Линклар

Москва масжидлари: Москва Жомеъ масжиди


Ҳайит кунлари Москва Жомеъ масжиди ҳам маҳаллий ва ажнабий мусулмонларга тўлади.

Ҳайит кунлари Москва Жомеъ масжиди ҳам маҳаллий ва ажнабий мусулмонларга тўлади.

16 ноябр куни Россия мусулмонлари бошқа диндошлари каби Қурбон байрамини нишонлайдилар, Ҳайит намозини адо этадилар. Байрам арафасида Озодлик Москванинг энг йирик масжидлари тарихи, уларнинг бугунги ҳолатига оид мақолаларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчи.

Дастлаб Россия пойтахтининг энг йирик ва марказий масжиди ҳисобланмиш Москва Жомеъ масжиди ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлдик.

Якшанба куни Олимпийский майдони ёнидаги Жомеъ масжиди ҳар галгидек гавжум.

Москва Жомеъ масжиди кўплаб меҳнат муҳожирларининг энг севимли ибодат жойларига айланган. Сурхондарёлик бу йигитлар Москвага келганига эндигина тўрт ой бўлганини гапиришди.

Озодлик: Нима учун айна шу масжидга қатнаяпсизлар?

- Бу расмий бўлгани учун. Биз фақат шу ердагини биламиз, бошқа жойдагини билмаймиз. Бизлар яқинда келганмиз бу ерга, 3-4 ойлар бўлди.

Озодлик: Нима иш қиласиз бу ерда?

- Ҳамма нима иш қилса, ўшани қиламиз-да. Тирикчилик, рўзғор, деганларидек стройкада ишлаймиз, ака.

Озодлик: Сиз қанчадан бери қатнайсиз бу ерга?

- Мен Иброҳим. Пул топиш мақсадида келганмиз, тўғриси, биров билан ишимиз йўқ. Россияга биринчи келишим.

Озодлик: У ёқда нима иш қилгансиз?

- У ёқда ремонт қилардим. Бу ерда ҳам ремонт билан шуғулланаман. Ошиниш керак-ку, барибир, бола-чақа, деганларидек, дейди икки фарзанднинг отаси Иброҳим.

Мен масжидга кириб кетаётган бир гуруҳ москвалик катта синф ўқувчиларига эътибор қаратаман.

Асосан рус миллатига мансуб йигит-қизлар мактаб ўқитувчилари назорати остида бошларини ёпиб, масжид ичкарисига кириб кетдилар. Мактаб ўқитувчиларидан бирини суҳбатга тортаман. Тарих ўқитувчиси Лариса масжидларга мактаб болаларининг ташрифи мактаб дастури асосида амалга оширилаётганини билдирди.

- Болаларни турли конфессиялар, динлар билан яқиндан таништириш мақсадида бу ерга келдик. У ерда 2 мактаб ўқувчилари, улар ҳозиргача ўтирибди ичкарида. Масжид қошидаги мадраса ўқитувчиларидан бири уларга маъруза ўқияпти. Ахир бу ажойиб-ку, болаларимиз бу нарсаларни билса, ўзга маданият ва дин билан яқиндан танишса. Биз шунингдек синагогалар, лютеран черкови, католик черкови, православ черковларига ҳам борамиз, - дейди Жомеъ масжидга ўз талабалари билан келган ўқитувчилардан бири Лариса.

7-синф ўқувчиси Яна умрида биринчи маротаба масжидга кираётганини гапиради.

- Мен 7-синфда ўқийман. Менга турли динларнинг Худога бўлган муносабати қизиқтиради, одамларнинг нуқтаи назарлари. Қаранг, динлар турлича бўлгани билан уларнинг ўхшаш томонлари жуда кўп экан, - дейди масжидга экскурсияга келган Яна.

Мактаб ўқитувчиларининг сўзларига кўра, бундай экскурсиялар ёшларнинг Ислом дини тўғрисидаги тасаввурларини шакллантиришга ёрдам беради, турли маданиятларнинг ўзаро муроса асосида яшашига негиз яратади.

Дарҳақиқат, Жомеъ масжиди москваликларнинг қизиқишини ўзига жалб қилувчи Москванинг тарихий обидаларидан бири ҳам ҳисобланади. Олимпийский стадиони ёнгинасида жойлашган Жомеъ масжид Москвадаги масжидлар орасида энг йириги ва Тарихий масжиддан кейин энг қадимги ҳам ҳисобланади. "Ахир Ислом Россияда христианликдан бир неча юз йил олдин қабул қилинган", дейди масжид имом-хатиби Илдар Аляутдинов.

- Россиядаги Ислом тарихини тушуниш учун 14 аср олдинги Ислом тарихини тушуниш керак. 14 аср давомидаги Ислом тараққиёти замонавий Россияда энг йирик конфессиялардан бирига айлантирди. Бизнинг масжидимиз фаолияти Москвага кўчиб ўрнашган татар мусулмонлари жамоаси тарихи билан бевосита боғлиқ, - дейди масжид имом-хатиби Илдар Аляутдинов.

Суҳбатдошимизга кўра, бу масжид тарихи 1894 йилдан бошланади. Шу санадан бошлаб Замоскворечега ўрнашган кўплаб татар оилалари Москвада иккинчи масжидни қўришга маҳаллий ҳокимиятдан рухсат сўраб келган. Фақат 1902 йилдагина Москвалик С. Бакиров ва савдогар Х. Ақбулатовларнинг Оренбург мусулмонлар диний йиғини номидан топширган илтимосномаси Москва буюк князи Сергей Александорович томонидан маъқулланди.

1903 йилнинг декабрида бошланган масжид қурилишини бой савдогар Солиҳ Ерзин ҳисобига бир йилда қуриб битказилди.

Қизиғи, юз йилдан ортиқроқ тарихга эга бу масжид бирор марта ҳам ёпилмаган, ҳатто қатағон йилларининг энг оғир дамларида ҳам ўз фаолиятини юритаверган.

Уруш йиллари фронтга Москва мусулмонлари жамлаган хайр-эҳсонга тузилган ҳатто битта танк колоннаси жўнатилган.

Ўз тарихи давомида бу масжидга Миср президенти Жамол Абдул Носир, Индонезия президенти Сукарно, Ливия инқилоби йўлбошчиси Муаммар Қаддафий ва бошқа атоқли шахслар ташриф буюрган.

Жомеъ масжид имоми Илдар Аляутдиновга кўра, 1996 йилда тузилган Россиядаги мусулмон жамоаларини бирлаштириб турувчи Россия муфтийлар Кенгаши шу бинода фаолият юритади. Шунингдек, бу йил 10 йиллигини нишонлаётган Россиянинг Европа қисми мусулмонлар диний бошқармаси (ДУМЕР) ҳам шу ерда жойлашган.

Сўнгги йилларда Москвада ибодатга келаётган мусулмонлар учун жой танқислиги мегаполиснинг энг йирик муаммоларидан бирига айланди. Масжид расмийларининг айтишича, бу ҳолат, айниқса, байрам кунлари, шаҳардаги бошқа аҳоли вакилларига ноқулайлик яратмоқда. 16 ноябрда Россияда нишонланаётган Қурбон байрами куни Жомеъ масжиди атрофидан ўтувчи қатор трамвай ва автобус йўналишлари бўйича ҳаракат тўхтатилиши ҳақида шаҳар транспорт бошқармасининг махсус қарори эълон қилинди.

Европанинг энг йирик мусулмон шаҳарларидан бири бўлган Москвада, тахминларга кўра, 2 миллиондан зиёд мусулмон истиқомат қилади. Айни пайтда шунча мусулмон аҳолиси бўлган Москва Ислом динига эътиқод қилувчилар бошига ҳисоблаганда энг кам масжидлар сонига ҳам эга.

Москвада Мир (Тинчлик) проспектидаги Жомеъ масжиди, Отрадноедаги Ёрдам масжиди, Катта Татар кўчасидаги Тарихий масжид ва Поклонная майдонидаги Шуҳада масжидлари фаолият кўрсатади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG