Линклар

Истеъфодаги майор: Қийноқ қўлламайдиган мелиса йўқ

  • Барно Анвар

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар далили бўлган маҳбусларнинг қонли кўйлаклари.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар далили бўлган маҳбусларнинг қонли кўйлаклари.

БМТ Тараққиёт Дастури Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон республикаси милиционерларига қийноқларга қарши курашда халқаро нормаларга риоя қилиш борасида тренинг ўтказди.


Шу мазмунда 9 ноябр куни баъзи электрон ахборот воситаларида берилган хабарлардан сўнг Озодлик бу минтақадаги Ички ишлар бошқармалари фаолияти ва у ерларда ҳибсга олишлар, қийноққа солишлар билан боғлиқ бугунги вазият билан қизиқди.

Зеро, қийноқлар масаласи тилга олинар экан, кўпроқ диний ва сиёсий мотивлар билан ҳибсга олинганлар қийноққа солиниши ва бу ҳолатлар кўпроқ Ўзбекистоннинг Фарғона водийси, Тошкент шаҳри ва вилояти, кейинги вақтларда эса Қашқадарё вилоятларида кўп учраётгани кузатилади.

Хоразм ва Қорақалпоғистонда бундай жараёнлар йўқми ёки бундан халқаро матбуотнинг хабари йўқми, деган савол билан хоразмлик ҳуқуқ фаоли, муқаддам Ички ишлар органларида ишлаган ва майор унвонига эришган Отаназар Оллоберганов билан суҳбатлашдик.

- Диний мотив, сиëсий мотивлар бўйича мен охирги бир-икки йилда қамалган одамнинг ўзини билмайман. Чунки бизда йўқ. Водий тарафларда бўлган бўлиши мумкин. Бу яқин орада бизда унақа бўлгани йўқ. Бир "Нурчилар" деб нурчилар чиқди. Ҳибсга олинди, улар судланиб¸ ўз жазосини олиб кетди. Бошқа улар тўғрисида гап ҳам йўқ.

Озодлик: Отаназар ака, сиз аввал ички ишлар идораларида ишлагансизку. Ўзингизнинг касбий фаолиятингизда дуч келмаганмисиз Хоразмдаги ички ишлар бошқармаларида, ҳибсхоналарда қийноқ қўлланилишига оид ҳолатларга?

- Энди у пайтда мен ўзимдан келиб чиқсам, мен ўзим қамалганман. Гдлян даврида пахта иши бўйича нима қилиб Янгибозор тумани ички ишлар бўлими бошлиғи муовини эдим мен. Ўзимнинг қўлимда ишлайдиганлар ҳибсга олинганимдан кейин каллаларимни ëриб, бармоқларимни синдириб ташлашди.

Озодлик: Хоразмда бўлганми бу ишлар?

- Ҳа, Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси вақтинча сақлаш тергов изоляторида бўлган гап бу.

Озодлик: Кимлар эди сизни қийноққа солганлар? Ўзингизнинг ëнингиздаги ҳамкасбларингизми?

- Ҳа, менинг ҳамкасбларим. У йигитлар ҳам ўзининг йўли билан қамалиб кетди. Қайтар дунë дегани шу бўлар эканда. Улар ҳам жиноят қилиб, қорадори билан шуғулланиб, қамалиб кетди.

Озодлик: Улар сиз билан битта идорада ишлар эди. Сизни қийноққа ҳам солишган, қорадори билан ҳам шуғулланишган.

- Ҳа. Ҳозир ҳам бор улар. Ҳозир ҳам шунақалари кўп буларнинг.

Озодлик: Отаназар ака, сиз ўзингиз қийноқ қўллаганмисиз?

- Мен қийнаб кўрган эмасман. Бировга ëмон гап гапириб нима қилган эмасман. Шунинг учун ҳам Худога шукур қаерга борсам “началник келинг” деб ҳозиргача ҳурматдаман.

Озодлик: У-бу кимни сўроқ қилгандирсиз иш фаолиятингиз давомида?

- Сўроқ қилганмиз.

Озодлик: Босим ўтказмаганмисиз, таҳдид қилмаганмисиз?

- Йўқ, энди озгина нималар бўлади. Қонун бўйича қўрқитиб гапириш ва ҳоказолар бўлади. Қўрқитмасангиз ҳам олдингизга келган одам қўрқиб ўтиради. Милиция чақирибди, терговчи чақирибди дегандан кейин ўзи қалтираб, қўрқиб келади. Айниқса ҳозир. Бизнинг пайтимизда ҳам яхшимас эдию, лекин бизнинг пайтимизда ҳақиқат бор эди бироз.

Озодлик: Мана ҳозир Хоразмдаги, Қорақалпоғистондаги милиционерларга тренинг ўтказилаëтган экан. Мана сизни ҳамкасбларингиз қандай калтаклаганларини эсладингиз. Ҳозир аҳвол қанақа? Хоразм ва Қорақалпоғистонда милиция орасида қийноқ қўлламайдиганлари борми?

- Унақалари йўқ, лекин бизга мурожаат қилгани йўқ буларнинг. Мурожаат қилган шахслар йўқ. Одамлардан эшитамиз. Одамларнинг олдига бориб, “Айтинг гапингизни. Бир гаплашайлик” деса, “Йўқ, керак эмас” деб қочади. Бизнинг пайтимизда бор эдию, кам эди. Буни кўзимиз билан кўрганмиз. Ҳозир далил-исбот бўлса ҳам, бўлмаса ҳам хоҳланг хоҳламанг тўғри одамни ҳам айблашга имконияти бор буларнинг. Ҳозир техника хоҳлаган одамга хоҳлаган айбни ëпиштиришга қодир. Биров бировга ишонч йўқ ҳозир. Икки кўзингизга ҳам ишонч йўқ, бурнингиз бўлмаса тамом. Келади олдингизга. Келиб ярим йўлга борганда, ҳалигилар қўрқитиб таҳдид қилиб қўйса, гапидан қайтиб кетади. Сиз ҳеч ким бўлиб қолаверасиз. Милиция ўзига ўзи ишонмайди. Ҳозир отасининг пулига, отасининг молига ўқиб, билимсиз бўлиб келганлар ўтириб олди ҳамма жойга. Терговда ҳам шу, жиноят қидирув бўлимида ҳам шу. Судда ҳақиқий далил билан ўтган иш йўқ. Хоҳласа хоҳламаса бир қоғозни ëзади. Ëзган қоғози нотўғри бўлса ҳам, ëлғон бўлса ҳам ўтиб кетаверади. Ана шунақа ҳолат ҳозир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG