Линклар

logo-print

“Ҳайит байрамида пенсияларимиз берилмади”


Ўзбекистонлик мусулмонларнинг гувоҳлик беришларича, бу йилги Ҳайит намозида мамлакат масжидларида намозхонлар ҳар йилгидан кўпроқ бўлган.

Ўзбекистонлик мусулмонларнинг гувоҳлик беришларича, бу йилги Ҳайит намозида мамлакат масжидларида намозхонлар ҳар йилгидан кўпроқ бўлган.

Дунёдаги барча мусулмонлар каби ўзбекистонликлар ҳам бугун Ийд ул-Адҳа – Қурбон байрамини нишонламоқдалар. Аммо уларнинг байрам дастурхони бир-бировидан тамоман фарқ қилади. Дейлик, кимнингдир дастурхонида қурбонликка сўйилган қўй гўштидан палов, кимдир ҳайитда қовурилган картошка-пиёз билан кифояланмоқда.


Қўқонлик Бахтиёр билан ҳайит намозидан қайтганида суҳбатлашдик:

- Намозга чиқиб келдик ҳозир. Ҳар галгидан ҳам одам кўп, - дейди қўқонлик Бахтиёр.

Суҳбатдошимиз ҳайит намозидан сўнг ширинлик олгани бозорга тушганлигини айтади:

- Ҳамма бугун нарса оладиган кун. Шунинг учун анча-мунча нарх кўтарилган. Кўп эмас, сал кўтарилган, - деди Бахтиёр.

Суҳбатдошимизга кўра, Қўқонда бугун қурбонлик тарқатганлар кўп бўлган.

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи суҳбатдошимиз Неъмат ака бу йил ҳайит намозларини ўқиш тумандошлари учун қийинчилик туғдирганини гапиради. Унга кўра, Қурбон ҳайитида туманнинг маҳаллалардаги масжидлар берк бўлиб, мусулмонлар туман марказидаги масжидларга йўл олишган.

- Илгари ҳайит намози Қўрғон масжидида ўқилар эди. Икки мартадан бери бундай ўқиб бўлмаяпти. Бугунги намозни Оппоқ деган масжидда ўқидик. Оёғининг тагида улови бўлмаганларга, оёғи оғрийдиганларга қийин-да. Унақаларни мен масжидда кўрмадим. Олдинги ҳайит намозларида кўрар эдим. Саждага бош қўйишга қийналса ҳам, ўзининг яқинидаги масжидга чиқишиб, ҳайит намозида қатнашар эди. Ҳозир, минг афсуски, уларда бундай имконият йўқ. Домланинг маърузасига келадиган бўлсак, ўша эски гап, фақат шу қолипдаги гап. “Юртбошимиз тинч бўлсин” дейди, “мелиса ходимларига раҳмат”, дейди. Мана шу, - дея бугунги ҳайит намози таассуротлари билан ўртоқлашади Неъмат ака.

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони, кўзи ожиз Нишон ака ҳар ойнинг 12-куни нафақа пулини олар эди. Ноябр ойида нафақа пули кечикканлиги унинг ҳайит дастурхонига таъсир этди:

- Ҳайит байрамида пенсияларимиз берилмади. Уйда ўтирибмиз, дастурхонимизда ҳеч нарса йўқ. Уйда борини қовуриб еймиз - картошка, пиёз. Пенсияни бериш керак эди. Ўтган йили фермерми, корхона раҳбарими - гўшт-пўшт тарқатган эди. Бу йил йўқ шу нарса, - дейди биринчи гуруҳ ногирони Нишон ака Хушвақтов.

Тошкентдаги 6-туғруқхонада бир неча йилдан буён ишлайдиган дояга кўра, Қурбон ҳайити куни тушликка қадар бир чақалоқ туғилган. Унинг исмини бобо-бувиси шу кунларда қўйишар экан.

- “Ҳайитбой” деб қўйишар эди. Лекин ҳозир ҳайитда туғилганларга исмларни мослаштириб, домлалар билан гаплашишиб (ҳозирги ёшларни кўрасиз-ку, Ҳайитбой деб қўйишмайди ҳам), ҳайитга мос исмларни қўйишади. 16-число куни Иброҳимова деган аёл соат 3 да ўғил туққан, - деди тошкентлик доя.

Ўзбекистонликларнинг аксарияти Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишга ҳаракат қилса-да, кўпинча бунинг уддасидан чиқа олмаяпти. Атайин қурбонлик учун йил давомида қўзичоқ олиб боқиб, ўстирган қўйни қурбонликка келтириш шу кунда аксар ўзбекистонликлар учун орзу бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG