Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:28

Ислом Каримов ўз ворисини эълон қилдими?


Каримов бетоб бўлиб қолса унинг ўрнини ким эгаллаши ўзбекистонликлар учун катта сирлигича қолмоқда.
Каримов бетоб бўлиб қолса унинг ўрнини ким эгаллаши ўзбекистонликлар учун катта сирлигича қолмоқда.

12 ноябр куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг қўшма мажлисида нутқ сўзлаган президент Каримов¸ тиббий комиссия президент ўз вазифасини бажаришга нолойиқ¸ деган хулосага келган тақдирда президентлик ваколатининг Сенат раисига топширилишига оид Конституцияга ўзгартиш киритишни таклиф қилди.


Регнум ахборот агентлигининг хабар қилишича¸ Ислом Каримов иккала палата депутатлари олдида қилган чиқишида¸ мамлакат конституциясининг бир неча бандига ўзгартиш киритишни таклиф қилган.

Бундай ўзгартишлардан бирига кўра¸ Ўзбекистон президенти ўз хизмат ваколатларини бажаришга тиббий жиҳатдан яроқсиз деб топилса¸ президентликни бажариш Олий Мажлис Сенати раисига топширилиши лозим.

Бу таклифини изоҳлаган Ислом Каримов уни: “ демократик давлатдаги оддий амалиёт” дея баҳолади.

Амалдаги Ўзбекистон Конституциясининг 96-моддасида ëзилишича:

"Ўзбекистон Республикасининг Президенти бетоблиги сабабли ўз вазифасини бажара олмаслиги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қўшма қарорига кўра тузилган давлат тиббий комиссияси хулосаси билан тасдиқланган тақдирда ўн кун муддат ичида палаталарнинг қўшма фавқулодда йиғилишида депутатлар, сенаторлар орасидан уч ойгача бўлган муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи сайланади. Бу ҳолда уч ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумхалқ сайлови ўтказилиши шарт."

Ислом Каримовнинг бундай таклифига муносабат билдирган унинг 20 йиллик сиëсий мухолифи¸ Эрк демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ¸ уни Каримов ўйнаëтган шахмат тахтасидаги навбатдаги чалғитувчи юриш¸ дея баҳолади:

- Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти Каримов ҳеч қачон, токи тирик экан, у ëки бу шаклда истеъфога чиқмайди, у ëки бу шаклда президентлик креслосини, тахтини бировга бериб қўймайди. Бунга мен жуда қаттиқ ишонаман. Чунки бу одамнинг характерини жуда яхши биламан. Ҳокимиятда турган бу одамнинг бутун ҳатти-ҳаракатларидан келиб чиқадиган хулоса шу. Каримов ҳозир баъзи гаплар айтаëтган бўлса, баъзи одамларни ҳайрон қолдираëтган бўлса, бунинг орқасида тахтида янаям мустаҳкамроқ ўтириш учун одамларнинг диққатини бошқа томонга чалғитиб, ўзининг бошқарув системасини яна ҳам мустаҳкамлаш учун қилади. Мана ҳозир гўë Сенат раисига бермоқчи, Сенат раисига берилаëтган имтиëзлар ҳам Сенат раисининг ваколатларини кучайтириш учун қилинаëтгандай кўриниши мумкин. “Сизлар хавотир олманглар. Мана мен яқинда истеъфога чиқаман ва ворисни ҳам тайинладим. Безовта бўлманглар, яқинда кетаман” деб инсонларни бунга ишонтириб, кейин одамларнинг бўлажак ворис атрофида бошланган жангни томоша қилиб ўтиришни режалади Каримов, деган фикрда мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳ.

Айни пайтда¸ президент Ислом Каримов Олий мажлиснинг 12 ноябр кунги ялпи мажлисида қилган чиқишида парламентда энг кўп ўринни эгаллаган партиялар Бош вазир лавозимига номзод кўрсатиши лозимлигини айтди ва бу борада ҳам конституцияга ўзгартиш киритишни таклиф қилди.

Амалдаги конституциянинг 93-моддасида ëзилишича¸

"Ўзбекистон Республикасининг Президенти:

10) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тақдим этади ва лавозимидан озод қилади".


Ислом Каримовнинг 12 ноябр куни Ўзбекистон Олиш Мажлиси депутатлари ва сенаторларга қилган бу таклифини шарҳлаган Озодлик таҳлилчиси Брюс Панниэр¸ иккала ўзгартиш диққат билан таҳлил қилинса¸ бу ҳаракат Каримов томонидан амалдаги Бош вазир Шавкат Мирзиëвга билдирилган ишончсизлик деган хулосага келиш мумкинлигини айтади.

- Ўзбекистон президентининг 12 ноябр кунги чиқиши ост қатламида ëтган мантиқдан келиб чиқиб¸ мен ҳозирги Бош вазирнинг ўз лавозимида узоқ қолишига шубҳа қилмоқдаман. Менимча¸ бундай ўзгартишлар таклиф қилиш орқали Каримов¸ кейинги кунларда зўрайиб кетгандек кўринган Шавкат Мирзиëевнинг президентликка келишга оид режаларини чиппакка чиқарди. Бу унга Каримов билдирган ишончсизликдир¸ дейди Брюс Панниэр.

Ҳозирча Ислом Каримовнинг бундай кутилмаган таклифи ортидаги сабаблар ҳақида аниқ маълумот йўқ ва Озодлик мавзуни кун давомида ўрганиб¸ бу ҳақдаги турли фикрларни сизга тақдим этишга ҳаракат қилади.

Айни пайтда¸ диққатингизга Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси¸ конституцияга ўзгартиш киритилиб¸ Каримов бетоб деб топилгудек бўлса¸ президентлик ваколатини қабул қилиб олиши лозим бўлган шахс - Илгизар Собировнинг Сенат расмий сайтидан олинган таржимаи ҳолини мулоҳаза учун тақдим этамиз.

СОБИРОВ Илгизар Матёқубович


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси.

1959 йил 20 февралда Қўшкўпир туманида туғилган. Олий маълумотли. 1986 йилда Тошкент давлат университетини ҳуқуқшунос мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1975 йилдан 1980 йилгача – Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги «И.Ибрагимов» жамоа хўжалиги аъзоси. 1986 йилдан 1987 йилгача – Тошкент давлат университети юридик факультети ёшлар ташкилотининг котиби, «Жиноят ҳуқуқи ва криминология» кафедраси ходими.

1988 йилдан 1992 йилгача – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институти «Жиноят ҳуқуқи ва криминология» сектори илмий ходими.

1992 йилдан 1993 йилгача – Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг катта ёрдамчиси.

1993 йилдан 1994 йилгача – Тошкент давлат юридик институтининг халқаро муносабатлар ва тарбиявий ишлар масалалари бўйича проректори.

1994 йилдан 1997 йилгача – Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ёрдамчиси, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судьяси, Олий хўжалик суди Пленуми ва ҳайъатининг котиби.

1997 йилдан 1999 йилгача – Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг қонунчилик ва суд ҳокимияти органлари билан алоқалар бўйича эксперт гуруҳи консультанти.

1999 йилдан 2000 йилгача –Хоразм вилояти адлия бошқармаси бошлиғи. 2000 йилдан 2003 йилгача – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари.

2003 йилдан 2005 йилгача – Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ҳокими.

2005 йилдан 2006 йилгача – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг раиси.
2006 йилдан 2009 йилгача – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси.

2009 йилнинг 27 декабридан – халқ депутатлари Қўшкўпир туман Кенгашининг депутати. «Миллий тикланиш» Ўзбекистон демократик партияси аъзоси.

2005 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2002 йилда «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони, 2006 йилда «Ўзбекистон мустақиллигига 15 йил», 2007 йилида «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил» эсдалик нишонлари билан мукофотланган.
XS
SM
MD
LG