Линклар

Бугун Бишкекда октябр ойида ўтказилган парламент сайловларида ғолиб топилган беш партия вакилларига депутатлик мандати ва кўкрак нишони топширилди. Янги парламентнинг илк мажлиси маҳаллий вақт билан соат 14 да бошланиши эълон қилинган.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, парламентнинг биринчи мажлисини ёши энг катта бўлган депутат олиб боради. Бугун бу вазифани “Ата Мекен” партиясидан сайланган депутат Ташпўлўт Балтабаев олиб бориши кутилмоқда.

Қирғизистонда шу йилнинг 10 октябр куни ўтказилган сайловда 29 сиёсий партия иштирок этган, улардан 5 фоизлик тўсиқдан ўтган 5 партия парламентга ўтганди. Қозонилган овозлар миқдорига қараб, мамлакат Марказий сайлов комиссияси қарорига мувофиқ, парламентдаги мавжуд 120 ўриндан 28 ўринга Ата Журт, 26 ўринга социал-демократлар, 25 ўринга Ар-Намис, 23 ўринга Республика, 18 ўринга эса Ата Мекен партиялари эга бўлган.

Шу йил июн ойида ўтказилган умумхалқ референдумидан кейин сиёсий бошқарув тизимига катта ўзгартишлар киритилган Қирғизистонда бундан буён парламент етакчи институтга айланади, шу жумладан, бош вазирни ҳам сайловда 50 фоиздан кўпроқ овоз олган партия кўрсатади. Аммо парламентга ўтган партияларнинг ҳеч қайсиси бу қадар кўп овоз қозонолмагани учун эндиликда бош вазирни бир неча партиядан тузилган коалиция кўрсатиши керак.

Сайловнинг дастлабки натижалари аллақачон эълон қилиниб, парламентга кимлар ўтиши аниқ бўлганига ҳамда парламентга ўтган партиялар вакилларида ўртасида анчадан буён турли маслаҳатлашувлар ўтказиб келинаётгани қарамай, шу пайтгача партиялараро коалициялар тузилган эмас.

Ар-Намис партияси лидери Феликс Қуловнинг 10 ноябр куни журналистларга маълум қилишича, парламентда коалиция тузиш бўйича конкрет музокаралар ҳали бошлангани ҳам йўқ. Қулов ўз партияси бош вазир номзодини кўпчилик фракциялар кўрсатиши таклифи билан чиққанини айтди.

Республика партияси лидери Ўмурбек Бабанов эса ўз партияси Қирғизистон социал-демократлар партияси билан тил топиша билганини, аммо Ата Мекен партияси билан муайян масалаларда келишолмаётганини билдирди. Айни пайтда у ўз партияси 5 фракциядан иборат кенгайтирилган коалиция тарафдори эканини таъкидлади. Бабановга кўра, кенгайтирилган коалиция Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва демократияга хизмат қилади.

Аснода Ата Мекен партияси лидери Ўмурбек Текебаев парламентга ўтган фракция лидерларининг коалиция тузиш бўйича ўзаро маслаҳатлашуви 10 ноябр куни кечқурун ёки 11 ноябр куни эрталаб ўтказилишини айтди.
XS
SM
MD
LG