Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:08

Ўзбек-тожик чегарасида ёш йигит отилди


Шу йилнинг 14 ноябр куни ўзбек-тожик чегарасида Ўзбекистон ҳарбийси тожикистонлик фуқарони отиб ўлдирди. Нохуш ҳодиса чоғида яна бир тожикистонлик яраланган. Ўзбекистон томони бу воқеада тожикистонликларни айбламоқда.

Зафарободлик Бегали Ашурматовнинг айтишича, якшанба куни отилган 20 ёшли Соли Ваҳобов тумандаги Мирзообод қишлоғида истиқомат қиларди. У ва шериги неча йиллардан буён тижорат билан шуғулланишарди. Улар бу чегара нуқтасидан бир эмас, ўнлаб марта ўтишган ва шу кунгача бирор-бир муаммо бўлмаган.

- Марҳумнинг қариндошлари Ўзбекистонга боришди, лекин Соли Ваҳобов жасадини ололмай, қайтиб келишди. Уларнинг айтишларича, ўзбек чегарачилари 600 минг сўм талаб қилишган. Ҳозир марҳумнинг қариндошлари мана шу пулни йиғиш билан овора, дейди Бегали Ашурматов.

Унинг сўзларига кўра, бу воқеада яна бир тожикистонлик зарар кўрган. Автоматдан яраланган Икром исмли йигит айни пайтда Ховос касалхонасига жойлаштирилган.

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси Сўғд вилоят бошқармаси вакили Ўктам Гадойбоевнинг айтишича, сўнгги пайтларда
чегара пунктларида тожикистонлик фуқароларнинг ҳуқуқи поймол қилиниши ҳоллари кўпайган.

- Бундай ҳолатлар наинки Тожикистон ва Ўзбекистон, балки Қирғизистон билан чегараларда ҳам кўп содир бўлаяпти. Жумладан, Боткен ва Сўғд вилоятлари ўртасидаги чегараларида бундай воқеалар янгилик эмас. Чунончи ўтган ҳафтада тожикистонликдан пора талаб қилган Боткен аэропорти божхоначиси қўлга олинди. Фуқароларимиз давлатлараро имзоланган шартномага мувофиқ, беш кун давомида қўшни давлат ҳудудида юриш ҳуқуқига эга бўлишларига қарамай, чегараларда инсон ҳуқуқлари поймол бўлаётганига доир кўплаб шундай маълумотларга эгамиз, деди Ўктам Гадойбоев.

Тожикистонликларнинг сўзларига кўра, аслида чегарадан ноқонуний ўтиш янгилик хам эмас, қийин хам эмас.Чунки ҳар икки давлат чегарачилари ҳам бундан манфаатдор.

- Виза бўлмаса, чегарадаги ҳар бир постга 200-300 ўзбек сўмидан бериб ўтади, дейди Мақсуд Ўринов.

Бошқа суҳбатдошимизнинг айтишича, чегара постидан ўтишни хоҳламаганлар айланма йўллар ёки дарёни кечиб ўтишади.

- Пул тўлашни хохламаганлар мана шу совуқ кунларда белигача сувга кириб, каналдан ўтиб келаяпти. Пули борлар мана шу постдан ўтмоқда, дейди Каримжон Охунов.

Зафаробод тумани суди ҳаками Муҳаммаджон Ашуровнинг сўзларига кўра, чегара бузувчилар орасида ўзбекистонликларни ҳам, тожикистонликларни ҳам учратиш мумкин.

- Жорий йил ўн ойи давомида Тожикистон чегарасини ноқонуний ўтган беш ўзбекистонлик маъмурий жазога тортилган эди. Улар минг сомоний миқдорида жарима тўлашган ва суд залида озод этилган эдилар. Бундан ташқари, яна уч нафар Ўзбекистон фуқароси чегарани ноқонуний ўтганлик ва контрабанда билан шуғулланганликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган. дейди судья Ашуров.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, чегараолди ҳудудларида бундай қонунбузарликларнинг одатий ишга айланиб қолганига аҳоли турмушининг оғирлиги сабаб бўлаётир.
XS
SM
MD
LG