Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:33

Сўғдда ЎИҲга аъзоликда гумонланганлар ушланди


Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланиб қўлга олинганларнинг аксарияти исфараликлар эканини айтмоқдалар.
Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланиб қўлга олинганларнинг аксарияти исфараликлар эканини айтмоқдалар.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида яна икки киши ЎИҲ аъзолигида гумонланиб ҳибсга олинди. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги икки ой давомида вилоятда 20 дан ортиқ тожикистонлик ЎИҲга азоликда гумонланиб қўлга олинган.

Милиция мулозимларининг сўзларига кўра, қўлга олинганлар Россиядаги маслакдошлари билан учрашиб турган ва у ердан вилоятдаги аъзоларига пул жўнатганлар. Жумладан, қўлга олинган Илҳом Исмонов жорий йил август ойида Москва шаҳрида исфаралик ЎИҲ аъзоси 32 ёшли Исмон Азимов билан мулоқотда бўлган. Исмон Азимов тўрт йил буён халқаро қидирувда ҳисобланади. Ватанига қайтиб келган Илҳом Исмонов бу ердаги яна бир ЎИҲ аъзоси Суҳроб Ваҳобов билан бирлашган ва бу ҳаракатга янги аъзоларни ёллаш билан шуғулланганлар.

- Биздаги маълумотларга кўра, Исфара туманида қўлга олинган ва ўлдирилган ЎИҲ аъзоларининг ҳаммаси Покистон ва Афғонистон каби хорижий давлатларда махсус тайёргарликдан ўтган. Улар вилоятда қўпорувчилик амалиётларини амалга оширишга тайёргарлик кўришган, -дейди Исфара туман ички ишлар бўлими раҳбари Абдувосит Қозиев.

Аммо маҳаллий таҳлилчи Абдурасул Мўминов республикада ЎИҲ фаолияти ҳақида кўп гапирилаётгани билан шу пайтгача уларга нисбатан қўйилган айблар аниқ далиллар билан тасдиқланмаганини айтади.

- Неча йилдирки, жумҳуриятда ЎИҲ ҳақида катта шов-шувлар кўтарилаяпти, қанчадан-қанча тожикистонлик қамалмоқда. ЎИҲ ёки Туркистон исломий ҳаракати дейишади. Лекин уларниг ёнидан буни тасдиқловчи ҳужжатлар топилгани йўқ. Аслини олганингизда бизнинг мамлакатимиз учун бу ташкилот бир ёт-бегона нарса. Ахир ёш тожикларнинг ЎИҲга нима алоқаси бор? Шу пайтгача қўлга олинганларнинг аксарияти тожиклар-ку, дейди Абдурасул Мўминов.

Унинг сўзларига кўра, ёш йигитларнинг ЎИҲ аъзоси дея узоқ муддатларга кесилиб кетиши нафақат унинг оила аъзоларининг, балки бошқа одамларнинг ҳам нафратини оширмоқда. Тожикистонда ЎИҲ хақида кўп одамлар умуман билишмайди. Бу расмийларнинг аҳолини қўрқитиб, жиловда ушлаб туриш сиёсатларидан бири.

Исфара тумани Чоркўҳ қишлоғидаги масжитнинг имом-хатиби Саид Мухаммад Рашид ҳам бу фикрни давом эттирар экан, ёшларнинг турли гуруҳларга қўшилиб кетишига ҳукумат томонидан олиб борилаётган нотўғри сиёсат сабаб бўлаётганини айтади.

- Мен бирорта фирқага аъзо эмасман. Шу боис Тожикистоннинг бир фуқароси сифатида айтмоқчиманки, сўнгги йилларда республикада куч ишлатар тизимлари томонидан диндорларга тазйиқ ўтказиш кучайган. Жумладан, қишлоқда мадраса мавжуд эди. Лекин ҳукумат вакиллари саккиз йил олдин Афғонистонда қўлга олинган исфаралик айнан шу мадрасада ўқиган ва бу илм даргоҳи террорчиларни тайёрлайди, дея ёпишди. Биринчидан, у Исфара шаҳрида яшаган ва Чоркўҳ қишлоғига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Боз устига, расмийлар шахсий мадрасаларни ҳам ёпишди. Энди бу ёшлар қаерга боришсин, қаерда Қуръони Каримни тиловат қилишсин. Улар мажбур ҳар хил гуруҳлар, ташкилотларга аъзо бўлишади. Оқибатда улар шу йўл билан бугун куч ишлатар тизимлари ва хукуматга ўз норозиликларини намойиш этишмоқда. Иккинчи томондан, хотин-қизларимизнинг ҳижоб кийиши тақиқланган. Энди бўлса, соқол қўйиш хам мумкин эмас. Ахир соқол қўйган киши террорчи бўладими? Хулоса қилиб айтиш мумкинки, давлат томонидан диндорларга нисбатан қўйилаётган тўсиқлар, тазйиқлар одамлар орасида норозиликлар келтириб чиқармоқда, дейди чоркўҳлик имом-хатиб.

Таҳлилчи Содиқ Муҳаббатов эса Тожикистонда диндорларга тазйиқ ўтказиш қўшни Ўзбекистонда бошланган кампаниянинг давоми бўлиб қолаётганини айтади.

- Масалан, Ўзбекистонда барча исломийларни бараварига қамай бошлашди. Бу билан ЎИҲ, Ҳизбут-Таҳрир ёки ваҳҳобийлик каби оқимлар заифлашмади, аксинча тарафдорлари купайиб бормоқда. Бугун Тожикистонда ҳам худди шундай вазият вужудга келмоқда. Назаримда, анъанавий ислом уламоларига кенг йул очиб бериш керак. Чунки бизда ҳақиқий исломни тушунтириб берадиган уламолар учун катта минбар йуқ, - дейди Содиқ Муҳаббатов.

Қайд этиш жоизки, Сўғд вилоят судида ўтказилган маҳкама мажлисларида ЎИҲнинг аъзолари дея гумон қилинган шахсларнинг бирортаси ўз айбларига иқрор бўлмаганлар.

Исмини ошкор қилмаслик ва овозини эшиттирмаслик шарти билан гапирган конибодомлик суҳбатдошнинг айтишича, Исфаранинг Чоркўҳ қишлоғида террорчиларни тайёрловчи яширин мактаблар мавжуд.

“Бир ой олдин Конибодомда бир воқеа гувоҳи бўлдим. Яқин танишларим фарзанди йўқолганлигини айтишди. Маълум бўлишича, август ойида улар ўғлини Чоркўҳдаги шахсий мадрасага ўқишга олиб бориб қўйишган. Орадан бир ой ўтиб, улар ўз юмушлари билан Исфарага боришади. Шу баҳона билан фарзанддини ҳам кўришмоқчи бўлишади. Шахсий мадрасага боришганда, “Ўғилларинг бир хафтадирки йўқолиб қолди, қаерда эканлигини ҳеч ким билмайди”, дейишган. Орадан 17 кун ўтгач, фарзанди оч-юпун холда уйга кириб келган.У ота-онасини кўриб, “Илтимос, мени мадрасага қайтариб жўнатманглар.У ерда Қуръони каримни ўргатишмайди. Ҳар куни карате ва бошқа кураш усулларини ўргатишади.Тўппончадан отишни, тоққа чиқишни ўргатишади. Агар айтганларини ижро қилмасанг, калтаклашади”, дея йиғлай бошлаган, дейди конибодомлик суҳбатдошимиз.
XS
SM
MD
LG