Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:15

Сил - камбағалнинг касали


Мутахассисларга кўра, сил касаллигининг асосий сабабларидан бири сурункали равишда тўйиб овқат емасликдир.
Мутахассисларга кўра, сил касаллигининг асосий сабабларидан бири сурункали равишда тўйиб овқат емасликдир.

Ўзбекистонда 2009 йилда 21 ярим мингга яқин сил касаллигига чалинганлар қайд этилди. Бу ҳақдаги ҳисоботни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чиқарди. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда сил касаллигининг асосий сабабларидан бири аҳолининг тўйимли овқатлар билан озиқланмаслигидадир.


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, 2009 йилда Ўзбекистонда 21.453 нафар сил касаллиги билан оғриган беморлар қайд этилган. Шундан 16.569 нафари илк марта рўйхатга олинган. Ўзбекистонда йилига ҳар 100 мингдан 19 киши сил касаллигидан вафот этмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари бу рақамларни изоҳлашдан бош тортди. Лекин ЖССТнинг ҳисоботлари асосан Ўзбекистон расмийлари тақдим этган маълумотларга асосланиши инобатга олинса, рақамлар ҳукумат нуқтаин назарига яқин эканини айтиш мумкин.

Глобал жамғарма минтақа давлатлари қаторида Ўзбекистонга ҳам сил касаллигига қарши кураш дастурлари учун кўп миллион долларлик грант ажратган. Ташкилотнинг Марказий Осиё дастурлари бўйича раҳбари Андреас Тамберг ЖССТ келтирган рақмларни асосли деб ҳисоблайди:

- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти келтирган рақамлар бизнинг ташкилотимиз олаётган рақамларга мос келади. Мен Ўзбекистондаги сил касаллиги билан боғлиқ вазиятни жиддий, деб атаган бўлардим. Лекин бунга қарши самарали кураш олиб бориляпти. Шу кунларда биз сил касаллигининг турли дориларга чидамли бўлган кўринишларига қарши кураш олиб боряпмиз. Биз Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги илтимосига биноан иккинчи тур дориларни қўллаш программаси бўйича иш олиб боряпмиз,- дейди Андреас Тамберг.

Глобал жамғарма мутахассиси сил касаллигининг келиб чиқиши Кох таёқчаси сингари биологик томирларга эга бўлса-да, бу асосан қашшоқлар касаллигидир, дея давом этади:

- Биласизми, одатда бойлар бу касалга чалинмайди. Аслини олганда бу касаллик даволанишга имкони ва маблағи бўлмаган одамларнинг касали. Агар одамларнинг ҳаёти иқтисодий жиҳатдан яхшиланиб борса, бу касаллик ҳам ўз-ўзидан йўқола бошлайди,- дейди Глобал жамғарманинг Марказий Осиё дастурлари бўйича раҳбари Андреас Тамберг.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Гулистон қишлоқ врачлик пункти шифокори Абдураҳим Бозоров ЖССТ эълон қилган маълумотлар сил касаллигига оид вазиятга мос келишини айтади. Шифокорга кўра, сил касаллиги билан оғриган беморларнинг рўйхатда кўпайиши, замонавий ташхис технологияларининг пайдо бўлиши билан боғлиқ:

- Энди сил касаллиги билан олдинги даврларга нисбатан ҳозир диагностика яхшиланди-да. Диагностика деганимиз илгари мана СССР даврида ëппасига рентген қилар эди. Лекин фақат битта рентген билан аниқлаб бўлмайди, битта ўпкада яшамайдида бу сил касаллиги. Сил касаллиги бутун организмда, оддий томоқда ëки бурунда, ичакларда, суякларда бўлиши мумкин. Рентген фақат ўпкадаги сил касаллигини кўрсатади. Охирги вақтда диагностиканинг бошқа йўллари кўпайиб кетганлиги учун касалликни аниқлаш кучайди ,-дейди Абдураҳим Бозоров.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида айтилишича, сил касаллиги тўйиб овқат емайдиган, иқтисодий аҳволи ночор бўлган мамлакатларда кўп урчийди. Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги исми сир қолишини сўраган қишлоқ дўхтирларидан бирининг айтишича, сил касаллиги асосан ирсият билан боғлиқ ва халқ тилида айтилганидек суяк суради:

-Сил касаллигининг тарқалиши биринчи навбатда бу ирсий касаллик ҳисобланади. Ирсий касаллик наслдан наслга ўтадида. Мисол учун ота-онасидан олдинги етти уруғида бўлса, бу наслдан наслга ўтиб кетаверади. Генетик касалликда бу, -дейди чироқчилик шифокор.

Бироқ чироқчилик шифокорнинг бу гапларини самарқандлик Абдураҳим Бозоров рад этади:

- Авлоддан авлодга ўтмайди. Сил касаллиги атроф-муҳитда, касаллик ўчоқлари дейди, масалан асосан балғамдан чиқади. Битта касал бўладиган бўлса, ўзи айланадиган кўчаларга балғамни ташлайверади. Ўша кўчадан ўтиб қайтадиган ëш организмларга бу касаллик чанг билан бориб туриб организмга тушади. Микроб бориб суякка ўрнашиши мумкин, ичакларга ўрнашиши мумкин, томоққа ўрнашиши мумкин, ўпкага ўрнашиши мумкин. Одамларнинг озиқ-овқатни кам истеъмол қилаяпти дегани организм кимники слабийроқ бўлса, қайси организм слабийроқ бўлса, касаллик ўшанга тезроқ ўрнашади. Мен яшаëтган жойда ҳам касаллик ўчоқлари бор. Бориб одамларга тушунтираман дейман. Кўпроқ буни ўқитувчиларга, тиббиëт соҳасидан хабардор бўлган одамларга кўпроқ ўргатиш керак. Оддий одамларга бу нарсани тушунтириш анча қийин бўлаяпти,-дейди Абдураҳим Бозоров.

Шифокорга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда сил касаллиги кўпайибди ёки эпидемия бўлибди, дейишга ҳеч қандай асос йўқ. Қашқадарёлик шифокор ҳам бундай касаллик жуда кам кузатилаётганини айтади:

- Бизларда ўлим кўрсаткичи ҳозирча қайд қилингани йўқ. Чунки Ўзбекистонда ҳозир чақалоқларни икки-беш кунлик оралиғида сил касаллигига эмлаш бўлади. Кейин етти ëшида иккинчи марта эмланади. Кейин 15-16 ëшида яна эмланади. Онда-сонда учрайдию, мен ишлаган яқин 30 йил ичида бунақа гаплар бўлгани йўқ. Қари одамларнинг ўртасида сил билан ўлганлар бўлади. Ëшларнинг ўртасида бунақа нарса бўлгани йўқ. Ҳозир мактабларни кўрамиз, ҳеч қандай касаллик ҳолати кузатилмаяпти, -дейди қашқадарёлик шифокор.

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги сил касалликлари шифохонасида ишлайдиган тиббиёт ҳамшираси Барчинойга кўра, сил касаллигининг оғир формаси билан оғриган беморлар аввалгига нисбатан анча камайган:

- Олдин роса кўп эди. Ҳозир анча камайиб қолди. Пилуси йўғу, минуслар бор.

Озодлик: Нима дегани у?

- Пилуси оғирроғи. Қон ташлаб нима бўладигани. Минуси яхши, муомалада бўлсангиз бўлаверади. Ҳозир олдингидай қон ташлайдиганлар йўқ. Ҳозир минуслар кўпроқ. Ҳозир қизларини ҳам шунақаларга эрга беришяпти. Ишга кирганлар турмушга чиқиб кетаяпти шуларга. Шунақа бўлиб қолди ҳозир. Ҳозир бизнинг болницамиз санатория бўлдида. Олдингидай жуда оғирлар келмайди.

Озодлик: Қишлоқларда касаллик борми?

-Қишлоқларимизда йўқ. Яширинча бўлиши мумкин.

Барчинойга кўра, ўзбекларда сил касаллиги билан оғриганлардан ҳазар қилиш одати бор. Шунинг учун ҳам бу касалликни иложи борича яширишга ҳаракат қиладилар ва кўп ҳолатларда ўзлари мустақил даволашга ҳаракат киладилар:

- Мени уколга чақиришганда боғда ўтиришган экан. Чақиришди укол қилгани. Қўшнимизни боққа олиб бориб қўйишибди. Ишга кетаëтсам, “Укол қилиб қўйинг аямни” дейишган эди. Ҳалиги хотинни кўриб қўрқасизда. Терининг ўзи қолганда. Ўша хотин ҳозир семириб яхши бўлиб кетди. Итни гўшти ва ёғи яхши қилиб юборди шуни. Ҳозир докторнинг кераги ҳам бўлмай қолаяпти шекилли. Олдин итларни олиб келиб ташларди. Ҳозир ит ҳам кўринмай кетди. Итнинг боласини ҳам топа олмайсиз ҳозир. Еб қўйишаяпти. Қачон палатага кирсангиз, тоғораларда гўштларни тузлаб ўтиришади. “Ҳа, яна сўйибсизларда” деб чиқиб кетаверамиз. Ҳозир итни олиб бориб ташласангиз, еб қўйишаяпти,- дейди Барчиной.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига кўра, сил касаллиги Ўзбекистон қамоқхоналарида жуда кўп тарқалган. Айниқса диний айбловлар билан қамалган маҳбусларга бу касаллик атайлаб юқтирилади,-дейди бешдан ортиқ қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаган собиқ тутқун Муҳаммадсолиҳ Обутов:

- 20 киши этап бўлганмиз Навоийдан 2002 йилда сангородга. 10та Ҳизбут-Таҳрирнинг болалари эди, 10та ваҳҳобий деб ҳисобланадиганлар. Бир кечанинг ўзида шундай чақириб олиб, поездга миндириб олиб кетди. 46дан сангородга бориш, катта пул тўлаб бора олмайдиган жойда бу. Шунга бора олмайдиган 20та одамни олиб бориб, энг оғир формали сил касаллиги бор беморлар орасига қўйди бизларни. Шулар билан бир ой турдик. Кейин ҳар кимни ҳар ëққа этап қилиб юборди. Бизлар кейин тушундик уни. Махсус “шулар ҳам шундай касалдан насибаси бўлса олсин” деб олиб борилган эканда. Лекин Оллоҳ асраб, масалан мен сил касал бўлмадим шу ерда. Бир ой шуларнинг ичида бўлдим. Кўзимнинг олдида ўлар эди одамлар. Овқатдан қолган, озиб-тўзиб кетган, суяги чиқиб кетган эди одамларнинг. Минг-минглаб одамлар. Ҳамма тупуриб юради. Қўлида банкаси бор. Ўпка тамом бўлган. Мана шунақа шароитлардаги одамларни кўрганман. Ҳамма зонада бор касал бу,-дейди собиқ тутқун Муҳаммадсолиҳ Обутов.
XS
SM
MD
LG