Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:34

Тошкентга кўра¸ Ўзбекистонда ўртача маош 553,800 сўмга етган


Инфляция даражаси муттасил ошиб бораëтган Ўзбекистонда аҳоли реал даромадининг қанча эканини аниқлашнинг имкони йўқ ҳисоб.
Инфляция даражаси муттасил ошиб бораëтган Ўзбекистонда аҳоли реал даромадининг қанча эканини аниқлашнинг имкони йўқ ҳисоб.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлигининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид эълон қилган 9 ойлик ҳисоботида келтирилган бу рақамнинг қайси ҳисоб-китоб асосида келиб чиққани жамоатчиликка қоронғу. Аммо кузатувчилар¸ бу рақамга яширин иқтисодда айланаëтган пуллар ҳам қўшилганини тахмин қилмоқда.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ҳисоботига кўра, шу йилнинг 9 ойида ўзбекистонликлар ўртача иш ҳақи ўтган йилга нисбатан 32,1 фоизга ошган.

Президент Ислом Каримов мустақилликнинг 19 йиллигига бағишланган байрам тадбирида ўзбекистонликларнинг яшаш тарзи йил сайин яхшиланиб бораётганини таъкидлар экан, ўртача маошнинг йил охирига бориб 500 долларга етишини таъкидлаган эди:

”1990 йилга нисбатан ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиши тахминан 3,5 карра, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 2,5 баробар ошгани, ўртача ойлик иш ҳақи эса шу йилнинг охиригача қарийб 500 АҚШ долларини ташкил қилиб, тахминан 14 каррага кўпаяди”¸ деган эди Ислом Каримов.

Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлиги президент берган ваъдани бажариб, уни уялтириб қўймасликка ҳаракат қилаётган кўринади. Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид иқтисод вазирлигининг эълон қилган 9 ойлик ҳисоботида ойлик ўртача иш ҳақлари 553 минг 800 сўмга етганлиги айтилди.

Ўзбекистонлик иқтисодчилар ўртача иш ҳақининг 553 минг сўмга етган ёки етмаганини асослаш учун етарли асослар йўқлигини айтади. Зотан Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларида қайси соҳа вакилларининг қанча маош олишлари ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмайди.

Озодлик радиоси Ўзбекистонда яшовчи турли касб эгаларининг қанча ўртача маош олишлари билан қизиқиб кўрди.

Бухоролик фермер Бобомурод Раззоқовнинг айтишича, айни пайтда аҳолисининг учдан икки қисми қишлоқларда яшайдиган ўзбекистонликлар энг кам иш ҳақи олиб ишлайдиганлар қатламига киради:

- Қўл остимиздаги ишчиларга транш, кредит беради, кредитдан ажралган траншни тақсимлайдиган бўлсак, ўртача ойига 25-30 минг атрофида тушади. Бундан ошира олмаймиз. Чунки у кредитга ажратилган пулда. Айтайлик, менда ўнта ишчи бўлса, ўнта ишчига 100-150 минг сўм кредитдан транш ажратилади. Ўзингиз ҳисоблаб қаранг. Бу битта ишчига 15 мингдан тўғри келади, дейди Бобомурод Раззоқов.

Фермер ўртача иш ҳақининг бу даражага етганини эшитиб, бир латифа ёдига тушганини айтади:

- Ҳозир ўртача иш ҳақининг 500 минг ва ундан ошириб гапирилиши, ғалати бир нарса. Бир латифа бор. Афанди чиқарканда кўчага, қишлоққа кетаëтиб “Ҳўв фалончилар. Фалончининг уйи олов олди” деб бақираркан. Одамлар челак, белкурак кўтариб борса, ҳамма жой тинч. Доим шу ишни қилиб турар эканда. Охири одамлар унинг тўла ëлғончилигига ишонч ҳосил қилибдилару, гапига ишонмай қўйишибди. Бир куни ўзининг уйини олов олибди. Шунча югуриб, дод қилиб “Оғайнилар, уйим ëнаяпти. Ëрдам беринглар” деса, одамлар “Яна Афанди алдаяпти” деган экан. Шу билан Афандининг уйи ëниб кетган экан. Келажакда биз ҳам шундай ёлғонлар сабаб, шундай аҳволга тушмайлик деган ҳадик бор менда, дейди Бобомурод Раззоқов.

Ҳокимият бўғинларида ишлайдиганларнинг маоши 553 мингга етиши учун яна икки баравар кўпайиши керак, дейди Самарқанд вилоятининг туманлардан биридаги аҳолини иш билан таъминлаш меҳнат биржасида ишлайдиган мулозим. У хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини илтимос қилди:

- Бизда ҳалиги биржа бору, биржа трудада инспекторман. 270-280 мингга боради. 300 мингга яқин боради. Бу начисление (солиқлардан ташқари) Қўлга олинадигани 240 минг оладида.

Озодлик: Биржада ишлайдиганларнинг энг юқори ойлиги қанча?

- 400 мингга борса керак. Қўлга 350 минг олади, дейди маҳаллий ҳокимият мулозимларидан бири.

Намангандаги “Нотўқима” корхонаси ишчиларидан бири Расулжоннинг айтишича, 500 минг сўмлик иш ҳақини корхонадаги бўлим бошлиқлари ҳам олмайди:

- Масалан¸ у ерда ишлайдиганларнинг ойлиги роса борса, 250 мингга боради. Масалан¸ отдел бошлиқлари. Тўқимачиликда битта отделнинг бошлиқлариники 250 мингга боради.

Озодлик: Бу қўлига оладиганими ëки начислениеми?

- Бу қўлига оладигани.

Маҳаллий ҳокимиятлар вакилларининг солиқлар олинишидан аввалги иш ҳақлари 300 минг бўлиб турган бир пайтда, бюджетдан маош олиб ишлайдиган қишлоқ врачлари ва ҳамшираларнинг маошлари ҳам шу атрофда қолмоқда. Бу ҳақда исми ошкор этилишини илтимос қилган қашқадарёлик шифокор маълумот берди:

- Ҳамширалар ҳозир қўшимчалари билан 220 минглар олади. Бояги вредности учун, стажи, категорияси бўлсагина. Ўшаларга қўшиладида. Фактический ўзининг ойлиги 120 минг атрофида.

Озодлик: Дўхтирлар қанча олади? Мисол учун¸ сиз қанча оласиз?

- Масалан менинг тоифам олий бўлса, 30 йилдан зиëд ишлаган бўлсам, 320-330 минглар оламан қўлимга.

Озодлик: Энг юқорисини сиз оласизда энди-а?

-Ҳа, шундай.

Озодлик: Энди ишга келган, уч-тўрт йил ишлаган, категорияси паст бўлган дўхтирлар қанча олади?

-Уларники 200 мингга ҳам бормайди. Ҳамшираникидан ҳам пастку,-дейди қашқадарёлик шифокор.

Бу қишлоқ духтури ўртача 350 минг сўм маош оламан¸ деди. Албатта¸ 30 йиллик иш тажрибасига эга ва олий тоифали врач бўлганлиги учун. Ва буни энг баланд иш ҳақи деди. Агар дўхтирнинг маоши солиқлар билан ҳисобланса 500 минг сўмнинг тагига бориб қолади.

Ўзбекистонда 500 мингдан юқори иш ҳақи оладиганлар қатламлари ҳам бор. Булар асосан газ-нефт саноати, тоғ-кон, металлургия комбинатлари ишчилари, банк ходимлари ва катта рентабелли корхоналар ишчилари. Масалан, андижонлик Суннатулла ана шундай маош олиб ишлайдиганлардан:

- GM -Ўзбекистон заводида глушител чиқарадиган корхона бор “Автокомпонет” деган. Ўша ерда КамАЗ ҳайдайман. Масалан¸ 103 минг овқат пули бор, овқатга ушлаб қолади. Обед завод тарафидан бериладида бизга. 370 минг қўлга тегади. Светга ушлайди, даромад солиғи, 450 га бориб қоламиз ака. Начислениеси 500 дан ошади, дейди Суннатулла.

Ўзбекистонда милиция ходимлари ҳам энг баланд иш ҳақи олиб ишлайдиганлар қатламига киради. Бу ҳақда исми сир сақланишини сўраган милиция ходими шундай дейди:

- Сержантский состав 500дан зиëд 600 минг сўмгача олади. Иш стажига қараб. Беш йил ишлаëтганларга 550гача. 10 йилдан ошиқроқ ишлаганларга 600дан зиëд 620гача. 200 минги пластик карточкага ўтказилади. Қолганига нақд пул. Офицер состав 700-800га боради. Пойтахтдагилар кўпроқ олади. Чунки уларники столичний обеспечениеда, дейди милиция ходими.

Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи оладиганлар билан энг юқори иш ҳақи оладиганлар маошлари қўшилса, ҳукумат айтган 500 минг сўмлик ўртача иш ҳақи чиқиши мумкин, дейди бухоролик фермер Бобомурод Раззоқов:

- Агар иқтисодчиларимиз гастарбайтерлардан тушаëтган пулни ва бизнес йўли билан қилинаëтган тушумларнинг ҳаммасини ҳисоблаб, буни аҳоли жон бошига тақсимлаган бўлса, унда улар ҳақ. Лекин бу алоҳида олинган инсонлар учун. Бу бутунлай Ўзбекистон халқини қамраб ололмайди. Чунки Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ошиқроғи қишлоқларда яшайди. 500 минг дейилган пулнинг 60 фоиз одамга бир сўми ҳам тегмайди. Алоҳида олинган кишиларнинг даромади ойига 500 минг эмас, 5 миллионгача бўлиши мумкин. Мана шуни олиб ўртача аҳоли сонига тақсимлаган бўлса, демак 500 мингдан тўғри келган бўлиши мумкин. Бу дегани Ҳасанбой гўшт еб ўтирибди, Ҳусанбой нон еб ўтирибди, фалончабой қуруқ ўтирибди деган гапнинг ўзи бўлса керакда, дейди Бобомурод Раззоқов.
XS
SM
MD
LG