Линклар

Абдулла Гул дунё барқарорлиги йўлидаги хизмати учун тақдирланди


Туркия президенти Абдулла Гул ва унинг рафиқаси Ҳайринсо Гул Чанқая саройида нуфузли меҳмонларни қарши олиш маросимида.

Туркия президенти Абдулла Гул ва унинг рафиқаси Ҳайринсо Гул Чанқая саройида нуфузли меҳмонларни қарши олиш маросимида.

Туркия президенти Абдулла Гул "дунë барқарорлигига қўшган ҳиссаси учун" Xалқаро муносабатлар бўйича Британия қироллик институтининг йиллик мукофотига сазовор бўлди.


Сешанба куни Лондондаги қироллик қасрида мукофотни топширган Британия қироличаси Елизавета II Абдулла Гулнинг Туркия ва Яқин Шарқ сиëсатидаги хизматини олқишлаб, мақтовли гапларни айтди.

Афғонистон ва Покистон лидерлари ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш¸ Ироқдаги тинчликсевар кучларга воситачилик ва Туркиядаги демократик ўзгаришлар¸ қиролича назарида, Абдулла Гул шахсияти ва сиëсий интилишлари самарасидир.

Айни пайтда ўз юртида Абдулла Гулни Европа қадриятлари ва замонавийликни уйғунлаштира олган сиёсатчи, деб ҳам баҳолашади. Унинг рафиқаси Хайринисога эса қимматбаҳо “Dior” брэнди кийимларини¸ унданда қиммат бўлган “Hermes” брэнди рўмоллари билан уйғунлаштирган кибор хоним сифатида Туркия муслималари ҳавас қилишади.

Шунингдек, бу жуфтликни Ислом дунёсининг Ғарб дунёси билан кескин контрастларда туташган нуқтаси саналмиш Туркияда сиёсий исломни муваффақият билан юритаётган Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Эмина жуфтлигининг ўнг қўли ҳам дейишади.

Ўз вақтида Абдулла Гул президентлик сайлови олдидан қилган нутқларидан бирида “Туркиядаги муаммо исломийлашув ва дунёвийлик ўртасида эмас, балки диктатура ва демократия ўртасидаги зиддиятидадир”, деган эди.

Касби иқтисодчи бўлган Абдулла Гул Лондонда таҳсил олган ва ўз касбий фаолиятини халқаро банклардан бирида бошлаган, кейинчалик Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган Ислом Тараққиёти банкида ишлаган.

Унинг сиёсий каръераси 1991 йили — “турк исломчилиги отаси” дея танилган Эрбоқаннинг назарига тушганидан сўнг бошланган ва ҳозирги кунга келиб энди Абдулла Гулни “турк исломчилиги намунаси”, деб ҳисоблашади.
XS
SM
MD
LG