Линклар

Ногирон ота Арабистондан иш қидирмоқда


Тирикчилик ғами ногиронларнинг бир қайғусини икки қилмоқда.

Тирикчилик ғами ногиронларнинг бир қайғусини икки қилмоқда.

Ўзбекистоннинг эркагу аёли иш қидириб Россияю Қозоғистонга кетишни бошлаганига ҳам салкам 20 йил бўлди. Тирикчилик ташвиши тўрт мучаси соғ ўзбекистонликлар ортидан ногиронларни ҳам хориждан иш излашга мажбур қилмоқда. Марҳаматлик Йўлдош ака шулардан бири.

Андижоннинг Марҳамат туманида яшовчи, ёши 50 ка борган Йўлдош ака икки қизининг бўйи етганлигини гапиради.

- Ҳозир катта қизим 20 га кирди. Мактабда яхши ўқир эди, ўзи коллежга кириб, тугатди. Иш йўқ. Бир бало қилиб, бир ерга қизимни ярим ставкага кам ойликка ишга киритдим. У ёқ-бу ёқдан келиб, қизимни сўрашаяпти. Мен ҳам бир жойга бориб ишламоқчиман. Россиянинг совуғига ярамайман. Араб давлатига бориб ишласам, шароитни тушунтирсам. Улар тушунса керак. Мана, ҳозир ҳамма Россияда. Ҳар бир оиладан биттадан одам Россияда. Пул қилишиб, уй қилишиб, уйланишаяпти. Қизлар катта бўлишаяпти, элу-юртни кўраяпти. Мен ҳам ўртача, яхшироқ тўй қилишим керак, дейди марҳаматлик Йўлдош ака.

Суҳбатдошимиз Йўлдош ака болалигидан ногирон бўлиб қолган.

- Ўн яшарлигимда автоҳалокатга учраганман. Юк ташувчи машина оёғимни товон қисмини босиб кетган. Жуда кўп шифохонада ётдим, йиллаб ётдим. Секин-аста қўлтиқтаёқда юрадиган бўлдим. Товон териси тушиб кетди. Дўхтирлар касаллик варақамга “асимилит” деб ёзиб қўйди, - дея ўз тарихини бошлайди андижонлик тингловчимиз.

Андижонлик Йўлдош ака оёқ дарди билан ўрта мактабни тамомлаган. Тошкентдаги олийгоҳлардан бирига қабул қилинган чоғда оёқ касали кучайганлиги сабабли ўқишини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Ота-она ногирон ўғлининг кўнгли ўксимаслиги учун уйлантирган.

- Бирин-кетин туғилган фарзандларим турмади. Худодан сўраган эдим, икки қиз берди. Иккита қизимдан кейин, Худодан яна бир ўғил сўрадим. Мен ногирон бўлиб қолдим. “Вақти келиб тўйларга, қариндош-уруғларга мени судраб юрадиган суянчиғим, одамим керак” деб, намозларимда, ибодатларимда ўғил сўрадим. Менга бир ўғил фарзанд берди, отини Шукрулло қўйганман, дейди андижонлик суҳбатдош.

Аммо Йўлдош аканинг тилаб олинган ўғли мактаб ёшига етай деб қолганда уйи олдидаги анҳорда чўкиб кетади. Бу йўқотишдан сўнг унинг аёли ҳам юрак дардига чалиниб, иккинчи гуруҳ ногиронига айланади. Бугун эр-хотин ногироннинг нафақа пули 200 минг сўм атрофида. Мана шу пулга ота-она икки қизи билан дарвозасиз ҳовлида кун кечирмоқда.

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 850 минг фуқаро жисмоний имконияти чекланган шахс сифатида рўйхатга олинган.

- Бирортаси чақирса мени. Мен улардан пул сўрамайман. Ўзимга яраша ишласам, дейман. Араб давлатлари ногиронни билади. Мени чақирса, пул сўрамайман, ўзимнинг меҳнатим билан ишласам, мана бу қизларимни эл қатори узатай, деяпман. Бир-икки йил ишлаб, қизларимни узатиб олсам, менга ўзбек пулида бераётган 97-98 минг нафақа пули етиб ошади.

Ҳозиргача ака-укалар касалхонагами, бошқасигами қараб келишди. Уларнинг ҳам қиз чиқарадиган, ўғил уйлайдиган пайти. Ёши 55 га борди уларнинг ҳам, дейди ака-укаларидан миннатдор бўлган иккинчи гуруҳ ногирони Йўлдош ака.

Қариндошлари қарамоғида яшашни истамаган Йўлдош аканинг майда-чуйда сотиб, тирикчилик қиладиган кичкина дўконини икки марта ўғри урган. Ҳозир суҳбатдошимиз уйда.

Оёғи майиб бўлган Йўлдош ака вақти-вақти билан протезини алмаштириб туради.

- Мана кеча протезга бордим. Икки йилда бир янгилашим керак. Шуни ҳам чўнтагига беш-ўн сўм пул солдим. Бўлмаса, шуни кейинги сафар қилиб бермайди, деди Йўлдош ака.

Аслида суҳбатдошимизга кўра, бу протез оёқни давлат бепул қилиб бераяпти.

- Энг хурсанд бўлган жойим, зўр эмас-ку, икки йилда бир қилиб беради. Туман собесидан ногирон бўлганим учун бепул қилиб беради, йилда бир таъмирлаб беради. Чет давлатникидек яхши эмас барибир, деди марҳаматлик ногирон Йўлдош ака.

Бир оёғи сунъий товондан иборат бўлишига қарамай, Йўлдош аканинг араб давлатига ишлашга бориш нияти қатъий. Чунки бўйи етган қизларини узатиш учун пул керак.

Ногирон нафақа пулига тўй қилишга қурби етмаётган отани йўл азоби ҳам, муҳожирлик азоби ҳам бугун ўйлантирмайди. Нияти битта - Араб давлатидан иш топиш.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG