Линклар

Каримов Кремл билан иттифоқчиликни унутди

  • Фаррух Юсуфий

Медведев Кремлга келганидан бери Тошкент-Москва муносабатларида таранглик кузатилмоқда.

Медведев Кремлга келганидан бери Тошкент-Москва муносабатларида таранглик кузатилмоқда.

Дмитрий Медведев Ислом Каримовга Россия ва Ўзбекистон ўртасида Иттифоқчилик шартномаси имзоланганининг 5 йиллиги муносабати билан табрик йўллади. Ўзбекистон раҳбари бу табрикномага нафақат жавоб йўлламади, балки Кремл раҳбарининг табриги ўзбек матбуотининг диққатидан ҳам четда қолди.


Дмитрий Медведевнинг табрикномаси “Шартнома Россия-Ўзбекистон алоқаларининг ҳар томонлама, изчил ривожланишининг давом этишида муҳим аҳамият касб этади”, деган сўзлар билан бошланади.

Ўзбекистон билан Россия ўртасида Иттифоқчилик алоқалари тўғрисидаги шартнома Андижон воқеаларидан кейин 2005 йилнинг 14 ноябрида имзоланган эди. Шартномага қўл қўйгани Москвага борган президент Каримов Москва билан иттифоқчилик алоқалари ўрнатилаётганидан ўта бахтиёр эканини баён қилган эди.

- Биз бугун ўзаро муносабатларни мисли кўрилмаган даражага кўтаряпмиз. Россиянинг Ўзбекистон билан иттифоқчилик алоқалари тўғрисидаги шартномани имзолаши мисли кўрилмаган ҳолат эканини мен тушунаман ва буни ўзбекистонликлар ҳам жуда яхши тушунади, деган эди Каримов.

Битимнинг имзоланиши Андижон воқеаларидан кейин халқаро танқидлар остида қолган Ўзбекистон ҳукумати дилига оро кирди. Каримовнинг “Энди бизга ким думини кўтарса, бу дум Россияга қарши кўтарилгандай ҳисобланади”, деган гапи ҳам ана шу шартнома ҳақида эди.

Ҳар йили шартнома имзоланган сана муносабати билан Кремл билан Оқ сарой ўзаро мулозаматлар алмашиб келаётган эди. Хусусан, ўтган йили шартнома имзоланганининг тўрт йиллиги муносабати билан Ўзбекистон журналистлари орасида икки давлат ўртасидаги муносабатларни мадҳ этувчи мақолалар ёзиш бўйича танлов ҳам эълон қилинганди.

Бу йил эса, президент Каримов нафақат Россия билан имзолаган иттифоқчилик шартномасини ёддан чиқарди, балки ўзбек матбуоти Россия раҳбари юборган табрикномани эълон қилишни ўзига эп кўрмади.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими директори Андрей Грозин фкирича, Андижон воқеаларининг яралари битган сари Ўзбекистон раҳбари Кремл билан келишилган иттифоқчиликни ёддан чиқара бошлади. Бундан ташқари, ҳозирда Ўзбекистон ичкарисидаги вазият Москва билан ортиқча мулозаматга вақт қолдираётгани йўқ, дейди москвалик таҳлилчи.

- Икки давлат ўртасида на иқтисодий, на ҳарбий ва на бошқа соҳалардаги ҳамкорликни иттифоқчилик, деб атаб бўлади. Бу ҳақиқатга айланган фактдир. Ўзбекистон раҳбари бу санани ёддан чиқарганига келсак, айтишларича, ҳозирда Ўзбекистон ичкарисида мушкул вазият юзага келган ва Ислом Абдуғаниевичнинг турли табрикномалар юборишга кайфияти бўлмаса керак. Ҳар қалай Россияда ҳозир бу ҳақда кўп гапирилмоқда ва жаноб Медвдев жавоб табригини олмаганидан жуда ҳафа бўлган, деб ўйламайман.

Грозиннинг айтишича, ҳозирда Москвада ҳам, бошқа пойтахтларда ҳам Ўзбекистонда яқин орада туб ўзгаришлар рўй беришини кутишмоқда.

- Билишимча, Кермлда ҳам, Қозоғистоннинг Оқ Ўрдаси ёки Ғарбда ҳам Тошкентдан қандайдир хабарлар келишини кутишмоқда. Масалан, Ислом Абдуғаниевич, келаси бир-икки йил, ёки айтайлик беш-ўн йилда нима қилмоқчи, деган савол ҳаммани қийнамоқда. Чунки ҳозирча Ўзбекистоннинг яқин ёки узоқ муддатли сиёсати қандай бўлишига оид жавоблар йўқ. Шунинг учун ҳозир ҳамма кутиш тактикасини қўлламоқда. Албатта, ҳеч ким буни очиқчасига гапирмаётган бўлса-да, Ислом Каримовнинг ўрнига ким келади, деган савол ҳозир Россия учун ҳам, Европа Иттифоқи учун ҳам долзарб масалага айланган, дейди Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими директори Андрей Грозин.

Ўзбекистон билан Россия ўртасида Иттифоқчилик алоқалари тўғрисидаги шартнома имзоланганидан бери, расмий Тошкент Россия назоратидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Евроосиё Иқтисодий ҳамкорлигига аъзо бўлди. Ўшандан бери Ўзбекистон Евроосиё Иқтисодий ҳамкорлигини тарк этишга улгурди, ҳамда кейинги йилларда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти тадбирларидаги иштирокини кескин чеклади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG