Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:31

Сўғдда ярим минг зиёратчи Ҳажга боролмай сарсон


Тожикистон шимолидан бўлган беш юздан зиёд зиёратчининг бу йил Ҳаж маносикларини адо этишга умиди кундан-кунга сўниб бормоқда.
Тожикистон шимолидан бўлган беш юздан зиёд зиёратчининг бу йил Ҳаж маносикларини адо этишга умиди кундан-кунга сўниб бормоқда.

Ҳажга тараддуд кўрган тожикистонликлар беш кундан буён туристик фирмаю аэропортга қатнаётганлари, бироқ кўзлаган манзилларига учолмай, уйларига қайтиб кетаётганларидан шикоят қилишмоқда.

80 ёшни қоралаб қўйган Турсунбой ака Мамадалиев неча йиллар давомида Ҳаж сафарига боришни кўнглига тугиб юради. Бироқ бу йил ҳам унинг орзуси ушалмайдиганга ўхшайди.

- Мен Адрасмон шаҳарчасиданман. Мана шу Хўжандда тўрт-беш кундан бери юрибмиз. Чақиради - келамиз, “улов йўқ”, дейишади, яна қайтиб кетамиз. Адрасмондан биз икки киши ҳажга бормоқчи эдик. Аэропортга ҳам бориб келаяпмиз, ўша ердаям “улов йўқ”, дейишаяпти. Кимга гапиришимизни билмаймиз, - деди Турсунбой ака.

Жаббор Расулов туманида истиқомат қилувчи Жамолиддин Саидовнинг айтишича, турфирма вакиллари, “журналистларга интервю берманглар, кимда-ким журналистлар билан гаплашса, пулларини қайтариб бермаймиз”, дея огоҳлантиришган. Шунинг учун ҳам хажга отланганлар журналистлар билан суҳбатлашишдан чўчишмоқда.

“Ҳозир турфирма раҳбарларининг мажлиси тугади. Улар: “Бизга вақт беринглар, пулларингни бир ой давомида қайтариб берамиз, чунки виза ва бошқа ҳужжатлар Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида расмйлаштирилган ва пуллар ўша ерда”, дейишди. Мен ҳажга умр йўлдошим билан бормоқчи эдим. Ҳаж сафари учун 7200 АҚШ доллари миқдорида пул тўладик”, деди овозини эшиттирмаслик шарти билан гапирган Жамолиддин Саидов.

Масалага ойдинлик киритиш учун биз Хўжанддаги “Интурист Тожикистон” давлат унитар корхонаси раҳбарлари билан суҳбатлашмоқчи бўлдик. Бироқ корхона эшиги ортида турган соқчилар ҳеч кимни бино ичкарисига киритмади. Корхона биносини суратга олаётган “К+” телевидениеси мухбирлари эса турфирма вакиллари ҳужумига учради.

Тожикистонликларнинг сўзларига кўра, турфирма ижарага олган Арабистон авикомпанияси самолётларини Тожикистон томони қабул қилмаган. Бироқ Хўжандаги “Тожикэйр” авиакомпаниси вакиллари бу иддаоларни рад этишди.

- Билмадим, нима хақида гап кетаяпти, лекин бизга бирорта фирма мурожаат қилмаган. Балки бу фирма учоқ масаласини Душанбе орқали гаплашгандир, бу ҳақда бизда ҳеч қандай маълумот йўқ. Лекин ҳажга кетолмай қолган сўғдликлар ҳақида биламиз. Чунончи, кеча юзга яқин тожикистонликлар Москва шаҳри орқали ҳажга учмоқчи бўлишди. Бироқ учишга бир соат вақт қолганда ҳаммаси билетларини топширишди. Сабаблари бизга маълум эмас, - деди “Тожикэйр” авиакомпаниясининг Хўжанддаги вакили Ҳусан Усмонов.

Маккага отланган суҳбатдошларимизга кўра, бугун Тожикистонда ҳаж ҳам бизнесга айланиб қолган.

- Ҳажга бориш учун бир неча ой олдин тайёргарлик кўриш керак. Чунки квоталар олдиндан сотилади. Ҳужжат топширган одам 300 доллар қўшимча пул бермаса, рўйхатдан ўчириб ташланади. Баъзан ҳужжатлар қалбакилаштирилиб, ҳожилар ярим йўлдан қайтиб келишади, - дейди хўжандлик Ханифа опа.

У шу важдан ҳам ҳозирча Тожикистон орқали ҳажга боришни истамаяпти. Суҳбатдошларимизга кўра, порахўрлик ва саргардончиликлардан безган тожикистонликларнинг анчагинаси Россия ва Қирғизистон орқали ҳажга боришга ҳаракат қилаяптилар.
XS
SM
MD
LG