Линклар

Қишлоқ халқининг ҳолига раҳмингиз келади

  • Барно Анвар

Ўзбекистон қишлоқларида қишда ўтин ғамланмоқда.

Ўзбекистон қишлоқларида қишда ўтин ғамланмоқда.

Ўзбекистонни Ўзбекистон қилиб турган пахтасию ғалласини етиштириб берган қишлоқ халқи¸ қиш эшик қоқиб турган ҳозирги кунларда яна иссиқ ва ëруғсиз қолдирилмоқда¸ дейди қишлоқликлар.


Дўхтирлар қасамини бузмоқда...

Дастлабки суҳбатдошимиз Сирдарё вилоятида истиқомат қиладиган Бахтиёр Миртожиев.

У Тошкент шаҳридаги ҳарбий тайёрлов мактабида ўқийдиган ўғли катта синфлардаги болалар томонидан калтаклангани ва соғлиги оғир бўлишига қарамай шифохоналарга қабул қилинмаётганидан нолиди.

Бахтиëр Миртожиевга кўра, бунга сабаб боланинг ҳарбий мактабда калтаклангани ва шифокорларнинг бу иш ортидан бошланажак тергов-суриштирув оворагарчиликларидан қочаётганидир.

Айтилишича¸ қаттиқ калтакланган бола оёқда туролмайдиган ҳолатда тиббий ёрдамга муҳтож қолмоқда.

- Ҳарбий тайëрлов борку, ўша ерда ўқирди. Ўша ерда катта синфдаги болалар уриб, чўнтагидаги пулини олган экан. Қўрққанидан уйга келган экан. Уч кундан бери уйда. Қайниниларим докторма доктор югуриб юрибди. Борса, докторлар қабул қилишмаяпти.

Озодлик: Нимага?

- Қўрқишаяпти экан терговдан. “Бу Тошкентда ҳарбийда ўқийди. Эртага катта тергов бўлиб кетади. Терговдан судга ошади, югур-югур қила олмаймиз” деяëтган экан.

Озодлик: Докторларга қанақа югур-югур бўлиши мумкин? Улар буни даволаб, касалхонада бўлган нарсани қоғозга ëзиб беради холоску.

- Мен ҳам шунга ҳайронман. Ўзларидан қўрқишаяпти экан. “Қабул қила олмаймиз буни. Тошкентга олиб боринглар” дебди. Бошқа жойга олиб боришса, “Йиқилган деб ëзиб беринглар, қабул қиламан” дебди.

Озодлик: Бу гап қаерда бўлаяпти?

- Сирдарë вилояти, Гулистон шаҳрида. “Почча, иложи йўқ. Ўғлингизнинг мазаси йўқ. Турса, қалтираб йиқилиб тушаяпти. Овқат еса тўйганини билмаяпти. Сотресениеси кучли экан” деяпти. Нима учун улар беморга қарамайди? Улар қасам ичадию оқ халат кийиб, дейди Сирдарё вилоятида истиқомат қиладиган Бахтиёр Миртожиев.


Кўпчиликнинг кўмир сотиб оладиган ҳам ҳоли йўқ...


“Эркин микрофон” эшиттиришига Қашқадарё вилоятидан телефон қилган суҳбатдошларимиз вилоятда куз ва баҳор ойларида чироқ ва газ бўлмаслиги, бу йил ҳам совуқ кунлар тушганига қарамай, аҳоли қоронғу, зах уйларда қишловга кириб бораётганидан нолидилар.

Хусусан, Шаҳрисабздан қўнғироқ қилган Абдулла ака шу кунларда аҳоли ўртасида ғўзапоя талаш бўлаётганидан гап очди.

Шаҳрисабзга бошқа туманлардан келтирилаётган бир боғ ғўзапоя нарзи шу кунларда 1000–1200 сўмга чиқибди.

- Қарши томонлардан олиб келаяптида. Биз Шаҳрисабзда турамизку. 150-200 минг дейишаяпти. Шу ҳам йўқ, етишмаяпти. Бултур 1000-1200 сўмдан олдик.

Озодлик: Ҳозир қанча экан? Ëнингиздагилар билмайдими?

- 1200-1300 деяпти.

Озодлик: Бир тандир нон пишадими бунга?

- Бир ярим боғдан бўлса, уч боғга икки тандир пишадида.

Озодлик: Бир тандир нон бир ҳафтага етадими?

- Йўқ. Икки-уч кун ўтиб нон пиширишимиз керакда. Ўзбекистонда аҳвол жуда аянчли демоқчиманда.

Озодлик: Одамлар фақат ғўзапоя билан қиш чиқараяптими ëки ўтинми, кўмирми сотиб олишаяптими?

- Имконияти борича ғўзапоя сотиб олади. Мисол учун¸ мен қишлоқда тураман. Кўмирни иккита-учта инсон сотиб олмаса, кўпчиликнинг кўмир сотиб олишга имконияти йўқ.

Озодлик: Сиз ўзингиз нима қилмоқчисиз?

- Нима қилардик иложимиз йўқда. Бизларнинг газимизни Ғарбий Европа ëқаяпти тўғрими? Мана светимизни Афғонистон ëқаяпти. Уларда ҳам свет 14-15 соат ўчмаса керак дейман, дейди шаҳрисабзлик Абдулла.


Қишлоқ халқининг ҳолига маймунлар йиғлайди...

Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидан телефон қилган Мурод Рўзиев эса ўз туманида йилнинг совуқ фаслларида газ ва электр токи бўлмаслигини бу ердаги маҳаллий иссиқхоналар эгаларининг ўғирлиги билан изоҳлар экан, мамлакат раҳбарияти сиёсатини ҳозир Ўзбекистон телевидениесида берилаётган корейс сериалидаги қиролича сиёсати билан қиёслади.

- Халқнинг яшашини кўрсангиз, раҳмингиз келадида. Пахтани етиштириб бераяпти мана шу халқ, чўлнинг халқида. Лекин ўшанинг роҳатини кўра олмайди бечоралар. Пахтани талаб қилади, ўшанга яраша свет билан газни етказиб бермайди. Буни қандай тушуниш мумкин? Ўзбекистон пахта сотиш бўйича 6 ўринда туради, дейди. Демак, бу ривожланган давлат бўлиши керак. Бу ерда ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак тўғрими? Ҳозир мана бизларда қиш ойида умуман газ бўлмайди. Теплицалар қуриб ташлаган бойлар йўлларга. Бемалол газни буриб олади. Ҳоким келса ҳам, газ началниги келса ҳам шундай пулини бериб, қайтариб юборар эмиш. Уздиролмас экан ўшани. Лекин бу ëқда халқ қийналиб ëтибди. Президент билмасдир, юқоридагилар билмасдир, ман бу ëқдагилар газни сотиб ëтибди. Мана "Қиролича" деган кино бўлаяпти. Бойларга солиқ солаяпти, камбағал халқларни озод қилаяпти.

Озодлик: Ким озод қилаяпти?

- Кореянинг бир киносини бераяптида. Ўша кинони ҳозир халқимиз қизиқиб кўраяптида. Император халққа ëн босаяптида. Бойларга солаяпти солиқни. Бойларга солиқларни кўпайтириб, камбағалларга озайтираяпти. Ўзбекистондачи? Бойларга солиқ йўқ. Мана халқимиз қанча пахта етиштириб беради, газ ўзимизнинг Қашқадарëдан чиқади, свет мана очилган ГРЭСдан чиқаяпти дейди. Лекин бизда йўқ ана шу газ. Қишда уч ой таъминласин свет газ билан. Ëзда мана шу халққа свети ҳам, гази ҳам керак эмас, дейди Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидан телефон қилган Мурод Рўзиев.


Одамлар сиëсатни тушунмайди


Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан телефон қилган Илҳом Жўраев эса Озодликнинг вебсаҳифасида йўлга қўйилган “Озодлик бекорчиси” лойиҳасининг сўнгги сонида муҳокама этилган мавзуга муносабат билдирди.

Унда ҳамкасбимиз Меҳрибон Озодлик муштарийлари билан “Оқсаройнинг аёлларни бичиш сиёсатини қўллайсизми?” деган мавзуда суҳбатлашган эди.

- Мен бичилишга фикримни билдирмоқчиман. Менталитет деган гап борку, бизнинг менталитет ҳозир мустабид тузимга ўтгандан кейин жуда пасайиб кетдида. Одамлар сиëсатни тушунмайди. Тушунмайдиям, тушунмайдиган қилиб қўйилган. Тушунса, у бирор нарсани гапириши керак. Гапиришга ҳуқуқ йўқ, яъни эркинлик йўқ. Сайлаш сайланиш ҳуқуқи йўқ. Фақат қорни тўйса, мана шунга Худога шукур қилиб юрибди. Халқ бошқа, миллат бошқа.

Озодлик: Одамлар махсус шунақа фикрламайдиган қилиб қўйилган демоқчисиз.

- Худди шундай.

Озодлик: Сиз яшаб турган жойда шу муаммога учраган одамлар бўлдими?

- Йўқ. Мен у тўғрида бу ерларда эшитмадим. Озодликнинг интернетига кирсам, шунақа гаплар экан. Шунга фикримни билдириб қўймоқчи эдим, дейди Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан телефон қилган Илҳом Жўраев.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG