Линклар

Обама яна мусулмонларга мурожаат қилди


Обама ва рафиқаси Жакартадаги Истиқлол масжидида.

Обама ва рафиқаси Жакартадаги Истиқлол масжидида.

Индонезияга қилган бир кунлик сафари чоғида АҚШ президенти Барак Обама Американинг мусулмон дунëси билан муносабатларини яхшилашга қаратилган яна бир мурожаат билан чиқди.


Президентликка келганидан бери АҚШ нинг мусулмон дунëси билан алоқаларини ривожлантириш¸ ўртадаги ишончсизликни бартараф этишга уриниб келаëтган Барак Обама 9 ноябр куни Жакартада шу йўлда яна бир қадам қўйди.

Дунëдаги энг йирик мусулмон давлати ҳисобланмиш Индонезиядаги етакчи университет талабалари билан учрашув чоғида Обама нафақат Индонезия¸ балки бутун дунë мусулмонларини шубҳа ва ëтсирашни четга қўйиб¸ терроризм каби таҳдидларга қарши биргаликда курашга чақирди.

- Биз бу соҳада анча илгари силжиш кўрмоқдамиз¸ бироқ асосий қилинажак ишлар ҳали олдинда. Америка¸ Индонезия ва дунëнинг бошқа бурчакларида бегуноҳ одамлар зўравон экстремизм қурбонига айланмоқда. Мен Американинг на ҳозир ва на бундан кейин ислом билан урушга кирмаслигини ойдинлаштирганман. Бунинг ўрнига¸ биз дунëдаги бирор дин¸ хусусан ислом каби жаҳоннинг буюк дини етакчисиман дейишга мутлақ нолойиқ Ал-Қоида ва унинг шерикларини мағлуб қилиш учун биргаликда ишлашимиз лозим. Яратишни истаган одамлар нияти фақат бузғунчилик бўлган террорчиларга замин бермаслиги керак. Бу эса фақат Америка амалга оширадиган иш эмас¸ деди Обама индонезиялик талабалар олдида қилган чиқишида.

Оқ уй раҳбарининг бу баëноти унинг Қоҳирада Америка ва мусулмонлар ўртасида янги муносабатлар даври бошланиши ҳақида қилган шов-шувли нутқидан 17 ой ўтиб янгради.

Ўтган бир йилдан кўпроқ вақт давомида Америка ва мусулмон дунëси ўртасидаги муносабатларнинг кутилган даражага етмаганини эътироф қила туриб Барак Обама¸ биргина мурожаат билан йиллар давомида шаклланган қарама-қаршилик ва ўзаро ишончсизликни бартафар қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

Айни пайтда Қоҳирадаги мурожаатидан фарқли тарзда АҚШ президенти¸ ислом номидан зўравонлик ва террор содир қилаëтганларга қарши кураш учун бирламчи маъсулият мусулмонларнинг ўз зиммаларида эканини урғулади.

Ушбу курашда¸ мустабид ўтмишдан ривожланган демократияга айланиб бораëтган Индонезиянинг мусулмон дунëси учун намуна эканини айтди Обама жумладан.

- Биз айрича йўлларни босиб ўтган икки давлатмиз. Халқларимиз юзлаб миллион одамга турли динларга эътиқод қилувчиларнинг бир байроқ остида эркин бирлаша олишлари мумкинлигини кўрсатди, деди АҚШ раҳбари.

Мустақил таҳлилчиларга кўра¸Барак Обаманинг АҚШ президентлигига сайланишидан руҳланган мусулмон дунëсида ҳам унинг шуҳрати кун сайин сўниб бормоқда. Хусусан¸ Обама маъмуриятининг Исроил -Фаластин можаросига ечим топа олмаëтгани¸ унинг Яқин Шарқдаги обрўсига путур еткизмоқда. Ўтказилган сўров натижаларига кўра¸ аксар араблар Обама ўзидан олдинги Америка президенти Жорж Буш сиëсатини давом эттирмоқда¸ деган фикрда.

Жакартада мусулмон дунëсига қарата қилган мурожаатида Обама¸ айнан Яқин Шарқ тинчлик жараëнида прогрес йўқлиги ўзаро ишончсизлик манбаи бўлиб қолаëтганини ҳам эътироф қилди.

- Яқин Шарқда сохта муқаддимаю сохта муаммоларга дуч келмоқдамиз. Аммо биз тинчлик кетидан қолмаймиз. Исроил ва фаластинликлар бевосита музокараларни қайта бошладилар¸ бироқ орадаги улкан тўсиқлар ҳамон мавжуд. Тинчлик ва хавфсизликнинг осонгина барпо этилиши борасида ҳеч ким хомхаëлда эмас. Айни пайтда¸ Америка ҳар иккала томон манфаатига бирдек хизмат қиладиган ечим излашдан тўхтамайди. Бу эса¸ ўзаро тинчлик ва хавфсизликда ëнма-ëн яшовчи Исроил ва Фаластин давлатидир. Бизнинг мақсадимиз шудир¸ деди АҚШ ва мусулмонлар ўртасидаги кескинликни юмшатишга қаратилган Жакарта нутқида Барак Обама.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG