Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:42

Ўзбек темирйўлсозлари афғон темир йўли қурилишини битказди


Афғонистоннинг Балх вилоятида маъмурий марказ бўлган Мозори Шариф билан чегараолди Ҳайратон шаҳрини боғловчи темир йўл қурилиши ниҳоясига етди. Қарийб 130 миллион АҚШ долларига тушган бу лойиҳа ўзбекистонлик темир йўл қурувчилари томонидан амалга оширилган.

Умумий узунлиги 75 километрни ташкил қилган мазкур темир йўл қурилиши лойиҳаси ўтган йили ишлаб чиқилган, қурилишнинг ўзи эса жорий йил баҳорида бошланганди.

Осиё тараққиёт банки молиявий кўмагида амалга оширилган лойиҳанинг техник жиҳатига Ўзбекистон ширкати масъул бўлган.

Бу Афғонистонда сўнгги йилларда темир йўл қурилиши бўйича амалга оширилаётган иккинчи йирик лойиҳадир. Эслатиб ўтамиз, 2001 йилда эронлик темирйўлсозлар томонидан қурила бошлаган Ҳаф-Ҳирот темир йўли 2008 йилда фойдаланишга топширилганди.

Таҳлилчилар Мозори Шариф-Ҳайратон темир йўли Ўзбекистон учун ўта муҳим бутоққа айланишини тахмин қиладилар. Хусусан, айни темир йўл Афғонистонга ташилажак транзит юклар борасида Ўзбекистонни монополистга айлантириши мумкинлиги айтилмоқда. Бунда ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган Термиз-Ҳайратон темир йўли қўл келади.

Бироқ, таҳлилчиларга кўра, бу лойиҳадан энг кўп фойда кўрадиган барибир Афғонистон бўлади. Буни афғон расмийлари ҳам, жумладан, темир йўл лойиҳаси натижаларини кўриш учун Балхга махсус сафар қилган Афғонистон шаҳарсозлик вазири Абдул Қуддус Ҳамидий ҳам эътироф этди.

- Биз иқтисодиётимиз учун ўта аҳамиятли бўлган темир йўл қурилиши поёнига етганидан жуда шодмиз ва бу бутоқни келажакда янада кенгайтиришга умид қиламиз, - деди Абдул Қуддус Ҳамидий.

Афғонистонлик вазир, шунингдек, келажакда мазкур йўлни Ҳирот вилоятигача узайтириш режалаштирилаётганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG