Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:34

Ҳақсизликка бўйин эгманг!


Зулмга бепарволик ҳам унинг урчишига йўл очади¸ дейди Озодликка сим қоққанлардан бири.
Зулмга бепарволик ҳам унинг урчишига йўл очади¸ дейди Озодликка сим қоққанлардан бири.

Озодликка сим қоққанлардан бирининг жасоратини юқори баҳолаган муҳожиратдаги ўзбекистонлик диндор йигит¸ бошқа ватандошларини ҳам жасоратли бўлиш ва зулмга хизмат қилмасликка чақиради.


“Қишлоқни сув босди”

дейди Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги Тўда қишлоғидан қўнғироқ қилган суҳбатдош. Унинг айтишича, айни пайтда электр энергияси йўқлиги сабабли сув тортадиган насослар ишламай қолган ва ер ости сувлари кўтарилиб қишлоқдаги 291та хонадонни сув босган:

- Фарғона вилояти, Риштон районидан. Бошимизга бир муаммо тушган. Уйларимизда ер ости сувлари кўтарилиб кетиб сувнинг ичида қолдик ҳозир.

Озодлик: Бу бутун Риштон бўйичами ëки айрим маҳаллалардами?

- Риштондаги Тўда қишлоғида.

Озодлик: Қачондан бери кўтарилган?

- Бу муаммо анчадан бери бор. Бизда зак сувларини насослар тортиб турарди. Ўшалар ишламай қолганлиги сабабли ер ости сувлари умуман кўтарилиб кетди. Шароит жуда чатоқ. Област ҳокимларига ҳам, район ҳокимларига ҳам, МЧСга ҳам хабар берганмиз. Ҳеч қандай натижа йўқ.

Озодлик: Насослар тортиб турарди¸ деяпсиз. Насослар қаердан қаерга тортарди?

- Сувларни тортиш учун қишлоққа тўртта-бешта насос ўрнатилган. Свет бир кунда 10-15 марта ëниб ўчаверганидан тезда куйиб ишдан чиқиб қолади. Натижада сув ердан кўтарилиб кетади. Умуман аҳвол чатоқ. Деворлар қулаш арафасига келди. Ëрдам берилмаса, аҳволимиз чатоқ. Ҳоким бугун келди. Бир уйни кўриб, ўзларингиз бартараф қилинглар деб кетди.

Озодлик: Манзарани аниқроқ тасвирлаб беринг. Сув қаергача кўтарилган?

- Тасаввур қилинг, ер ости суви кўтарилиб ҳовли сувга тўлганда. “Илтимос насосни юргизиб беринглар. Светни ўчирмай туринглар” десак шу иш ҳам бўлмаяпти. Насос ишлаб турса, свет ëниб турса, бир ҳафта, 10 кунда шу муаммо ҳал бўлиб кетади. Ҳеч қандай оғир муаммо эмас, дейди Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги Тўда қишлоғидан қўнғироқ қилган суҳбатдош.


“Бензинсизликдан безор бўлдик”

дейди Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан қўнғироқ қилган Эҳсон ака:

- Менга қаранг, бензин йўқ эмас бор. Заправканинг олдида бензин сотишади. Майли бизга 2000-2500 сўмдан ҳам беришсин. Бир ерга касал олиб борамиз¸ десак ҳам бензин ололмаймиз. Бензин бор. Заправканинг олдида сотишади, уйларда сотишади. Майли 2500 сўмдан биз олайлик. Заправкадан сотишсин шуни. Мана ҳозир борсангиз, ҳозир ҳам бор. Заправканинг олдиа сотишади. Заправка қуруқ. Кечаси заправкага олиб келадида, шу ерда сотаëтганларга заправкачи тарқатиб беради. Бунга Каттақўрғонда ҳеч ким қарамайди. Наҳотки заправканинг олдида бензин сотиб ўтиришганини кўришмайди. Шунинг учун телефон қилаяпмизда. Мен Каттақўрғонданман, дейди каттақўрғонлик суҳбатдош.


“Хайрулла Ҳамидов кўпчилик қилолмаган ишни қилган эди”

дейди жиззахлик Содиқ ака.

- У йигитнинг отасига раҳмат. Бизнинг халқимизга берилган ҳидоят бўлдида у йигит. Ўзим билган кўп алкаш, нималар йўлга тушиб кетди. Ëмон йўлда юрган аëллар тўғирланиб кетди. Кўп бузилган оилалар тикланди. Мана Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва бошқа кўп уламолар кўп йилларда қила олмаган ишни, мен ўзим билганимча, уч-тўрт йил ичида қилиб қўйди бу йигит, дейди жиззахлик Содиқ ака.


“Ўқувчида мобил телефон бўлмагани дуруст”

дер экан бухоролик Иброҳим ака, Озодлик радиосида шу ҳақда кетган эшиттиришга ўз муносабатини билдиради:

- Озодликнинг кеча бўлган эшиттиришида Ўзбекистон Олий мажлиси мактаб ўқувчиларига мобил телефон ишлатишни тақиқлаш тўғрисида қонун қабул қилиш арафасида эканлиги тўғрисида гап бўлган эди. Бу қарор ҳақиқатан кучга кирса, кўпчилик томондан кутилаëтган қонун бўлган бўларди. Кеча эшиттиришда баъзи тингловчилар бу нарсага қарши фикрлар ҳам билдиришди. Битта нарсаки, аввало сотовий телефоннинг зарари ҳақида бугунги кунда дунë бўйича билмаган одам деярли йўқ. Бу шифокорлар томонидан ҳам айтиб келинаяпти.

Икинчи томондан болаларнинг назорати томонга келинадиган бўлса, сотовий телефон ишлаб чиқарилиб, оммалашгунча бўлган вақтда ҳам ота-оналар болаларини назорат қилишган. У пайтда сотовий телефонлар бўлмаган. Демак, сотовий телефонсиз ҳам назорат қилса бўларкан. Яна сотовий телефон томонидан ахлоқий ëмон томонларга олиб борадиган ҳолатлар ҳам бўлмаяпти эмас. Биладиганлар билади буни. Анчагина кишининг бошига ҳам тушиб қолди бунақанги нарсалар. Агар бу қонун қабул қилинадиган бўлса, бу жуда кўпчиликка маъқул бўладиган қонун бўлади. Шахсан мен фуқаро сифатида жуда ҳам истардим шунақанги қонун қабул қилинишини, дейди бухоролик Иброҳим ака.


“Эр йигит ўз шаънини хўрламас”

дейди марғилонлик Умиджон, Қирғизистондаги ўзбек аёлларни эрлари ҳайдаб юбораётганлиги ҳақидаги эшиттиришга муносабат билдирар экан:

- Қизларни зўрлаган қирғизларми, ўзбекларми ким зўрлаган бўлса ҳам, мана ҳозир зўрлангандан кейин хотинини қўйиб юборганлар бор экан, уйидан чиқариб юборганлари бор экан, ўша хотинларнинг эрлари нимага буларни ҳимоя қила олишмади? Хотинларини кўчага, уйга ташлаб қочиб қолишиб бу номардлар, энди бу оналаримизни, опаларимизни, қизларимизни ҳаромхўрларга қўйиб қўйишиб, бўлмаган туҳмат тошини отишгани ярамаслик. Мана шу нималарни эшитиб жуда эзилдикда. Бу сингилларимиз, опаларимиз ҳаммалари умуман гуноҳи йўқ одамлар. Қўпол қилиб айтганда улар ўз хоҳиши билан бермаганку тўғрими. Уларни бунақа пайтда поддержка қилиш керак эди, дейди Умиджон.


“Ҳаққингизни талаб қилинг, бўлмаса зулм давом этади”

-дейди Эронда муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик Ҳазрат.

- Мен тошкентлик Абдуқаҳҳор акага ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчи эдим. Чунки у киши гарчи бировларга ëқмаса ҳам ҳақ гапни гапиради. Мен ўз ватандошларимни ўз ҳақ-ҳуқуқларини танишга ва уни талаб қилишга чақирмоқчиман. Акс ҳолда у ерда зулм, зўравонлик, феодализм кучайиб бораверади. Улар “Ҳамма уламолар, лидерлар чиқиб кетган. Биз кимга эргашайлик?” деб эътироз билдиришлари мумкин. Агар улар ўша ердаги лидерларни, уламоларни орқасида туриб ҳимоя қилганда эди, уларни қўллаб-қувватлаганда эди, ўшалар чиқиб кетмас эди, дейди Эронда муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик Ҳазрат.

******************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG