Линклар

Страсбург суди Россиядан Рустам Мўминовни топишни сўради


Рустам Мўминов Россияда қамоққа олингунга қадар Липецкда ошпазлик қилган.

Рустам Мўминов Россияда қамоққа олингунга қадар Липецкда ошпазлик қилган.

Инсон ҳақлари бўйича Европа суди Россия ҳукуматига Ҳизбут-Таҳрир гуруҳига аъзоликда айбланиб Ўзбекистон ҳукумати талаби билан 2006 йилда Россиядан экстрадиция қилинган Рустам Мўминовни топиб¸ унга 20 минг евро товон пули тўлаш мажбуриятини юклади.


4 ноябр куни Страсбургда жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 2006 йилда Россияда қўлга олиниб Ўзбекистон хавфсизлик идораларига топширилган сурхондарёлик Рустам Мўминов иши бўйича якуний қарор чиқарди. Россия ҳуқуқ идоралари Страсбург судининг Мўминов экстрадициясини тўхтатиш ҳақида қарори эълон қилинганидан кейин униЎзбекистонга топшириб юборган.

Экстрадиция қилинган Рустам Мўминов Ўзбекистон суди томонидан Андижон воқеаларига алоқадорлик, Тожикистонда ноқонуний ҳарбий тузилмаларда иштирок этганлик, “конституцион тузумга қарши тажовуз”, фаолияти тақиқланган Ҳизбут-таҳрир гуруҳига алоқадорлик, диний варақаларни тарқатишда айбдор деб топилиб¸ 5,5 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган ва ҳанузгача унинг қаерда сақланаëтгани номаълумлигича қолмоқда.

Мўминов аризаси бўйича Страсбург суди чиқарган қарор катта-шов-шувга сабаб бўлди¸ дейди бу ишни олиб бораётган ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Рябинина.

- Аслини олганда¸ Мўминов даъвоси бўйича унинг экстрадициясини ноқонуний деб тасдиқловчи қарор деярли икки йил олдин- 2008 йилнинг 11 декабрида қабул қилинган эди. Аммо Мўминовни ўзбек расмийларига топширишгандан сўнг у билан барча алоқалар узилиб қолди. Адвокат Ирина Бирюкова сўров билан мурожаат қилмаган жойи қолмади: Россия Бош прокуратураси, Ички ишлар бошқармалари, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари, Бош прокуратураси ва жазони ижро этиш муассасаларига - бирорта жавоб олингани йўқ. Шунинг учун, Страсбург суди Мўминовга компенсация ундириб бериш масаласини номаълум муддатга қолдирди. Россия Адлия вазирлиги мутассадилари ўзларини айбдор эканлигини¸албатта тан олмади ва Мўминовни ушлаб ўзбек махфий органларга топширишни “Ўзбекистоннинг ички иши”, дея баҳолади, дейди Елена Рябинина.

Рябинина хонимнинг сўзларига кўра, 4 ноябр куни Рустам Мўминов иши юзасидан Европа суди қабул қилган қарор катта аҳамиятга эга. Зотан эндиликда Россия ҳукумати нафақат 20 минг евролик товон пули тўлаши, балки Рустам Мўминовнинг Ўзбекистондаги қайси қамоқхонада сақланаëтгани ва унинг аҳволини аниқлаш ва унинг Европа Кенгаши вакили ёки адвокати билан алоқа ўрнатишини таъминлашга мажбурдир.

- Европа суди камдан-кам ҳолатлардагина компенсация тўловларидан ташқари ҳукуматларни қандайдир ҳатти-ҳаракатларга ундовчи қарор қабул қилади. Мен халқаро ҳуқуқшунос Кирилл Коротеев билан шу иш юзасидан гаплашганимда у менга Страсбург судининг бундай қарори Россия адлия тарихида биринчи маротаба қабул қилинганини айтди. Масалан, худди шундай вазиятда Тожикистонга топширилган ва 23 йилга қамалган Маҳмадрўзи Искандаров даъво аризаси юзасидан суд бундай қарор қабул қилмади, чунки Искандаров билан алоқа бор, биз унинг қаерда қамоқда ўтирганлигини биламиз, дейди россиялик ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина

Рустам Мўминовнинг адвокати Ирина Бирюкова Россия ҳукуматининг Европа суди қарорини ижро қилишига ишонмаслигини айтади. Унга кўра, бу қарорни бажариш учун берилган уч ойлик муҳлат давомида Россия расмий вакиллари Страсбург судини янги қоғозлар билан кўмиб ташлайди.

- Уни қидириш учун қандайдир чоралар қўлланилишини жуда хоҳлар эдик. Лекин ич-ичдан сезиб турибман- бу иш билан улар шуғулланмайди. Уч ойдан кейин Страсбургга “Мана, қидирдик, топа олмадик!”, деган ҳужжат жўнатишади. Мен умуман унинг тирик эканлигига ҳам шубҳа қилаяпман. Мен Рустам иши билан 4 йилдан ошиқроқ вақт давомида шуғулланмоқдаман ва бу ишни охирига етказмасдан қўймайман. Биласизми, Ўзбекистонда унга қўйилган “гулдаста” моддалар кулгили туйилади. У одам билан шахсан танишиб, қандай инсон эканлигини кўриб шундай хулосага келдим, дейди адвокат Ирина Бирюкова.

Мўминов адвокатига кўра, Рустам Мўминов қўлга олингунга қадар Липецкда ошпазлик қилган. У ҳатто Липецк вилоятида ўтказилган ошпазлар танловларида иштирок этиб, ғолиб деб топилган. “У нафақат бизнинг ташкилотимиз, балки Москвадаги вақтинчалик тергов ҳибсхонасида ишлайдиган қоровулларга ҳам ош пишириш, овқат қилишни ўргатди, дейди Бирюкова.

- Шундай жиддий айбловлар қўйилган одамнинг вилоят танловида иштирок этиши, телевидение орқали намойиш қилиниши ва журналларда расмлари чоп этилишини тасаввур қила оласизми?! Унинг Ўзбекистондандаги рафиқаси ҳам ҳозир унинг қаерда эканлигини билмайди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг тирик-ўлигини аниқлашда ёрдам беришганда эди....

Агар Россия Страсбург суди қарорини бажармаса¸ унга нисбатан Европа Кенгаши санкциялари қўлланилади, дейди Ўзбекистонга экстрадиция қилинган Рустам Мўминовнинг адвокати Ирина Бирюкова.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон шаҳрида туғилган Рустам Мўминов 2000 йилдан буён Липецк вилоятида истиқомат қилиб келган. 2006 йилда Липецк шаҳрининг кафеларидан бирида ошпазлик қилиб юрган 45 ёшли Мўминов Россия ФСБси томонидан қўлга олинган. У Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159, 216, 244-моддаларининг бир қатор бандлари бўйича халқаро қидирувга берилган ва Ўзбекистон сўрови асосида ҳибсга олинган. 2006 йилнинг октябр ойида Москва шаҳар судида Мўминовнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинишига қарши кассация аризаси кўриб чиқилишидан бир кун олдин, у Ўзбекистон Миллий хавфзлик хизматига топшириб юборилган. Ўзбекистон суди ҳукми билан 5 ¸5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ҳозирда тақдири яқинларига ҳам номаълум бўлиб қолаëтган Рустам Мўминовни аëли ва 3 нафар фарзанди кутмоқда.
XS
SM
MD
LG