Линклар

Ўшда ер босқинчилиги давом этмоқда

  • Сарвар Усмон

Шарипованинг айтишича¸ Ўш губернатори босқинчиларни ўзбек деҳқонлари ерларидан ҳайдаб чиқара олмаган.

Шарипованинг айтишича¸ Ўш губернатори босқинчиларни ўзбек деҳқонлари ерларидан ҳайдаб чиқара олмаган.

7 ноябр куни Ўш атрофидаги ўзбек деҳқонлари ерларини ўзлаштиришга киришган босқинчилар Ўшда ЮНЕСКО ҳимояси остидаги ерларни ҳам эгаллаб олмоқда. Бу ҳақда Озодликка Ўшдаги "Культура плюс" жамоатчилик жамғармаси раҳбари Алима Шарипова хабар қилди.


7 ноябрдан бошлаб қирғиз миллатига мансуб эркак ва аёллардан иборат оломон Ўш шаҳрининг ғарби ва шимоли-ғарбидаги ўзбекларга тегишли далаларни босиб ола бошлади.

Босқинчиларнинг иддао қилишича, уларнинг уй-жой муаммоларини ҳокимият бир неча йилдан бери ҳал қилмай келаётган эди ва шунинг учун қилаётган ҳаракатлари топталган адолатни тиклаш йўлидаги уринишдир.

Маҳаллий кузатувчилар эса, босқинчиларнинг ўшлик эмасликлари, уларни олис туманлардан қандайдир қора кучлар атайлаб олиб келганини айтмоқда.

10 ноябр эрталабигача келган хабарларга қараганда, босиб олинган ерлардаги кескинлик бартараф этилгандай эди.

Бироқ, Алима Шарипованинг айтишича, босқинчилар босиб олгани ерлардан тўла кетгани йўқ.

Суҳбатимиз сўнгги соатлардаги вазиятга оид саволдан бошланди.

Озодлик: Мана сиз билан 10 ноябр куни Ўш вақти билан соат 3 лар атрофида гаплашиб турибмиз. Шу соатдаги вазият биз айтган жойларда қандай?

- Бугун ҳам туришибди. Ҳозир мана шу томондан ўтиб 300-400 одам туришибди. Уже чойларини олишиб, бемалол термосларда дамлашиб катта бир жангга тайëрлангандай бўлишиб, шунақа бир ҳолда туришибди. Эрта билан ҳам туришган эди, ҳозир ҳам у одамлар кетгани йўқ. Шу жойда туришибди.

Озодлик: Мана хабарларга қараганда Ўш вилоят губернатори Сўрунбай Жеэнбеков учрашиб, уларга қилаëтган ҳаракатлари ноқонуний эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилган. Демак, шунга қарамасдан улар турган бўлса, вилоят раҳбариятининг уларга гапи ўтмаяптими, кучи етмаяптими?

- Шу бугунги аҳволга қараб туриб, қандайдир бу нарсани охиригача ечиб, охиригача чиқарадиган ишлар қаралмади губернатор томонидан. Шунинг учун одамлар кетмаяпти. “Биз мана 1-2-5 йилдан бери Ўшда яшаб келаяпмиз. Яшайдиган шароитимиз йўқ” деган нарсалар бўлаяпти.

Озодлик: 7 ноябрдан бери баъзилар “бу ер босиб олувчиларнинг ортида Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов турибди” деган гапни айтишаяптида. Сизнинг назарингизда, шу гапларда қанчалик жон бўлиши мумкин?

- Ўшда шу гап тарқалган. Нимага деганда у 3 ноябр куни расман ўзининг хизматига келди. Кейин ўзи интервью бериб, учта-тўртта каналдан чиқди. “Мен мажбур бўлиб отпускада юрган эдим. Яна қайтиб ўз хизматимга келдим” деб бу нарсани айтиб ўтди. Кейин ўзининг прогнозида “барибир конфликтлар бўлади” деб айтди. У 4 ноябрда айтди, 7 ноябрда тўрт кунга чўзилган кофликт бошланди. Шунинг учун биз анализ қилиб туриб қандайдир отрицателний роли бор деб тушунаяпмиз.

Озодлик: Боя гаплашганимизда “Ўша босиб олинаëтган ерлар ЮНЕСКОнинг ҳимоясида” дедингиз. Шуни тушунтириб берсангиз.

- 2009 йили бизнинг Сулаймон тоғимиз Юнеско фондига киритилган. ЮНЕСКО фондида Қирғизистоннинг мажбуриятлари бор. Қайси жойлар тоғнинг буферний зонасига кирган бўлса, у ерга қандайдир бир рухсатсиз битта ҳам стройка бўлиши мумкин эмас. Кўп қаватли уй ëқда турсин, ҳатто бир этажли ҳам мумкин эмас. Бугунги босиб олинган ерлар ЮНЕСКОга қарашли, тоққа қарашли зона. У ерда битта ҳам стройка бўлиши керак эмас. Ўтган йилларда ерларга, огородларга қандай экилган бўлса, шундай сақланиб қолиши керак.

Фаолларимизнинг ҳаяжонланган жойи шу жойлар берилиб, стройкалар солинган бўлса, албатта¸ ЮНЕСКО ўзининг қарорини чиқариб, бу номинациядан тоғимизни олиб қўйиши ҳам мумкин. Қирғизистон имиджи бўйича шуни биз нима қилиб олиб қолишимиз керак. Ҳеч қачон у ерлар бўлиниши керак эмас, дейди Озодлик саволларига 10 ноябр куни жавоб берган Ўшдаги “Культура плюс” жамоатчилик жамғармаси раҳбари, қирғиз миллатига мансуб Алима Шарипова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG