Линклар

Ўлмас Алихўжаев: Отабекни ўйнаганимдан бахтиëрман!

  • Абдулла Искандар

Ўлмас Алихўжаевни машҳур қилган "Ўтган кунлар"даги Отабек роли бўлди.

Ўлмас Алихўжаевни машҳур қилган "Ўтган кунлар"даги Отабек роли бўлди.

Ўзбекистон кино санъатининг таниқли арбоби, собиқ совет киносининг ëрқин юлдузларидан бири Ўлмас Алихўжаев Озодликнинг Чодирхаëл дастурига меҳмон бўлди.



Озодлик: Ўлмас ака, энг аввало мухлисларга тилакларингиздан бошласак. Мухлисларингиз “Ўлмас ака қани? Қаерда? Мана интернетда киноларини кўраяпмиз. Бугунги кунда аҳволлари қандай?” деган саволларни беришмоқда. Мухлисларингизга тилакларингиздан бошласак.

- Энди келаëтган Ҳайит байрами муборак бўлсин. Соғ-саломат бўлишсин. Ҳамма ëқда тинчлик бўлсин. Тинч тотув яшайлик. Менинг ниятим шу.

Озодлик: Мана “Оловли йўллар” ва “Ўтган кунлар” филмлари суратга олинганидан бери анча йиллар ўтди. Ўртада Ҳолливуд ишлаган бир қанча филмлар қўйилди. Шу киноларни кўриб ҳам одамларнинг барибир сизни эслашаëтганига нима дейсиз?

- Энди барибир минг ўша даврлар бўлган бўлса ҳам биз артистлар учун яхши давр эди. Чунки яхши сценарийлар ëзиларди, тематик томондан яхши нарсалар қўйиларди. Кейин қанақадир ўша пайтларда синовдан ўтардикда. Ҳам сценарийлар, ҳам артистлар ҳар битта ролга синовдан ўтарди. Ҳозир кастинг дейишади.

Озодлик: Менимча, ўша пайтда проба дейишарди.

- Кинопроба дейиларди. Масалан¸ “Ўтган кунлар” филмига ҳам 60дан ортиқ одамларни таклиф қилишган эди кинопроба қилиб. Уларнинг ичида мен ютдим. Кинопробадан мен ўтганман. Бахт мен томонда экан. Ўтдим. 10 йил мана шу кино устида ишладик. Албатта¸ кўп йиллар ўтиб кетди. Ҳозир бунақа сценарийлар йўқ.

Менга “Нега ҳозир киноларда ўйнамайсиз?” деб савол беришади. Мен “Пичоққа илинадиган материал йўқ, сценарий йўқ. Шунинг учун мен ҳозир кинода мутлақо ўйнаëтганим йўқ” дейман. Ҳаттоки битта анжуманда мен “Сизлар шунақа бир нарса ëзингларки, мен ўйнасам, текинга ўйнаб бераман” деганман. Менга ўхшаган артистлар яхши материалга, яхши тематикага, яхши драматургияга очмиз. Режиссëрлар ҳам бор. Лекин негадир ҳозир шу материаллар пайдо бўлмаяпти.

Озодлик: Ўз вақтида “Ўтган кунлар” филмини Йўлдош ака Аъзамов иккита серияга етадиган материал қилиб суратга олган экан. Лекин Госкинонинг талаби билан бир серияга туширилган экан. Сиз афсус қиладиган кинонинг қаерлари кирмай қолган?

- Албатта. Ўша пайтда биз олган киномиз икки серияли бўлиши керак эди. Лекин ўша пайтда бу Москванинг закази бўлгани учун улар пул бергани йўқ икки серияга. Пул беришмади. Бўлмаса икки серия бўларди. Талаб ҳам қилдик. Бошлиқларимиз, ҳамма талаб қилдик икки серияли қилайлик деб. “Сизга бир серияга пул ажратилган” деб пул бергани йўқ. Лекин, менимча, бир серияли бўлса ҳам мустаҳкам чиққан ва сифатли чиққан. Жуда яхши труппа ўйнаган. Аббос Бакиров, Раҳим Пирмуҳаммедов, Ҳамза Умаров, Марям Ëқубов, Ҳамидулла Норимонов – ҳаммаси Худо раҳмат қилсин¸ жуда зўр ўйнашган. Менга ҳам катта ëрдам беришган. Ўша даврларни эсласам, шунақа одамлар билан ўйнаб, ишлаб шунақа образ яратганимдан ўзимни бахтли деб ҳисоблайман.

Озодлик: Мана кино рассомлари билан гаплашсангиз айтишадики, айнан мана шу “Ўтган кунлар” филмида либослар айнан тарихий маконга, тарихий шароитга мос қилиб танланган. Тарихан ишончли¸ деган сўзни ишлатишади. Бугунги кундаги нуқсонлар фонида либосларнинг тарихий аниқ бўлишига нима учун бунчалик эътибор берилган деб ўйлайсиз?

- Энди бу нарса жуда муҳим нарса. Ўша пайтда художник Абдуллаев эди. Жуда ҳам зўр художник эди. Тарихий томонларга жуда ҳам аҳамият берилар эди. Бунинг устига художник Хўжа Ахмар бор эди. Ҳаттоки менга “Ўлмасжон, сиз кинода тушган оëқ кийимингизга ҳам қараб юринг. Пошналарингиз доимо текис бўлсин. Қайрилиб кетмасин. Юришингизга халақит беради. Экранда юришингизга ҳам халақит беради” деб шунақа майда-чуйда нарсаларга эътибор берилган эдида. Шунинг учун кийимлар ҳам, урф-одат ҳам ҳамма нарса жойига қўйилган.

Мана кўп одамлар бир нарсага аҳамият берадими бермайдими Отабекнинг отаси Юсуфбек ҳожи айтадики, “Сизни уйлантириб қўймоқчимиз” деган саҳнаси. Ўша ерда олдин она билан ўтиради, гаплашади. Кейин отаси кириб келади. Отабек шу саҳнада чордона қуриб ўтирган. Отаси киргандан кейин чордонадан туриб тиз чўкиб ўтиради. Чунки ота улуғ. Майдагина нарса, лекин шу ҳам аҳамиятга эга бўлиб қолганда. Қарашда, юришда, гапларда – ҳамма нарсага аҳамият бериларди.

Озодлик: Мана шу кинода сиз ниҳоятда одобли, хушмуомала ўзбек фарзандини гавдалантира олдингиз. Лекин сизни билганлар “Ўлмас аканинг юриш-туриши ғарбча” дейди. Ëшлигингизда ўзбекча одоб, ахлоқ, хушмуомалалик, мулозаматлар олганмисиз?

- Энди нима десам экан, мен ўзбек оилада ўсганман. Ота-оналарим менга шунақа тарбия берган. Албатта¸ ëшликда унча аҳамият бермаган бўлсам ҳам¸ барибир мен шунга эришмоқчи бўлганманда. Ўша оталарга, буваларга қараб, нуроний қариндошларимиз бор эди, уларнинг юриш-туриши ҳаммаси чиройли эди. Мен ҳавас қилардим шуларга. Балки ўшалардан ўтгандир. Балки қонда бордир. Ким билади, биз Алихўжамизку.

Озодлик: Ҳа, хўжа авлодидан.

- Ўзи Алиҳожи бўлиши керак эди. Биз Алихўжаев деганмиз.

Озодлик: Олдингдан оққан сувни қадри йўқ дейди. Мен ўзим бир кинорежиссëр билан гаплашганман. 1991 йилда Хивада италян кинорежиссëрлари Чингизхон филмидан баъзи парчаларни суратга олди. Ўша ерда Мурод Ражабов, Ëқуб Аҳмедов ва яна бир қанча артистлар бор эди. Ўшанда кинорежиссëр “Бу мутлақо профессионал артистлар, қойилмақом. Инглиз тилида текстларни ëдлаб олишди тез. Ички сокинлик билан жуда яхши ўйнашаяпти” деган фикрни, тасанноларни айтган. Сизнинг ўша пайтлардаги артистлар ҳақида фикрларингиз қандай?

- Бу ҳам жуда ҳам мураккаб проблема. Биз ўқиëтган пайтимизда, умуман санъатга кириб келаëтган пайтимизда артистларнинг бир мактаби бўларди. Мен ўз касбдошларимизга айтаманки, нолиманглар. Сизлар Шукур Бурҳон деган артистлар билан ўйлагансизлар, бирга ўтириб чой ичгансизлар. Раззоқ Ҳамроев, Обид Жалилов, Олим Хўжаев – булар жуда ҳам буюк артистлар эди. Биз уларга қараб орқасидан эргашардик. Биз шуларга етайлик¸ деб ишлардик. Институтда ҳам, театрда практика ўтаганда ҳам улар бизларга ўргатар эди. Шунинг учун Ëқубжонда ҳам, Мурод Ражабовда ҳам, умуман бизнинг ëшимиздаги артистларда мактаб бор. Ҳозирги ëшларда афсус бу мактаб кўринмайди. Билмадим ë ўзлари хоҳламайдими, ë ҳозир экранда берадиган киноларга қараб ўйнашаяптими, лекин мактаб сезилаëтгани йўқ.

Озодлик: Ўлмас ака, 1910 йилнинг нариëғига қарасак, бизда театр тажрибаси йўқ эди. 1910 йилда мана Турон труппаси иш бошлаган. Мактаб ëш бўлса ҳам тезгина самара берган экан. Шу қисқа вақт ичида ўрганиб, катта натижаларга эришганининг маъноси нима эдики, бугун бизнинг артистларимиз эплай олмаяпти, бачканалик кўринади кўпинча¸ деган танқидлар бор.

- Энди сизнинг гапингиз тўғри. Ëшларга ҳам ўрганиш қийин. Лекин афсус. Биз яхши даврда, яхши пайтда тарбия олиб ўсган эканмиз. Мен Шукур Бурҳоннинг ëнида саккиз йил юрдим. Бу нарсаларнинг таъсири бор¸ албатта.

Озодлик: Худо раҳмат қилсин Ғани ака Аъзамов билан суҳбатлашганимизда “Шукур Бурҳоновда бир авторитаризм бор. Ўзини кучли, баланд тутади. Заифроқ артистларни бироз эзиб қўйиши мумкин” деган эътирозни билдирган эдилар.

- Мен уни билмайман. Мен Ғани акамни яхши билардим, Худо раҳмат қилсин уларни ҳам. Шукур Бурҳоновда масъулият бор эди. У “Қандай қилиб мен ëмон ўйнайман бу ролни. Мен буни зўр ўйнашим керак” дерди. Лекин ҳеч бунақа катталик, авторитаризм, манманлик йўқ эди. Балки уларга шунақа туюлгандир. Чунки Ғани акам бошқа артистда. Комик жиҳатдан артист. Шукур Бурҳонов трагик артист. Уларнинг ораларида совуқлик бўлган эмас. Муомаласи жуда яхши эди.

Озодлик: Шукур аканинг кучли бир важоҳати бор эди¸ деган маънода гапирган эдилар.

- Албатта. Савлат бор эди. Савлат босар эди. Уларнинг юриш-туриши, овози. Кичкинагина карисга ўхшаган кўзлари бор эди. Саҳнага чиққандан кейин кичкина ингичка кўзлар шунақа очилиб кетарди, шунақа ўйнардики, даҳшат. Юлий Цезарларни ўйнаганда биз ҳаммамиз қотиб қолардик. Шукур Бурҳон ўйнаëтган пайтда юрагимиз жиз этарди. 100 марталаб битта спектаклни кўрардик, ўрганардик.

Озодлик: “Оловли йўллар” кинофилми суратга олинган пайтда Ҳамза Ҳакимзодага қарама-қарши бўлган битта рол бор. Умидбек деган жадид роли. Буни артист бўлмаган одам ўйнаган. У киши рассом. Кино рассоми Шавкат Абдусаломов.

- У Шавкат Абдусаломов деган рассом бир умр кинода ишлаб келган рассом. Фақат бизнинг кинода ўйнагани йўқ. У 10-15та киноларда ўйнаган. Артистлик таланти бор. Жуда ҳам яхши ўйнаган. Режиссëрлар ҳам сезадида, билади. Илгари ҳам артист бўлмаган одамлар бош қаҳрамон ролини ўйнаб келганку. Одамнинг ўзида бўлиши керак. Одамнинг ўзида бўлса чиқади экрандами, театрдами, саҳнадами. Талант бўлса, албатта чиқади.

Озодлик: Ўлмас ака, сизни кўпчилик танийди. Совет иттифоқи деган мамлакатнинг катта бир машҳур кино санъаткорисиз. Бугунги кундаги аҳволингиз қандай?

- Алҳамдулиллоҳ¸ Худога шукур бугун пенсионерман. 11 йилдан бери пенсиядаман. Учта болам бор. Ҳаммаси ишлаяпти. Мени ҳам боқаяпти. Бешта неварам бор. Мана битта неварам ëнимда. Исми Отабек. Мана ноябрда олти ëшга тўлади. Мен билан бирга туради. Уч йил бўлди мен аëлимдан ажралдим. Ҳозир биз ўзимман.

Озодлик: Нима учун сизга Ўлмас деб исм қўйишган. Бирор-бир ирим қилишганми?

- Бунинг иккита томони бор. Мен 1941 йил 30 июнда туғилганман. Менинг биринчи исмим ўзи Мустафо эди. Дадамнинг отлари Сафо. Бувимлар Мустафо деб қўйишган. “Ўғил кўрдингиз. Исмини Мустафо қўйдик” деб дадамга фронтга хат борган. Дадам қуршовда қолиб кетган экан. Хуллас калом қуршовдан чиқиб олти ойдан кейин хатни олган экан. Ўша ерда бирга уруш қилган ошна-оғайнилар билан ўқиб, “Ўғил кўрибман. Ярим йил бўлибди. Отини Мустафо қўйишибди” деса, болалар “Нимага унақа исм қўйдинглар? Унақа исм қўйиш керак эмас эди. Бошқа исм йўқмиди?” дейишибди. “Нима исм қўйиш керак?” деса, “Мана биз қуршовдан чиқдик. Ўлмасдан қолдик. Ўлмас деган исм борми? Бор. Ўлмас қўйинглар” дейишган. Ўшандан кейин “Ўлмас қўйинглар” деб хат келган ойимга. Шу билан кейин ўзгартиришган.

Озодлик: Сизнинг, бизнинг қаторимиздагилар 60-70 йиллардаги киноларни кўрганмиз. Ҳинд киноларини маиший маънода бироз мавқеи пастроқ¸ деган фикрда бўлганмиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳинд киноларига тақлидан маиший мавзудаги филмлар олинаëтганига сизнинг шаклланган муносабатингиз борми?

- Ўзи ҳинд маданияти бизларга яқин бўлгани учунми барибир таъсири бор албатта. Бу фақат кинодамас. Кинода ҳам бор, мусиқада ҳам бор, эстрадада ҳам бор. Бу нарса ўтиб кетса керак. Мана ҳозир давр шунақа келаяптики, улар кўп тақлид қилишади, менимча, бу ҳам ўтиб кетади.

Озодлик: Ўлмас ака, Озодлик тингловчилари номидан сизга катта раҳмат.

- Ҳамма соғ-саломат бўлсин. Тинчлик бўлсин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG