Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:31

Воронеж милицияси мусулмонлар ҳақида маълумот йиғмоқда


Воронеж милицияси мусулмонларга оид батафсил маълумот тўпламоқчи.
Воронеж милицияси мусулмонларга оид батафсил маълумот тўпламоқчи.

Воронеж Ички ишлар бошқармаси шаҳардаги исломий жамоаларга расмий сўров юбориб¸ унда жамоанинг ҳар бир аъзосига оид барча маълумотни ўз ихтиëрига тақдим этишни талаб қилган.

Воронеж милицияси маҳаллий диний ташкилотларгa ўз аъзоларига оид маълумот бериш сўрови билан мурожаат қилган. Бу ҳақда Озодликка хабар қилган Марат исмли Воронеж мусулмонлари жамоаси вакилига кўра, бундай хатда мазкур “буйруқ” ижроси учун ҳатто аниқ муҳлат ҳам тайинлаган.

- Расмий сўровнома жўнатилган. Унда Воронеждаги мусулмонлар сони, ҳар бир мусулмоннинг конкрет анкета маълумотлари, айниқса исломни қабул қилган руслар ҳақида маълумот тақдим этиш сўралган. Улар буни ижро этиш учун ҳатто 30 кунлик муҳлат ҳам ажратишган. Шу сабабли биз ўз раҳбариятимиз билан бу масалада музокара олиб бормоқдамиз. Албатта, бу маълумотларни тақдим этиш-этмасликни диний бошқармамиз ҳал этади, дейди Ички ишлар бошқармаси тазйиқи остига тушган Воронеж мусулмонлари жамоаси вакили Марат.

Суҳбатдошнинг айтишича, маҳаллий масжидга келаётганлар орасида кўплаб марказий осиёлик, хусусан ўзбекистонлик мусулмонлар ҳам бор.

“Эхо Москвы” радиостанциясида чиқиш қилган Воронеж мусулмонлари жамоаси раиси Марат Газиевга кўра, Воронеж милицияси октябр охирларида юборилган бу сўровнома билан гиначекланиб қолган эмас.

- Шунингдек, бир неча маротаба милиция ходимлари ҳам ташриф буюришди. Улар мендан қатъйлик билан бу маълумотларни талаб қилишди. Милиция ходимларини шунингдек ташкилотимизнинг молиявий таъминоти масалалари ҳам қизиқтирди, дейди Марат Газиев.

Воронеж Ички ишлар бошқармаси расмийси Игорь Сушков Озодлик билан суҳбатда милиция жўнатган талабномадан мақсад Воронеждаги вазият ҳақида маълумот йиғиш экани ва бу ҳаракатларнинг “Виждон эркинлиги ва диний бирлашмалар ҳақида” ги Россия қонунига зид эмаслигини таъкидлади.

- Барча амалиёт қонун доирасида. Бу ерда на миллатчилик, на бошқа сабабларни қидиришнинг ҳожати йўқ. Қолаверса¸ бу маълумотлар очиқ манбаларда мавжуд. Шу сабабли, бу ҳаракатлар бирор шахснинг ички ҳаётига аралашиш сифатида баҳоланмайди, деди Воронеж Ички ишлар бошқармаси вакили Игорь Сушков.

Воронеж мусулмонлари жамоаси раҳбарияти¸ ҳозирча милиция ходимларига талаб қилинаëтган маълумот беришдан бош тортмоқда. Айни пайтда¸ Россиядаги айрим жамоат ташкилотлари тарқатаётган хабарларга кўра, бу каби сўровномалар фақат Воронеж эмас¸ балки мамлакатнинг бошқа ўлкалари¸ хусусан Тамбов мусулмонлар жамоасига ҳам юборилган.

Милиция ходимларининг россиялик мусулмонларнинг шахсий ҳаётига аралашувини ҳатто Миллатчи-большевиклар партияси собиқ раҳбари¸ ҳозирда “Другая Россия” партияси етакчиси Эдуард Лимонов ҳам қоралаб чиқди. Лимонов ўз шахсий блогида “Мусулмонларни ўз ҳолига қўйинг” сарлавҳаси остида баёнот эълон қилди.

Россия Жамоатчилик палатаси аъзоси, журналист Максим Шевченко Воронеж ва Тамбов милициясининг бундай ҳатти-ҳаракатларини мамлакат Конституциясига зид, дея баҳолади.

- Мен Воронеж милициясининг Россия фуқароларини уларнинг этник ва диний мансублиги юзасидан рўйхатдан ўтказишга бўлган уринишларини Конституция ва қонунларнинг бузилиши, деб ҳисоблайман. Менимча, у ёки бу жиҳатлар асосида одамларни потенциал жиноятчига чиқариш яширин сегрегация ва ирқчиликдир. Бу чирмашиб бораётган нацизм инқилобининг ўзгинаси, деди исломий гуруҳлар фаолиятини тадқиқ қилиб келаëтган журналист Максим Шевченко.

Россия Бош прокуратураси тарқатган хабарга кўра, Воронеж вилояти прокуратураси оммавий ахборот воситаларида чоп этилган бир қатор маълумотлар асосида милициянинг маҳаллий мусулмонлар устидан маълумот йиғиш мақсадида бундай сўровномалар жўнатишининг қанчалик Қонунга мос эканлиги устидан текширув бошлаган.
XS
SM
MD
LG