Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:02

Азиза Абдурасулова: Aсқаровга чиқарилган ҳукм - сиëсий ҳукмдир!


Азимжон Асқаров ва у билан айбланганлар суд катагида.
Азимжон Асқаров ва у билан айбланганлар суд катагида.

Жалолобод вилоят суди 10 ноябр куни ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ва у билан бирга судланган шахслар ишини қайта кўриб чиқиб аввалги суд ҳукмини кучда қолдирди. Ҳозирда оëққа тура олмайдиган ҳолган туширилган Асқаров яқинлари юқори инстанция судига мурожаат қилишмоқчи.


Азимжон Асқаров Ўш қирғини чоғида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходимларини ўлдириш ва тартибсизликларни уюштириш каби ҳатти-ҳаракатларда айбланиб қамоққа олинган эди.

2 сентябрдан 15 сентябргача давом этган суд жараёнида Азимжон Асқаров ва у билан биргаликда судланган ўзбек миллатига мансуб 7 нафар судланувчига қарши асосан милиция ходимлари гувоҳлик берган эди.

15 сентябр куни Новкен туман суди судланувчилар Азимжон Асқаров ва яна икки кишини умрбод¸ қолган тўрт кишини 20 йилга ва яна бир судланувчини 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Бироқ барча маҳкамаларда судланувчилар ўзларига қўйилаётган айбловларни инкор қилиб келмоқда.

10 ноябр кунги апелляция судида эрталаб соат 8 яримларда бошланганиб кечки тўққизларда тугаган. Азимжон Асқаров яқинларига маҳкамага киришга рухсат этилмаган.

Бу ҳақда Асқаровнинг яқинларидан бири Турдихон опа Озодликка буларни айтди.

- Кеча соат 8 яримда суд бошланган бўлса, кечқурунги 15 та кам тўққизда тугади. Кун бўйи оч ўтиришди улар. Бетоб бўлиб қолиб мен суд жараëнида қатнаша олмадим. Қатнашамиз¸ десак ҳам бизни киргизмайди. Бизнинг қариндошлардан бориб ўтиришган эди. Уларни ҳам киргизмади. Кейин Бозорқўрғон ИВСга олиб келган эди. Овқат олиб борган эдик, овқатимизни олмади. Кейин началник милиция чиқиб қолиб олдирди. Шу билан кечқурун йигирматаа кам 12да уйда бўлганмиз.

Озодлик: Судда кимлар қатнашди? Азимжон аканинг адвокатлари иштирок этдими?

- Суд процесси давомида қатнашди адвокат. Ҳукм ўқилганда буларни чиқариб юборибди. Ҳозир соат 6да бизнинг адвокатлар билан учрашувимиз бор. Ҳамма адвокатлар, ўша саккизта одамнинг қариндошлари билан учрашамиз бугун.

Озодлик: Суд жараëнида Азимжон ака беҳуш бўлиб қолди, деган маълумот чиқди. Бу қанчалар тўғри?

- Тўғри. Овсиним кўрибди икки қўлидан икки милиция зўрға машинага олиб чиқишибди. Доктор чақиришибди. Врач қанақа хулоса қўйганини мен билмайман. Хабарим йўқ.

Озодлик: Ҳозир Азимжон ака қаерда?

- Ҳозир биз Бозорқўрғон ИВСга овқат олиб келсак, олиб кириб кетиб идишларимизни шундай олиб чиқди. “Йўқ, Жалолободга олиб кетди” деди. Мен ҳозир Жалолободга кетаяпман овқат олиб. Ҳукм ўқилибди. Умрининг охиригача деган статя билан яна қолибди. Район суди ҳам шуни қўйган эди. Энди вилоят суди ҳам шуни қўйибди.

Озодлик: Яна аппеляцияга бериш нияти борми?

- Бор. У одамда айб йўқда. У одамда ҳеч қанақа айб йўқ. Етган ергача ëзамиз. Республиканскийга ҳам энди ҳаракат қилаяпмиз¸ дейди Азимжон Асқаров яқинларидан Турдихон опа Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик мухбири қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, "Қилим шами" ташкилоти раҳбари, миллати қирғиз Азиза Абдурасуловага Азимжон Асқаров устидан апелляция суди чиқарган ҳукм юзасидан ўз фикрини билдиришини сўраб мурожаат қилди.

Азиза Абдурасулова: Асқаров ва у билан бирга судланганларнинг яқинлари "энди нима бўлади", деган савол билан менга мурожаат қилишганидаёқ "яхшилик кутманглар", деб очиқ айтганман. Чунки шу кунда Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўта оғирлигича қолмоқда. Шунинг учун ҳам адолатли ҳукм чиқишига умид қилмаганмиз. Суд ҳукмлари ҳуқуқий ҳукм эмас, сиёсий қарорлар бўлиб қолаётганини кўриб турибмиз. Азимжон Асқаров ва у билан бирга кесилган 8 киши устидан чиқарилган ҳукм ҳам сиёсий қарордир. Биринчи ҳукм ҳам, кечаги ҳукм ҳам жабрланганларнинг судга ўтказган даҳшатли босими остида қабул қилинди. Икки миллат ўртасидаги бўлиниш катта муаммолигича қолмоқда. Шунинг учун бошқача қарор қабул қилинишини кутганим ҳам йўқ эди. Кечаги қарор Азимжон Асқаровнинг айбдор эканлиги эмас, балки вазиятнинг оғирлиги белгисидир.

Озодлик: Янги парламент иш бошлаяпти, тез орада янги ҳукумат иш бошлайди. Сиз айтаётган вазиятни янги парламент, янги ҳукумат ўзгартира оладими?

Азиза Абдурасулова: Биласизми, бир томондан, биз қирғизистонликлар ҳаммамиз охири кўринмаётган можаролардан, тугай демаётган муаммолардан чарчадик. Парламент иш бошлади ва ҳаммамизда ҳам вазият яхши томонга ўзгаради, деган умид бор.

Лекин мен Озодлик радиоси бераётган имкониятдан фойдаланиб, масаланинг бошқа бир жиҳатига эътибор қаратмоқчийдим. Июн воқеаларидан бери халқаро ҳамжамият, халқаро ташкилотлар Қирғизистонга ким ўзарга ёрдам бераяпти. Бироқ улар бераётган ёрдамларини инсон ҳуқуқлари таъминланиши билан тобора камроқ боғламоқдалар. Ваҳоланки, инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши, хавфсизликнинг таъминланиши ёрдам кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинаётганда энг биринчи омил бўлиши керак. Миллий дискриминацияни батамом йўқ қилишнинг, балки, бугун иложи йўқдир, лекин ҳеч йўқ минимум даражага туширишни халқаро ташкилотлар ёрдам кўрсатишлари учун асосий шарт қилиб қўйишлари керак. Бундай шартлар эса, қўйилмаяпти.

Бугун нафақат Азимжон Асқаров тўғрисида гапиришимиз керак. Бошқа юзлаб одамлар устидан судлар кетаяпти. Азимжон Асқаров таниқли одам бўлгани учун ҳаммамиз гапираяпмиз. Калтакланса, қийноққа солинса унинг ҳимоясига бирон нима дейдиганлар топилаяпти. Бошқаларни-чи, уларни ким ҳимоя қилади? Уларнинг турмаларда қандай шароитда сақланаётганини, улар қандай даҳшатли қийноқларга солинаётганини ҳеч билмайди, ҳеч ким бу ҳақда ўйламайди. Халқаро ҳамжамият мана шу масалага зудлик билан ўз эътиборини қаратиши керак.

Озодлик: Азимжон Асқаров ишининг истиқболи қандай? Унда Олий судга арз қилиш имкони борми?

Азиза Абдурасулова: Бор. Иш икки инстанциядан – туман ва вилоят судларидан ўтди. Сўнгги инстанция – Олий суд қолди. Лекин, афсуски, агар Олий судга мурожаат қилинса, Асқаров ишида енгиллик бўлишига, Олий суд адолат қилишига ишонолмайман. Шунинг учун ҳам бу сўнгги имкониятдан фойдаланишга ҳозирча шошилмаслик керак. Олий судга, у Асқаров ишини қонун доирасида адолатли кўриб чиқишига ҳеч йўқ 10, 20 фоиз ишонч пайдо бўлганида, мурожаат қилиш керак.

Шунинг учун ҳам мен судланганларнинг ўзларига, қариндош-уруғларига, адвокатларига Олий судга мурожаат қилишдан тийилиб туришни маслаҳат бераман. Қонунларимизда Олий судга мурожаат қилиш муддати бир ой ёки икки ой қилиб белгилаб қўйилмаган. Бир неча ойдан кейин мурожаат қилсаям бўлаверади. Шунинг учун Олий суд адолат қилишига ишонч пайдо бўлмагунча унга арз қилмай туриш керак. Чунки Олий суд сўнгги инстанция бўлиб, у чиқарадиган ҳукм қатъий ва шикоятга ўрин қолмайди. Шу сўнгги имкониятниям бой бериб қўйишса арз қиладиган бошқа орган қолмайди, чунки Қирғизистон халқаро судлар аъзоси эмас.

Биргина авф қилишини сўраб, президентга мурожаат қилиш имкони қолади. Бироқ мамлакатда ашаддий миллатчилик кайфияти ҳукм суриб турган бир пайтда президент Ўтунбаеванинг ҳам авф этишга кучи етишига ишонч йўқ. Менимча, у кишининг бугунги кунда авф этишга ҳам, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатлашга ҳам кучи етадиган кўринмаяпти¸ дейди қирғиз ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова.

Айни пайтда¸ қароргоҳи Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия ташкилотининг 10 ноябр куни эълон қилган баёнотида қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг оғир касал экани ва унга тезда тиббий ёрдам кўрсатилиши кераклиги билдирилган.

Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Майси Вейшердинг Озодликка ўз ташкилоти Асқаровнинг соғлиги хусусида жиддий ташвишда эканини айтди.

- Халқаро Амнистия Азимжон Асқаровнинг саломатлиги ҳақида маълумот олганидан сўнг жиддий ташвишга тушди. Кеча Асқаровга тезда зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига уни суд залига мажбурлаб олиб боришган. Биз Бишкек раҳбарларини, Бош прокурор ва Ички ишлар вазирлигини Азимжон Асқаровни касалхонага ётқизиш ва унга керакли тиббий ёрдам кўрсатишга чақириб келяпмиз. Айни пайтда биз уларга Азимжон Асқаров қамоқда бўлмаслиги кераклигини, у виждон тутқуни эканини эслатдик. Асқаров инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва у дарҳол озод қилиниши керак, деди Майси Вейшердинг.
XS
SM
MD
LG