Линклар

logo-print

Республика парламентида чиқишида гапирган президент Ислом Каримов Ўзбекистонда ҳар 100 минг кишига 166 маҳбус тўғри келишини маълум қилди. Агар Ўзбекистон аҳолиси сони 28 миллионга етгани ҳақида берилган расмий маълумотга асосланиб, ҳисоб-китоб қилинса, мамлакатдаги жами маҳбуслар расмий сони 46 ярим мингдан ошиқроқ экани маълум бўлади.

Президент Каримовга кўра, бу рақам 10 йил муқаддам икки баробарга кўп бўлган.

Аммо мамлакатдаги жазони ижро этиш тизими ва муассасалари аҳволини кузатиб келаётган маҳаллий ҳамда халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари йиллардан буён Ўзбекистон қамоқхоналаридаги жами маҳбуслар аниқ сони ошкор қилинмаслиги ёхуд жуда кичрайтириб кўрсатилишини айтиб келади.

Ана шундай ташкилотлардан бири - мамлакат ичкарисидан туриб диний ҳамда сиёсий мотивлар бўйича қамашлар билан боғлиқ вазиятни кузатиб келаётган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тахминича, ҳозир Ўзбекистонда 100 мингга яқин маҳбус бор.

46 ярим минг деган рақам, мазкур гуруҳ раҳбари Суръат Икромов фикрича, кичрайтирилган рақамдир.

- Бу маълумот сир тутилади ёки камайтириб гапирилади. Мисол учун, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси йиғилишида ўзбек делегацияси расмийлари Ўзбекистонда диний эътиқоди учун қамалганлар сони "1 минг 400 нафар" деб гапирган эди. Ўзи-ку, сўнгги икки йил ичида биздаги маълумотларга кўра, дини учун қамалганлар сони 1 ярим мингдан ошиқ. 2001 йилдан буён эса амнистия берилмаяпти бунақа маҳбусларга. Мустақиллик йилларидан буён қамалганлар сони эса 9 мингдан ортиқ. Буларнинг ҳаммасини ҳужжатлари бизда бор.

Озодлик: Гапингиз бошида маҳбсулар сони озайтириб кўрсатилади, дедингиз. Шу пайтгача қанақа расмий рақамлар тилга олинган?

- Андижон воқеаларидан олдин, 2005 йилнинг бошларида президент қамоқхоналарда 64 мингта маҳбус борлиги тўғрисида гапирган эди. Кейинчалик ГУИН ҳисоботларида 30-40 минг маҳбус ҳақида гапирила бошлади. Бу орада қанча одам қамалаяпти. Муддати ўтганларга эса уларни чиқармаслик мақсадида яна қўшиб берилаяпти. Бизнинг ҳисоб-китоблар бўйича қамоқхоналарда камида 100 минг маҳбус бор. Жазо муассасалари умумий сони эса 50 тадан ошиб кетган. ГУИН нинг аввалига раҳбари бўлар эди, Гуревич, деган. У айтган эди: “Жами 51 та қамоқхона бор”, деб.

Озодлик: Нечанчи йилда айтилган эди бу рақам?

- Бу 2005 йилдаги гап. Ундан бери қанча қамоқхоналар қурилди. Кўп қамоқхоналарда эса нормадан ортиқ маҳбус сақланади. Мисол учун, 1000 ўрнига бир ярим – икки минг одам сақланади. 2005 йилдан кейин ўзи қамаш кўпайиб кетган Ўзбекистонда. Нафақат диний-сиёсий, балки бошқа айбловлар билан ҳам. Тўғри, кўпчилик маҳбуслар ноҳақ қамалган. Бундан ташқари, мана Бекободдаги 21-колонияда — собиқ амалдорлар, орган ходимлари, прокурорлар ўтирадиган қамоқхонанинг ўзида 1 минг 200 маҳбус бор. Мен яқиндагина, уч-тўрт йил аввал сўраганимда, 650 та маҳбус борлигини айтишган эди.

Ҳукумат шундай статистика бериш керакки, қайси қамоқхонада қанча маҳбус қамалган ва қайси моддалар билан қамалганини ошкор қилиши керак. Негаки, бу муассасаларга харажат давлат бюджетидан кетаяпти ва бу миллиард-миллиард сўм маблағ, дегани, - дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG