фақат масала айтамиз Арофатда, Минода. Транспорт, виза масаласи ҳаммаси госкомиссияда.

Озодлик: Сиз ҳеч бўлмаса қанча ҳожи кетганини биларсиз.

- 4680 биздан расмий айтилаяпти. Бизга виза бериб кетган Қирғизистоннинг Саудиядаги элчиси 5140 виза бериб кетган деб айтади. Аниқ маълумотни госкомиссиядан олсангиз яхши бўлади.

Озодлик: Ўшда 41 киши кета олмаяпти, виза ололмаяпти деб жанжал бўлаëтган эдику. Шу масала қандай ҳал бўлганини биласизми?

- 41 киши ҳозиргача кета олгани йўқ. Виза келгани йўқ ¸дейишаяпти. Остонага бориб келдик, виза берилмади дейишаяпти. Ҳозир булар хатларини ëзиб муфтиятга, госкомиссияга, президентга, губернаторга жўнатаяпти, дейди Қирғизистон муфтийси Чубақ ҳожи Жалилов.

Эшитганингиздек, муфтий жанобларининг "ҳажни уюштиришга алоқамиз йўқ", деган баёноти туфайли муҳим саволларимизни у кишига беролмадик.

Диний ишлар бўйича давлат агентлиги билан боғланишнинг эса, имкони бўлмади.

Бироқ “Қирғизистон ва Ўрта Осиё мусулмонлари конгресси” ташкилоти раҳбари Бақит Нурдиновнинг 1 ноябр кунги баёноти саволларимизнинг бир қисмига жавоб бўлиши мумкин.

Нурдиновнинг 24kg сайтида эълон қилинган ўша баёнотида айтилишича, Ўшдан ҳажга кетолмаётган 41 кишининг сафарини Диний ишлар бўйича давлат агентлиги “квота тугаб қолди”, деган баҳона билан тўхтатиб қўйган.

Нурдиновнинг айтишича, “квота доирасидаги жойларнинг катта қисми хитойлик, туркиялик ва тожикистонликларга қиммат нархда сотилган”.

24kg сайти, шунингдек, Ўш шаҳри ҳожибошисидан олинган мана бу маълумотларни ҳам келтирган: Ўш вилоятида 400, Жалолобод вилоятида 250, Боткен вилоятида 150, мамлакат шимолидаги Чуй вилоятида эса 800 та ўрин бўш қолган. Яъни шунча одам ҳажга бориши мумкин эди, лекин талабгор чиқмаган.
XS
SM
MD
LG