Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:27

"Қирғизистон жанубида ўзбеклар таҳқирланмаяпти"


Кузатувчилар фикрича, президент Ўтунбаева Ўш қирғини юзасидан асосан ўзбеклар судланаётгани тўғрисидаги маълумотларга эга эмас.
Кузатувчилар фикрича, президент Ўтунбаева Ўш қирғини юзасидан асосан ўзбеклар судланаётгани тўғрисидаги маълумотларга эга эмас.

Бу Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаеванинг фикри. 12 ноябр куни Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева суд раисларининг навбатдан ташқари ўтказилган қурилтойида чиқиш қилди. Ўз чиқишида Ўтунбаева Қирғизистон жанубида ўзбеклар устидан бўлаётган суд жараёнларига ҳам тўхталди.

Президент хорижий журналистлар ва экспертлар томонидан Қирғизистон жанубида фақат ўзбеклар устидангина суд жараёнлари ўтказилаётгани ҳақида тарқатилаётган хабарлар ҳақиқатдан узоқ экани, июн воқеалари бўйича бўлаётган тергов ва суд ишларида икки миллат вакиллари борлигини рақамлар билан келтирди:

-Жалолобод вилоятида кўриб чиқилган жиноят ишлари бўйича 30 нафар ўзбек, 25 нафар қирғиз ўтмоқда. Гап бир миллат вакиллари бўлган одамлар дискриминацияси ҳақида эмас. Биз фақат бир томонлама жазолашга қаршимиз, - деди Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева.

Қирғизистон президентига кўра, июн воқеалари бўйича Жалолобод вилоятида 113 нафар фуқарога нисбатан 27 та жиноий иш қўзғатилган. Булардан 12таси бўйича суд ҳукми чиқарилган, қолган 15та жиноят иши бўйича 64 нафар фуқаро тергов остида. Ўш вилоятида эса 143 нафар фуқарога нисбатан 80 та жиноий иш қўзғатилган бўлиб, 48 иш бўйича ҳукм чиқарилган. Судланган фуқароларнинг миллати ҳақида Отунбаева ўз нутқида гапирмади.

Июн воқеаларини Ўш ва Жалолобод вилоятларига бориб ўрганган “Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Азиза Абдурасулова президентнинг хорижий журналистлар ва экспертлар ҳақидаги фикридан хайратланганлигини билдирди:

- Президент адашаётган бўлиши мумкин. У суд жараёнларини бевосита ўша жойда кузатмаяпти.У доим Қирғизистон жанубида эмас. Эксперт ва журналистлар адашиши мумкин эмас. Экспертлар, ҳуқуқ фаоллари, журналистлар доимий тарзда ўша воқеа жойида.Уларнинг ҳаммаси бирданига хато маълумот тарқатиши мумкин эмас-ку, - дея ажабланади қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова.

Азиза Абдурасулова Роза Ўтунбаевага суд жараёнлари ҳақида нотўғри рақамлар тақдим этилган бўлиши эҳтимол, деб фикр билдиради.

- Мен Ўтунбаеванинг ўзидан эшитмоқчи эдимки, агар бир томон кўпроқ жабрланган бўлса, иккинчи томон жавобгарликка кўпроқ тортилиши керакми? Июн воқеаларида жабр кўрган, яраланган, ҳалок бўлганлар сони ўзбеклар орасида кўп. Аслида эса, Қирғизистон Бош прокуратурасининг расмий ҳужжатлари бўйича, қирғиз миллатидан фарқли ўлароқ ўзбек миллатига мансуб фуқаролар ўн баробар кўп ҳибсга олинган, - дея Қирғизистон президентининг чиқиши бўйича фикр билдирди Азиза Абдурасулова.

Ўшлик ўзбекларни июн воқеаларидан сўнг бошланган ҳибсга олишлар чўчитиб қўйган эди. Маҳаллий ҳуқуқ -тартибот идоралари Ўшдаги қирғинни уюштирганликда, ўзбек маҳаллаларини ёқиб, одамларни ўлдирганликда ўзбекларни айблаб, ҳибсга олишларни бошлаган эди.

Ўзбеклар эса: “Бу жиноятларни қилган ҳақиқий жиноятчилар қачон жавобгарликка тортилади?" деган саволни бериб келаётган эди.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Абдумалик Шарипов Қирғизистон жанубида юзлаб ўзбеклар ўлдирилганлигига қарамай, шу пайтгача суд жараёнлари фақат қирғизлар ўлимида айбланаётган ўзбеклар устидан бўлиб келаётганлигини Озодликка гапирган эди. Ўшанда у 5 ноябр куни Жалолободда икки ўзбек йигитини ўлдирганликда айбланган қирғиз миллатига мансуб шахслар устидан бўлган суд маҳкамаси борасида фикр билдирган эди:

- Яна ажаблантираётгани жойи, нима учун бу томондан битта суд бўлаяпти? Июн воқеаларида жуда кўп ўзбеклар талафот кўрган, ўзбеклар орасида ўлганлар бор, талафот кўрганлар бор, талон-тарож бўлганлар бор. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига аризалр беришган. Лекин бу биринчи марта судга етиб борган иш бўлаяпти-да. Энди бўлаятгандир, балким тергов жараёнлари кетаётгандир. Аммо бизга бу борада маълумотлар етиб келганича йўқ, - деган эди жалолободлик ҳуқуқ фаоли.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаев Қирғизистон президентининг гапида “оз бўлса-да жон бор” деган фикрда.

- Дискриминация йўқ деб айтолмайман. Бироқ охирги пайтда қирғиз миллатига мансуб бўлган жиноятчиларни ҳам жиноий жавобгарликка тортиш бошланди. Йўқ дегандан кўра, бундай ҳолатлар ҳам бор-да.

Озодлик: Бу хўжа кўрсинга бўлмаяптими?

- Шундай деб айтсак ҳам бўлади, -деди ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаев.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаеванинг жанубда ўзбекларни таҳқирлаш ҳолати йўқлиги ҳақида билдирган фикри ҳуқуқ фаоллари томонидан икки хил баҳоланмоқда. Биринчи фикрга кўра, Қирғизистон президенти мамлакат жанубида "ўзбеклар иши" юзасидан ҳақиқий маълумотга эга эмас. Иккинчиси эса, Қирғизистон президенти ҳаққоний вазиятга атайин кўз юммоқда.
XS
SM
MD
LG