Линклар

Россияда ўлган тожикистонликлар сони ортмоқда


Тожикистонга Россиядан юборилган тобутлардан бири.

Тожикистонга Россиядан юборилган тобутлардан бири.

Тожикистон Муҳожирлик хизматига кўра, жорий йилнинг 10 ойида Россияда 800 га яқин тожикистонлик жон таслим қилган¸ уларнинг 300 га яқини сўғдликлардир. Бу ўтган йилги кўрсаткичда нисбатан анча катта рақамдир.


Сўғд вилоятига 22 ёшли Мамуржон Абдуллаев жасади солинган темир тобут олиб келинди. Яқинларининг айтишларича, бу йигит Россиянинг Москва вилоятидаги Пушкино шаҳарчасида мардикорлик қилган.

Марҳумнинг қариндоши Каримбойнинг айтишича, Мамуржон октябр ойида уйга қайтиб уйланиши керак эди.

- Жиянимизни олиб келишган куннинг ўзида, соат 10 да дафн қилдик.Ота-онаси тўйга тайёргарлик кўраётган эди. Ҳамма Мамуржоннинг келишини кутаётган эди. Буни қаранг тўй ўрнига азa бўлиб ўтирибди, дейди Каримбой.

Каримбойнинг айтишича, фожиа 6 ноябр куни юз берган. Жияни ухлаб ётган вагончага номаълум шахслар бостириб кирган. Аввалига роса дўппослашган. Кейин темир бўлаклар ва отвертка билан боши ва баданига уришган. Шундан беҳуш йигитни кўчага олиб чиқиб ташлаганлар ва вагончани ёндирганлар.

Журналист Алижон Йўлдошевнинг фикрича, токи Тожикистонда оила тебратишга етарли миқдорда маош тўлайдиган корхона ёки дехқон хўжаликлари ишга тушмас экан, бундай фожиалар бўлаверади.

- Рости гап мана шу бугун Тожикистонниг биргина Қўрғонча қишлоғи мисолида гапирсак ,аҳолини иш билан таъминловчи бирорта дуруст корхона ишламайди. Мана шундай ҳолатни бутун республика туманларида ҳам кузатиш мумкин. Ёшлар учун маданий-маърифий муассасалар хақида гапирмасак ҳам бўлади. Чунки бундай муассасаларнинг ўзи ҳам йўқ. Шунинг учун бу ҳақда давлат қайғуриши керак. Республика хукумат раҳбарлари шу давлатни, ўз оилаларини боқаётган фуқаролари ҳақида умуман қайғурмайди. Республикада корхоналар бор, лекин у ерда тўланаётган ойлик рўзғор тебратишга етмайди. Бу хақда кўп гаприляпти,бироқ аҳоли турмуши ўзгармаяпти, дейди Алижон Йўлдошев.

Кузатувчиларнинг айтишларича, марказий осиёлик мардикорлар ҳуқуқларининг Россияда ҳимоя қилинмаслиги ва улар тақдирнинг ҳукмига ташлаб қўйилганлиги ана шундай аянчли оқибатларга олиб келмоқда.

Бу каби мудҳиш воқеаларга муносабат билдирилганда, кўпинча бунга Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндошаётгани сабаб бўлаётгани ҳақида айтилади. Бироқ, Хўжанд шаҳридаги “Нигоҳ” жамоатчилик ташкилоти вакили Қобилжон Бахтиёров ҳам, Тожикистон ҳукумати Россияни айбламай, ўз фуқароларини ватанида иш билан таъминлашни ташкил этиши керак, деган фикрни билдиради.

- Россияда ксенофобия мавжуд, буни инкор қилиб бўлмайди. Россияда тақирбошлар қўлидан ҳар йили ўнлаб тожикистонликлар ҳалок бўлаётганлиги ташвишланарли ҳол. Бироқ, тожик расмийлари ва журналистлари баралла айтаётгандай, ҳалок бўлаётган тожикистонликлар сони юзлаб эмас, такрор айтаман, ўнлаб кишини ташкил этади. Назаримда,тожик расмийлари нолаю таъналар қилмай, биринчи навбатда, ўз фуқароларига ватанида шарт-шароит яратишни ўйлашлари керак, дейди Қобилжон Бахтиёров.

Унга кўра, расмий маълумотларда келтирилган далилларга бир назар ташланса кифоя. Сўғд вилоятидан Россияга ишга борган тожикистонликларнинг 22 нафари ҳалигача аниқланмаган ҳолатларда ҳалок бўлган. Шунингдек, 48 киши бахтсиз ҳодиса, 27 киши ўз жонига қасд қилиш, 20 дан ортиғи сувда чўкиш оқибатида¸ қолганлари эса турли касалликлар сабаб оламдан кўз юмганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG