Линклар

logo-print

"Бурятзолото" директори Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкин


Ўзбекистон расмийлари Алексей Бурксерни давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбламоқда.

Ўзбекистон расмийлари Алексей Бурксерни давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбламоқда.

13 ноябр куни Россиянинг Улан-Удэ шаҳрида Навоий тоғ-металлургия комбинатининг собиқ бош инженери Алексей Бурксер ҳибсга олинди. Бир йилдан бери Россиянинг “Бурятзолото” акционерлик жамияти бош директори лавозимида ишлаб келган Бурксер Ўзбекистон сўровига кўра қўлга олингани айтилмоқда.


Россия Бош прокуратураси “Бурятзолото” очиқ турдаги акционерлик жамияти бош директори Алексей Бурксерни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Асли ўзбекистонлик, Навоий тоғ-металлургия комбинатида узоқ йиллар ишлаган Бурксер Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги сўровига биноан халқаро қидирувга берилган, деди Озодликка Бурятия Республикаси бош прокурори катта ёрдамчиси Ирина Киселева.

- У Россия ҳуқуқ муҳофазаси органлари эмас, балки Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари илгари сурган айбловлар билан ҳибсга олинган. Ўзбекистон томони Бурксерни мамлакат ҳудудида содир этган иқтисодий жиноятлари учун ҳибсга олиш ва Ўзбекистонга экстрадиция қилиш сўровномаси билан мурожаат қилган. Лекин Алексей Бурксер Бурятия ҳудудида ҳеч қандай жиноий жавобгарликка тортилгани йўқ. Шунинг учун, у жиноятни содир этганми, йўқми буни Ўзбекистон ўзи ҳал этади, деди Бурятия прокуратураси расмийси Ирина Киселева.

Унинг сўзларига кўра, Интерпол орқали Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги юборган ҳужжатларнинг барчаси тўлиқ ва унинг экстрадиция масаласи Россия Бош прокуратураси томонидан ҳал этилади.

- Уни Ўзбекистонга топшириш масаласи Россия Бош прокуратурасининг ваколатидир. У Россия фуқароси эмас, у Ўзбекистон фуқаросидир. Биз фақатгина Интерпол орқали келган ҳужжатларни жамлаб, Москвага юбордик, уни ҳибсга олмасликка асос бўлмагани сабабли Ўзбекистон талабини қондиришга мажбурмиз. Бизнинг фуқаромиз бўлмагани учун у Ўзбекистон қонунларига бўйсинади. Бурятияда Бурксер миграция хизматида рўйхатдан ўтган, барча ҳужжатлари қонун доирасида. Ҳозирча Алексей Бурксер бериб юборилмаган. У Улан-Удэ шаҳар изоляторида сақланяпти, дея таъкидлади Бурятия Республикаси бош прокурори катта ёрдамчиси Ирина Киселева.

Прокуратура расмийси ”Бурятзолото” бош директори Алексей Бурксерга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167, 209 ва 205 моддалари, яъни “катта миқдорда маблағларни ўзлаштирганлик ва талон-тарож қилганлик, мансаб ваколатини қасддан суиистеъмол килганлик ва фирибгарлик” юзасидан Самарқанд ички ишлар бошқармаси томонидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, Бурксернинг бу айбловлари тасдиқланса, унга 1 йилдан ортиқроқ қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

2009 йилнинг 28 ноябрида Россиянинг олтин қазиб олиш соҳасида биринчи бешликка кирувчи “Бурятзолото” корхонаси директори лавозимига тайинлангунига қадар Алексей Бурксер Навоий тоғ-металлургия комбинатининг Жанубий руда бошқармасида бош инженер бўлиб ишлаган. У Бурятияга “Бурятзолото”ни назорат қилувчи “Северсталь” ширкати вакили сифатида келган.

52 ёшли Алексей Бурксер Москва Геологоразведка университетини битириб, иш фаолиятини 1975 йилда Навоий тоғ-металлургия комбинатида бурғуловчи ёрдамчиси лавозимидан бошлаган.

Навоий комбинатининг исми сир қолишини истаган инжинери Алексей Бурксерни яхши мутахассис сифатида билишини айтади.

- Алексей Бурксер, адашмасам, 2-3 йил бўлди кетганига. Ҳозир у Россияда “Якутзолото”да биринчи шахс. Кейинги йилларда у Жанубий руда бошқармасида, Нурободда ишлаган. Мутахассис сифатида ўз ишини жуда яхши биладиган одам, шунинг учун ҳам Россияга таклиф қилишди, дейди Бурксерни таниган Навоий комбинати ходими.

“Бурятзолото” корхонаси матбуот хизмати Алексей Бурксернинг қўлга олиниши унинг ҳозирги иш жойига таалуқли эмаслиги, вазият ижобий ҳал бўлишига ишонишларини ва уни яна ўз ишига қайтишига умид қилишаётганини маълум қилишди.

- Ҳозир корхонани молия директори Юрий Александрович Лопухин бошқаряпти. Корхонамизда иш тўхтагани йўқ, ҳаммаси жойида. Биз Алексей Александрович тез орада қайтишига ишониб қоламиз. Ахир унинг бошчилигида 2009 йилдан буён ширкатнинг фаолиятида сезиларли ижобий натижаларга эришилди, деди ўзини Юлия деб таништирган “Бурятзолото” матбуот хизмати вакили.

“Бурятзолото” расмий сайтидан олинган маълумотга кўра, 1991 йилда тузилган бу корхона ҳозирда Россияда олтин қазиб олувчи компаниялар орасида биринчи бешликка киради ва йилига 4,5-5 тонна олтин қазиб олади.
XS
SM
MD
LG