Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:37

Тожикистонликлар Ўзбекистонга “экологик эътироз” билдирмоқдалар


Ўзбекистонлик табиат муҳофазачиларининг намойишлари тожикистонлик экологларнинг ҳам ғашига теккан кўринади.
Ўзбекистонлик табиат муҳофазачиларининг намойишлари тожикистонлик экологларнинг ҳам ғашига теккан кўринади.

Тожикистон атроф-муҳитни заҳарлаётган ва хусусан, Сўғд вилояти экологик муҳитига жиддий зарар етказаётган Ўзбекистонга даъво қилишга ҳақли. Бу иддао Сўғд вилоят атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва тожик олимлари ҳамкорлигида тайёрланган ҳужжатда алоҳида қайд этилган.

Аввалроқ Сурхондарё вилоятида экологик-иқтисодий текширувлар ўтказган ўзбекистонлик экспертлар “Тожикистон алюминий заводи Ўзбекистонга 228 миллион 300 минг долларлик зарар етказди”, деган хулосага келгандилар. Шу муносабат билан Ўзбекистонда мазкур завод фаолиятига қарши қатор намойишлар бўлиб ўтди. Эндиликда эътироз билдириш навбати тожикистонлик мутахассисларга келганга ўхшайди.

Жумладан, Сўғд вилоят атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва тожик олимлари ҳамкорлигида тайёрланган ҳужжатда Ўзбекистоннинг Олмалиқ ва Бекобод туманларидаги ўнлаб саноат корхоналаридан тарқалаётган заҳарли моддалар Тожикистоннинг Спитамен, Зафаробод ва Мастчоҳ туманлари аҳолиси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига жиддий зарар етказаётгани айтилади.

Қўшни давлатнинг Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати, кимёвий заводлари, Бекобод туманидаги металл заводи ва цемент ишлаб чиқариш комбинати атроф-муҳит ва инсон саломатлиги учун зарарли бўлган қирққа яқин ингридиентларни ён-атрофга тарқатмоқда. Чанг, сулфат кислотаси, сулфат ангидрид, оксид углероди, маргимуш, молибден, азот оксиди, қўрғошин, руҳ қоришмалари, бензопирен, фтор бирикмалари шулар жумласидандир.

- Биргина 2005 йилда Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати чиқиндилари 111,912 минг тоннани ташкил этган ва бу заҳарли чиқиндиларнинг 86,3 фоизини олтингугурт диоксиди ташкил этади. Сўнгги беш йил давомида эса чиқиндилар миқдори 10 баравар ошган. Оқибатда Ўзбекистон чегарасига яқин жойлашган Қорамозор водийсидаги арчазорларга катта зарар етказилди. Бу ерда яшаган аҳолининг асосий қисми ўз жойларини тарк этишга мажбур бўлди. Ўтказилган тадқиқотларга кўра, Марказий Осиёда хар йили қарийб саккиз миллион тонна чиқинди атроф-муҳитга ташланмоқда. Мана шу кўрсаткичнинг 28,7 фоизи Ўзбекистондаги саноат корхоналари зиммасига тўғри келади. Тожикистондаги кўрсаткичлар эса 1,6 тоннани ташкил этади, дейди Сўғд вилоят атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси раҳбари Исомаддинов.

Мастчоҳ тумани Ўзбекистоннинг Олмалиқ тумани билан чегарадош. Тумандаги Янгиқўрғон қишлоғида асосан ўзбеклар истиқомат қилади. Уларнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда ичимли сув жуда танқис бўлиб қолган. Бори эса қўшни Ўзбекистондаги тилла ишлаб чиқариш корхонасидан оқиб чиқаётган сувдир.

- Қишин-ёзин ичимлик сувнинг йўқлигидан азоб тортаяпмиз. Заводдан келиб тушаётган пайноб сувни тиндириб, қайнатиб ичаяпмиз. Мана шу сувми ё бошқа нарсаданми - ишқилиб, бир пайтлари булоқларимиздан оқиб турган сув ҳам қуриди. Энда рости гап, болалар касал, невараларнинг ҳам тоби йўқ, дейди янгиқўрғонлик Мастура хола.

Сўғд вилоятининг Спитамен тумани Ўзбекистоннинг Бекобод тумани билан чегарадош. Туманининг Куркат қишлоғи Бекобод туманининг нақд биқинида жойлашган.

- Бизнинг қишлоғимиз мана шу Бекобод цемент заводи рўпарасида жойлашган. Бу ернинг табиати ажойиб. Кундуз куни шамол биз томондан Ўзбекистонга қараб эсади, кечқурун эса аксинча. Ана шунда цемент заводидан келган чанг ҳам майли, ҳар хил чидаб бўлмас ҳидлар келади, дейди куркатлик Абдуқаюм Раҳимов.

Бироқ, Тожикистон парламентидаги экологик муваққат комиссияси аъзоси Саидшо Ёқубовнинг айтишича, айни пайтда Ўзбекистон томонига бу борада эътироз билдириш ёки талаб қилиш учун асос йўқ. Зеро, мавжуд ҳужжатлар 2005 йилга тааллуқли ва улар бугунги кун вазиятини акс эттирмайди.

- Бугунги кунда комиссия ихтиёрида ҳам, жойлардаги экологик ташкилотларимизда ҳам Ўзбекистон томонининг Тожикистонга етказаётган зарари ҳақида бирор-бир асосли ҳужжат мавжуд эмас. Бори эса беш йил олдинги маълумотлардир. Иккинчидан, бизнинг вазифамиз қўшниларга эътирозлар билдириш эмас, жанжал қилмай, иноқликда яшашга ҳаракат қилишдир. Зеро, қўшни Худодан берилган. Шундай экан, асосий вазифамиз қўшниларни мулоқотга чақириш, илгариги муносабатларни тиклаш, ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. Агар мана шунга эришсак, барча муаммолар орадан кўтарилади, деди Тожикистон парламенти депутати Саидшо Ёқубов.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, Тожикистон парламенти экология масалалари билан шуғулланувчи муваққат комиссияси аъзолари мамлакатдаги экологик вазиятни пухта ўрганиш билан шуғулланаши лозим эди. Улар эса қўшни Ўзбекистоннинг Тожикистонга етказаётган зарари билан чуқур шуғулланишга киришганлар. Ўзбекистонлик эколог-депутатлар ҳам худди шу йўсинда фаолият олиб боришмоқда.
XS
SM
MD
LG