Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:01

Тожикистонда чиқиндихона биттага кўпайиши мумкин


Сўғд вилоятидаги уран "қабристон"лари бутун минтақа учун хавф солиши айтилади.
Сўғд вилоятидаги уран "қабристон"лари бутун минтақа учун хавф солиши айтилади.

Тожикистонда яқин орада инсон ҳаёти учун хавфли бўлган яна битта уран чиқиндихонаси пайдо бўлиши мумкин. Адрасмон шаҳри ҳудудида жойлашган чиқиндихонани бошқа жойга кўчириш режалаштирилган.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазири Шерали Гул сўзларига кўра, Сўғд вилоятининг Адрасмон шаҳарчаси ёнида жойлашган “Катта Конимансур” конида ишлар бошланиши бунга сабаб бўлган. Чунки хорижлик сармоядорлар шаҳар ён атрофидаги радиоактив қолдиқлар кўмилган “қабристонлар” кўчирилишини талаб қилган. Акс ҳолда, бу ерда кон қазиш ишлари бошланмайди.

Шўролар даврида Адрасмон кон-бойитиш комбинатида ишланган уран радиоактив қолдиқлар миқдори 400 минг тоннани ташкил этади ва бугунги кунда наинки вилоят, балки минтақа учун катта хавф туғдирмоқда.

Адрасмон Ўзбекистоннинг Ангрен ва Олмалиқ туманлари билан чегарадош. Шўролар даврида Ўзбекистон томони Адрасмон ва Олтинтопган шаҳарчаларида ён атрофидаги тоғларда кон қазиш ишларини олиб борарди.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги маълумотларида айтилишича, уран қолдиқларини Табошар шаҳрига кўчириб, кўмиш режалаштирилган.

Бироқ мутахассислар ва таҳлилчилар ҳукуматнинг бу режасини ўйлаб кўрилмай амалга оширилаётган тадбир, дея баҳолашмоқда. Зеро, собиқ иттифоқ даврида Табошар шаҳридаги “Заря Востока” ҳарбий саноат корхонасида ишланган радиоактив қолдиқларнинг ўзи 450 гектар ерда кўмилган.

- Уран “қабристонлар”ини зарарсизлантириш ёки бир жойдан иккинчи жойга кўчириш ишларини бир зумда амалга ошириб бўлмайди. Айтайлик, реабилитация ишлари босқичма-босқич амалга оширилиши керак. Чунки вилоят сейсмологик жиҳатдан хавфли минтақа эканлигини унутмаслик керак. Бу ерда 9 баллгача ер қимирлайди. Қолдиқларни кўчириш масаласига келсак, аслида бундай ишларни ҳеч қачон қилмаслик лозим. Чунки бу қолдиқларни атом бомбасининг портлаши билан тенглаштириш мумкин, дейди ядровий физика соҳаси бўйича фанлар доктори, академик Музаффар Юнусов.

Германиядаги “Штоллер” (Stoller) компанияси Табошар шаҳрида уран чиқиндихоналарини зарарсизлантириш ишлари билан шуғулланади. Компания директори Лутц Шнайдер уран қолдиқларини одамлар саломатлигига зарар етказмай реабилитация қилиш ишларини Германиянинг Висмут шаҳрида амалга оширилган тадбирлар мисолида гапирди.

- Авваламбор нима учун айнан биз бу ерга келдик? Ахир дунёда юзлаб мутахассислар бор. Назаримда, бунга радиаоктив қолдиқларни зарарсизлантириш борасида мутахассисларимиз эришган ютуқлар сабаб бўлган. Зеро,Германия ўзидаги иккита радиоактив моддалар “қабристон”ини қисқа муддат ичида батамом консервация килганлиги бутун жаҳонга маълум. Ҳаттоки ана шу шахарлардан бири Висмут, бугунги кунда сайёҳлар дам оладиган севимли жойга айланган. Мана шу тадбирлар учун учун етти ярим миллиард евро сарфланди, деди Лутц Шнайдер.

Мутахассисларнинг айтишларича, бундай ишларни амалга оширишга Тожикистонда маблағ йўқ. Боз устига, бу жуда хавфли амалиётдир. Вилоятда айни пайтда 55 миллион тонна радиоактив модда чиқиндиси бор. Уларнинг таркибида ишлаб чиқаришга яроқли бўлмаса-да, уран мавжуд.

- Чиқиндихоналар кўмилган, ташланган туманларда юз берган ҳар қандай офат ёки воқеани шу заҳоти қўшнилар сезади. Улардагисини эса биз сезмай қолмаймиз. Худо кўрсатмасин, қаттиқ сел келса ёки ер қимирласа, мана шу уран қолдиқлари Сирдарёга тушади. Дарё эса бу қолдиқларни қўшниларга олиб боради ва жиддий муаммолар юзага келади. Айтмоқчиманки, вилоят ҳудудидаги уран чиқиндихонасини бошқа жойга кўчириш амалиёти “ухлаб ётган аждаҳони ўйғотиш” билан баравар, дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш бўлим раҳбари Асқар Абдувалиев.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, айни пайтда таркибида радиоактив моддалар бўлган жуда кўплаб чиқиндихоналар экологик вазиятга таъсир қилиши билан биргаликда, аҳоли ўртасида турли касалликлар кўпайишига олиб келмоқда. Минтақада саратон, қон босими, сил касалликларига чалинаётган одамлар сони ошиб бораяпти. Шу боис, мутахассислар фикрича, чиқиндихоналарни зарарсизлантириш ишини орқага сурмаслик зарур ва агар бу муҳим иш бажарилмаса, икки-уч йилдан кейин кеч бўлади.
XS
SM
MD
LG