Линклар

logo-print

Кореядаги ўзбек келинлари: "Бизни қораламанглар!"

  • Ҳурмат Бобожон

Самарқандлик Юлдузхон ўз турмуш ўртоғи билан корейс миллий либосида.

Самарқандлик Юлдузхон ўз турмуш ўртоғи билан корейс миллий либосида.

Ўзбекистон телеканалларида эртаю-кеч корейс сериаллари айлантирилаётган бир пайтда, ўзбек қизлари орасида кореялик куёвга иштиёқмандлар сони ортмоқда. Сўнгги йилларда Жанубий Кореяга келин бўлиб тушган ўзбек қизлари сонини биров аниқ билмасада¸ уларнинг мингларни чоғлашини тахмин қилиш мумкин.



Сеулдаги оилаларнинг бирида бир эмас, иккита ўзбек келини уч йилдан буён бир-бирига овсин бўлиб яшаб келмоқда. Наманганлик Дилором уларнинг бири.

Дилором куëви билан.
- Битта оилада иккита ўзбек келинмиз. Менинг овсиним қайнисига турмуш ўртоқ қидирганида, мени топган. Шу орқали келганман бу ерга турмушга чиқиб, дейди Дилором.

Кореяга турмушга чиққан бошқа ўзбек қизлари қатори Дилором ҳам аввалига корейс куёвлари билан таништирадиган агентликка расмини берганини айтади.

- Тасодифан журналда шу рекламани кўриб қолдимда, кейин, қизиқиш дейдими, чет элга боргим келдими, шунақа қилиб корейс куёвлари билан таништирамиз, деб айтилган офис борлиги ҳақидаги рекламани кўрдим. Телефон қилдим, “расм жўнат” дейишди, расмимни жўнатдим. Кейин бўлғуси овсиним менга чиқди. “Эрта-индин қайним билан қайнотам келади. Сизни кўришади. Учта-тўртта қизларни танлаб қўйишган экан. Кўришади, ёққанини келин қилишмоқчи” деб қолди. Кейин “бўпти” дедим. Мен билан ҳам, бошқа қизлар билан ҳам кўришишибди. Кейин мен ёққан эканман уларга, дейди Дилором.

Кейин кореялик қудалар Дилоромнинг ота-оналариникига совчиликка келишади. Тўйга рози қилишади.

- Менинг ота-онам уларга “Қизимиз Ислом динида. Бермоқчи эмас эдик, ўзи танлади. Кенжа қизимиз бўлгани учун айтганини қилaяпмиз” деб айтишди. Кейин тўйимиз бўлди, никоҳ ўқилди. Куёв болага Исломдан калималар корейсча ёзувларда ёзиб берилди. Мана ҳозир масжидга қатнайди ҳар ҳафта, дейди Дилором.

“Никоҳнинг дастлабки кунлари кореялик куёв Жанг Синг Жин билан қандай гаплашдингиз?”, деб сўраганимизда, Дилором “Робинзон Крузо билан Жумавой гаплашганидай”, деб жавоб қилaди.

- Бир нарса демоқчи бўлсам, қўлларим билан кўрсатаман, имо-ишора қиламан, у ҳи-ҳи дейди. Ўзининг тилида гапиради. Баъзида қийналиб кетаман. Мен унга ўзимнинг тилимда гапираман, ҳатто уришиб, бақиришиб кетган. Бир-биримизни тушунмай хафа бўлган вақтларимиз ҳам бўлган. Биласиз у чет давлат, маданиятлари, гапиришлари бошқача.

Катта ёшдагилари қаттиқроқ-қаттиқроқ гапиришса, бирор айб қилиб қўйдимми, деб йиғлайман. Ойимга йиғлаб бердим, “Ойи, нотўғри келдим шекилли, кетаман шекилли” дедим. Ойим “Йўқ, ўзинг танладинг. Барибир бу ерда қишлоқда гап-сўз бўлади. Яша энди болам” деди, “бўпти” дедим, яшадим, чидадим. Йўқ, ҳозир Худога шукур мана ёмон эмас, бемалол гаплашаман. Мақтаниш эмасу, баъзи пайтлари корейслар билан гаплашсам, чет эллик эканимга ишонишмайди ҳам, дейди Дилором.

Дилоромнинг ўғли Нуриддин.
Ҳозир Жанг Синг Жин ва Дилором икки фарзандлик бўлишди. Фарзандларига ҳам ўзбекча, ҳам корейсча исм қўйишди. Уч яшар катта ўғилнинг исми корейсчасига Жанг Йо Сок, ўзбекчасига эса Нуриддин.

- Чунки биз қишлоққа борсак, корейсча чақиришмайдику. Ўзбекча исм қўйдик. Буларга имом томонидан Азон айтилган. Ичевон деган жойда катта масжид бор. Кореядаги катта масжид. Эримни ҳам шу ерга олиб бордим. У ерда эримга Ислом ҳақидаги китобларни беришди. Ўқиб ўрганяпти. Ҳар ҳафтада якшанба кунлари болаларимизни ҳам шу ерга олиб бориб турамиз. Бу ерда исломий боғчалар ҳам бор. Фарзандларимни шу ерга бермоқчиман энди, дейди Дилором.

Бошқа ўзбекистонлик келинлардан фарқли Дилоромга корейс маданиятига, турмуш тарзи, урф-одатларига кўникиш осонроқ бўлган, сабаби овсини ҳам Ўзбекистондан келин бўлиб тушган.

- Овсиним билан ёшимиз тенг, унинг ҳам беш яшар бир ўғли бор, дейди Дилором.

Жанубий Кореяда эркаклар учун маҳаллий корейс қизига уйланиш қимматга тушиши боис, улар келинни чет эллардан қидиришаётгани, корейс қизларидан фарқли, талаблар анча камтарин бўлган ўзбек қизлари билан турмуш қуришаётгани айтилади. Аммо, Дилоромга кўра, бу нотўғри.

- Корейслар маҳаллий қизларга уйланса, ҳисобига фалонча пул ўтказиши, уй олиб бериши урф экан, деган гаплар айтилди. Мен ҳам буни эшитиб, хўжайиним билан уришиб бердим “Сен нимага менга шуларни қилиб бермагансан”, деб. Эрим менга “Бўлмаган гап. Мана кўриб турибсанку, амманинг қизлари корейсга борди. Қайси бирисига қилиб берди?” деди. Энди бўлиши мумкиндир, жуда бойлари қанақадир томондан қилиб бериши мумкин, лекин жуда унчалик эмасда барибир. Бизнинг ҳолатимизда уйни олган ҳам эрим, уйни ясатган ҳам эрим. Мен эса болаларини кўпайтирдим. Ўзбекистондан мебел кўтариб келиб бўладими. Гилам, бешик олиб келдим лекин, дейди Дилором.

Кореялик куёв Жанг Синг Жин Дилоромдан беш ёш катта. “Нимага Ўзбекистондан келин олишга қарор қилдингиз?” деб сўраганимизда, Синг Жин гапни “Ассалому алайкум”дан бошлади.

-Ўзбекистондан хотин олишимнинг сабаби¸ акам ҳам ўзбек хотинга уйланган. Ўзбек аёллари яхшилигини кўриб, келинойимни ҳавас қилиб, “келинлар бир мамлакатдан бўлса, яхши яшашса керак” деб ўйлаб, Ўзбекистондан уйланганман. Мана бирга турмуш қурганимиздан кейин мусулмон динининг покиза дин эканини билдим. Ҳозир ҳам кўп нарсаларни ўрганяпман, дейди Жанг Синг Жин.

Самарқандик Юлдуз ҳам Кореяга келин бўлиб тушган ўзбек қизларидан бири.

Юлдузнинг тўй сурати.
- Газетада ёзишган экан, мен ҳам бунга қизиқиб расмимни жўнатганман. Бир ҳафтадан кейин менга қўнғироқ қилишди. “Вой, Юлдуз, келинг” деб роса илтимос қилишди. Аввалига “Бормайман, ўзбекчиликка тўғри келмайди”, деб туриб олдим. Кейин, ўзлари уйимизгача келиб, ота-онамни кўндириб, бир неча бор келиб кетишганидан сўнг, ота-онам ҳам рози бўлганидан кейин қариндош-уруғларга тўй қилиб бериб, Кореяга олиб келишди, дейди Юлдуз.

Юлдуз ҳам Ўзбекистонда корейс сериалларини кўриб, Кореяга ишқи тушган ўзбек қизларидан.

- Энди ҳар бир одамнинг орзу ҳаваси ҳар хил бўладида. Кимдир ўзбекка тегишни, ўзбекона яшашни, ўзбекона келин либосларини кийишни хоҳлайди, кимдир европаликка. Менга келсак, мен 13 ёшимдан роса Кореяга келишни хоҳлардим. Корейсга турмушга чиқиш хаёлимда йўқ эди. “Тақдир ўйини” деган филмни кўрдиму ўшандан кейин Кореяга ишқим тушди. Корея менга орзу-ҳавас бўлиб қолди. Менинг бу ерга келишимга сериаллар сабабчи бўлди, десам ҳам бўлади. Кореяга қачон борар эканман, деган орзуда яшадим. Бу давр ичида коллежга кирдим, коллежни тугатдим. Корея орзуси кундан кунга кучайиб бораверди. Газетадаги эълон орқали Кореяга келганман, дейди Юлдуз.

Сўнгги етти йил ичида ўзбек канали орқали 20дан зиёд корейс сериали қўйилди. Улардан энг кўп кўрилгани “Қиш сонатаси”, “Куз эртаги”, “Тақдир ўйини”¸ "Жумонг" ва "Сарий жавоҳири" филмларидир. Бу сериаллар бошқа ўзбеклар қатори Юлдузни ҳам Кореяга етаклади. Ўзидан 10 ёш катта бўлса ҳам у корейс куёвни танлади.

- Ўзбекистонда ёш турмушга чиқадию, тўғрими. 20 ёшга кириб боришим билан ҳамма айтишаверди, эй бу тегмас экан деб. Шундай айтишаверганидан кейин корейсга тегдим. Тақдирим экан. Илож қанча. Кореяга биринчи келганимда, қайнонам ўзларининг миллий урф-одати бўйича Ҳамбог кийдириб қўйди. Бир ҳафта уларга чой тайёрлаб бериб, хизмат қилдим. Келган меҳмонларга чой узатдим. Бу ернинг урф-одатлари ҳам ўзимизникига ўхшаш. Ҳозир мана бир ўғил, бир қизим бор. Қизимнинг исми ўзбекчасига Асалой, ўғлимники Жаҳонгир. Ота-онам бу исмларни қўйишган. Бу ëқда корейсчасига қизим Йу Жин, ўғлим Жу Фион.

Юлдуз корейс миллий либосида.
Озодлик: Кореядаги ҳаётни Ўзбекистондаги қизларга раво кўрармидингиз?

- Энди ҳар кимнинг орзуси ҳар хил. Хоҳлаганига чиқишсин. Кореянинг турмушини хоҳлашса, турмуш ўртоғим корейс бўлсин дейишса, Кореяга чиқаверишсин. Лекин, корейсга чиқишни хоҳламаганлар бизни қораламанглар, биз кабиларга тоқатли бўлинглар деб қоламан, дейди Юлдуз.

Эридан ажралиб икки фарзанди билан қолган ўзбекистонлик Малоҳат ҳам ҳозир Кореяда яшайди. Унинг айтишича, ўзбек қизлари орасида корейсга турмушга чиқиб, Жанубий Кореядаги маҳаллий ҳаётга кўникиб кетаётганлари жуда оз.

- Яхши яшаëтган қизлар ҳам бор. Ўзбек йигитларимизнинг гапларига кириб, ишониб қўйиб, корейс турмушларидан чиқиб кетаëтган қизларимиз ҳам оз эмас, жуда кўп. Адашиб, ëмон йўлларда юришибди. Тўғрисини айтганда, 100 фоиздан 60 фоизи кўчада ҳозир, дейди Малоҳат.

Кореяда таҳсил олаётган ўзбекистонлик Динорахон ўқишдан бўш вақтларида корейс оилаларига ёрдам беради, фарзандларини қарайди. Диноранинг ўзи ўзбек келини тушган ўттизтача корейс оиласини билишини айтади.

Юлдуз ўз ҳаëтидан масрурлигини яширмайди.
- Ўзимнинг атрофимдаги оилалар ўттиздан ортиқ. Ўзим борди келди қиладиганларим бу. Чунки биз доим йиғилишамиз. Туғилган кунлари, тўй-ҳашамларида тўпланишиб турамиз. Мен билган қизларнинг ҳали бирортаси ёмон йўлга кирмаган. Ҳаммаси бола-чақали, яхши яшаётган, керак бўлса ота-онасига ёрдам беришаётган қизлар. Ҳақиқатан ҳам ота-оналарига ёрдам беришяпти шулар. Кўпчилик қизларимиз оиласи қийналган қизлар. Бу ерга келиб, “ҳеч бўлмаса ота-онамга ёрдам бераман” деган мақсадда турмушга чиққан қизларимиз бор. Ҳатто иш топа олмай, оиласини боқа олмай юрган акаларига ёрдам бераётган қизлар бор бу ерда, дейди Динорахон.

Диноранинг айтишича, Кореяга ўзбек келинларининг келиши ҳали ҳам давом этяпти.

- Масалан яқинда, бу ерда магистратурада ўқиётган қизимиз бор эди. Шунинг синглиси турмушга чиқиб келди. Тошкентлик кўзга кўринган оиланинг қизи. Яқинда корейсга турмушга чиқди, тўйини қилдик. Бир ҳафта бўлгани йўқ, дейди Динора.

Жанубий Кореяга келин бўлиб тушган ўзбекистонликлар сони ҳақида аниқ рақамни келтириш қийин. Ўз исмини айтишни истамаган Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимларидан бири, “бу ҳақда аниқ рақамни айтолмайманку, лекин Кореяга кетаётганлар оз эмас”, деб жавоб қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG