Линклар

Ўзбекистон Олий мажлиси қонунчилик палатасида мактаб ёшидаги болаларнинг мобил телефондан фойдаланишини чеклаш ҳақидаги масала кўтарилмоқда. Яқин кунларда бу борада махсус қонун лойиҳаси қабул қилиниши кўзда тутилган.

Бу қонун лойиҳаси мактаб ўқитувчиларини хурсанд қилса, фарзандини назорат қилиб туришдан мосуво бўлиши мумкин бўлган ота-оналарни ҳозирдан ўйлантира бошлади.

Самарқандлик Диёранинг ёши 15 да. 9-синфда ўқийдиган бу суҳбатдошимиз икки йилдан буён мобил телефонидан фойдаланади.

- Синфимизда 34 та ўқувчи бор. Шулардан бир-иккитасида йўқ, қолган ҳаммасида бор телефон. Телефонни ҳамма дарсда ўчириб қўяди. Дарс тугаганидан кейин телефонни ёқамиз, - дейди Диёра.

Унинг буваси Иброҳим қўл телефони Диёра ва бошқа невараларини назорат қилиш учун кераклигини айтади:

- Назорат қилиш учун фақатгина. Мактабдан чиқиб, бошқа жойларга бормаслиги учун. Дарс тугаганидан сўнг дарров сўраймиз қаердалигини. Бизнинг болалар устидан шикоят тушгани йўқ. Чунки дарсда ўчириб қўяди, - дейди Иброҳим ака.

Бироқ самарқандлик болалар шифокори Абдураҳим Бозоровнинг айтишича, қўл телефонлари мактаб болаларига салбий таъсир ўтказаяпти:

- Айниқса, улар ривожланаётган организмда. Бу ерда биоэнергия кетаяпти, электротўлқинлар кетаяпти. Шу учун болаларнинг қўлига бериб қўйиш узоқ вақтдан кейин, келажакда салбий таъсирини кўрсатади. Асосан нерв системасига таъсир қилади. Бош мияга, кейин орқа мияга таъсир этади. Асаб системасининг нерв толалари қолган системага, масалан, юракни, ошқозон-ичак системасини, ўпкани, ҳаракат-таянч органларини инервация қилади, - дейди педиатр Абдураҳим Бозоров.

Мактаб ўқувчиларининг мобил телефон тутиши айрим муаллимларга ҳам малол келаяпти. Чироқчилик 30 йиллик стажга эга ўқитувчи мобил телефони эгалари - ўқувчилардан шикоят қилади.

- Жуда халақит беради. Бировларга қўнғироқ қиладими-ей, асабимизни бузади-да. "Олиб қўй, йиғиштириб қўй", деймиз, танбеҳ берамиз.”Майли, майли” дея қўяди, лекин бўлмайди. Фойдаси йўқ нарса-да, биз томонларда жуда кўпайиб кетган. Менимча, шаҳар жойида билмадиму, қишлоқ жойида мобил телефоннинг кераги йўқ. Шаҳар томонида ота-онаси безовта бўлиши мумкин ёки келмай қолса, гаплашиши мумкин боласи билан. Қишлоқ жойида нима фойдаси бор? Уйи мактабга яқин бўлса, бир-икки километр оралиқда ҳаммасининг уйи, - дейди чироқчилик ўқитувчи.

Ўзбекистонда сўнгги маълумотларга кўра, 3 миллион 360 мингдан одам мобил интернетдан фойдаланмоқда. Уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG